"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

ТАНЛОВЛАРДА ТОБЛАНГАН ИСТЕЪДОДЛИЛАР МАСКАНИ

Маданият
Tipografiya

Санъат

ТАНЛОВЛАРДА ТОБЛАНГАН ИСТЕЪДОДЛИЛАР МАСКАНИ

 Яқинда Ўзбекистон давлат консерваториясида “Наврўз садолари” IV халқаро халқ чолғулари оркестрлари ва кўп овозли ансамблларнинг мусиқа кўрик-фестивали бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этган ушбу тадбирда ўзбекистонлик ёш мусиқачилардан ташқари Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Мўғулистондан келган 700 нафар ёш ижодкорни ўзида жамлаган жамоалар иштирок этди.

Аҳамиятли жиҳати, фестивалда Қарши санъат коллежининг 40 нафар истеъдодли ёшларидан иборат халқ чолғулари оркестри жамоаси III даражали диплом ҳамда ғолиблик сертификатини қўлга киритди.

Оркестр раҳбари, мазкур коллеж ўқитувчиси Аббос Аҳмедов эса бирйўла учта соврин – Швейцария элчихонасининг махсус соврини, “Энг матонатли дирижёр” номинацияси ҳамда  III даражали диплом билан тақдирланди.

- Оркестримиз аъзолари ёш ўқувчилардан ташкил топганига қарамай, ўзига хос маҳорат намойиш этди, - дейди Аббос Аҳмедов.  – Танлов давомида учта йирик асарни ижро этдик ва олқишлар олдик. Албатта, бундай натижага эришишимизда оркестримиз ҳар бир аъзосининг  муносиб ҳиссаси бор. Бу жамоамиз фаолиятидаги илк катта ютуқ бўлди. Эндиликда янада қаттиқроқ ишлаб, бундан-да юксак натижаларга эришишга ҳаракат қиламиз.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Қарши санъат коллежида кўплаб истеъдодли ёшлар таълим олмоқда. Буни уларнинг қатор халқаро ва мамлакат доирасидаги танловлар, фестивалларда муносиб иштирок этиб, юқори ўринларни қўлга киритаётганида ҳам кўриш мумкин.

Жумладан, коллежнинг 3-босқич ўқувчиси Сирожиддин Саидов жорий йилнинг март ойида Германиянинг Берлин шаҳрида ўтказилган “Шаҳар юлдузи” халқаро тадбирида танбурда куй ижро этиб, 1-даражали диплом билан тақдирланди.

Шунингдек, жорий йилнинг  23 – 29 апрел кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “Истеъдод” II халқаро танловида коллежнинг 2-босқич ўқувчиси Малика Поёнова анъанавий хонандалик йўналиши бўйича 1-ўринни қўлга киритган бўлса, худди шу йўналишнинг 3-босқич ўқувчилари Феруз Поёнова ҳамда Зуҳриддин Шукруллаев III даражали диплом билан тақдирланишди.

Аҳамиятли жиҳати, бу соврин ушбу ўқувчиларга Ўзбекистон давлат консерваториясига имтиёзли равишда ўқишга кириш ҳуқуқини ҳам беради. Қолаверса, коллежнинг яна бир ўқувчиси Анвар Мирзаев ҳам 1-5 май кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган ёш мусиқачиларнинг “Санъат ғунчалари” халқаро танловида саксофон тенор мутахассислиги бўйича II даражали диплом билан тақдирланиб, юқорида номи келтирилган олий таълим муассасасига имтиёзли равишда ўқишга кириш ҳуқуқини қўлга киритди.

Бундан ташқари, коллежнинг бир гуруҳ ўқувчилари апрель ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Фарруҳ Мирусмонов” номидаги ёш созандалар III Республика танловида ҳам муносиб иштирок этишди. Ушбу танловда ёш истеъдод эгалари Латиф Эминов доира ҳамда Рамзиддин Тўраев най мутахассислиги бўйича 1-ўринни қўлга киритган бўлса, Самандар     Муҳаммадиев ғижжак альт ҳамда Алибек Мадатов ғижжак йўналишида иккинчи, Рустам Инатов эса прима рубоб йўналишида 3-ўрин билан тақдирланди.

Албатта, ўқувчи ёшлар томонидан қўлга киритилаётган бундай ютуқлар коллежда кўплаб истеъдод эгалари етишиб келаётганини       англатади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ