"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

25 мaй, жума.

ИЖОДИЙ ЮКСАЛИШ ВА ИЛҲОМ ПАЛЛАСИ

Маданият
Tipografiya

Фестиваль

ИЖОДИЙ ЮКСАЛИШ ВА ИЛҲОМ ПАЛЛАСИ

Шаҳрисабзда илк маротаба республика ёш ижодкорларининг "Ўзбекистон баҳори" ижод фестивали ташкил этилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи муассислигидаги Республика ёш ижодкорлар кенгаши томонидан Ёзувчилар уюшмаси, Миллий телерадиокомпания, Матбуот ва ахборот агентлиги, Бадиий академия билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур ижодий фестивалда 100 дан зиёд истеъдодли ёшлар шеърият, наср, драматургия, публицистика, бадиий таржима ва тасвирий санъат каби жами 6 та йўналишда ўз ижодий ишлари билан қатнашди.

Қайд этиш жоизки, мазкур тадбир ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат туйғусини янада мустаҳкамлаш, ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш, энг яхши ижодий ишларни оммалаштириш каби мақсадларни кўзлайди.

Иштирокчилар ҳар бир йўналиш учун Амир Темур хиёбони, Оқсарой мажмуаси ҳамда "Беруний" болалар соғломлаштириш оромгоҳида ажратилган павильонларда ўз ижод намуналарини очиқ осмон остида ҳайъат аъзолари ва бевосита кенг омма эътиборига ҳавола этишди.

- Фестивалда бадиий таржима йўналиши бўйича қатнашдим, - дейди самарқандлик Мадина Раҳматуллаева. - Тенгдошларим ишлари билан танишарканман ҳали ўз устимда кўпроқ ишлашим, чет тилларини янада мукаммал ўрганишим лозим эканлигини англадим.

- Ушбу тадбир ҳақиқий ёшлар байрамига айланди, - дейди хоразмлик ижодкор Отабек Манглиев. - Илгари интернет тармоғи орқали ёзганларимизни муҳокама қилиб, фикр алмашардик, лекин у мулоқот бугунгидай самимий бўлмас бир-биримизни кўриб, яқиндан билиш, ҳис-туйғуларимиз, қизиқишларимиз билан танишиш имконини бермасди. Шеърият йўналишида 3 босқичли танловда қатнашдик. Ўзаро муҳокамалар, ижодий жараён жуда самарали бўлди.

Фестиваль ғолиблари эсдалик совғалар билан тақдирланди. Энг яхши иштирокчиларнинг ижодий ишлари китоб ҳолида нашр этиладиган бўлди. Шунингдек, фаол ижодкорлар йил якунида бўлиб ўтадиган "Тошкент илҳомлари" ҳисобот фестивалида иштирок этиш учун "Олтин чипталар" (Golden tickets)га ҳам эга бўлишди.

 

 С.АЛЛАЁРОВА