"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 июнь, пайшанба.

ТАРИХ ҲАҚИДАГИ ЁРҚИН ТАСАВВУРЛАР НУҚТАСИ

Маданият
Tipografiya

18 май – Халқаро музейлар куни

ТАРИХ ҲАҚИДАГИ ЁРҚИН ТАСАВВУРЛАР НУҚТАСИ

Музейлар – тарих кўзгуси. Халқ ўтмиши, урф-одат ва анъаналари, турмуш тарзини ифода этувчи неки бўлса, шу ерда жамланади. Халқнинг маънавий дунёсини бойитиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ҳам музейларнинг ўрни беқиёс. Шу боис ҳар йили 18 май – Халқаро музейлар куни сифатида бутун дунёда кенг нишонланади. Бу кунда музейлар фаолиятига кенг эътибор қаратилиб, маданий-маърифий, “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари ташкил этилади.

Эътиборга молик жиҳати, вилоятимизда ҳам музейлар сони ва улар ихтисослашув доираси кенгайиб бормоқда. Хусусан, шу яқин кунларгача ҳудудда Қарши шаҳридаги вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи ҳамда  Шаҳрисабздаги Амир Темур номидаги моддий маданият тарихи музейи фаолият юритиб келган бўлса, энди Яккабоғ туманидаги Хўжаилғор қишлоғида ташкил этилаётган Амир Темур оиласи, болалиги ва ҳаёт йўлини акс эттирадиган музей, Қарши тумани Қовчин қишлоғидаги Абул Мўъийн ан-Насафий мажмуасида калом илмининг мустақил фан сифатида ривожланиши, ислом дунёсида мотуридия таълимотининг кенг тарқалиши йўлида иш олиб борган аллома ҳақидаги маълумотлар, унинг асарлари тўпланадиган музей, Қарши давлат университети тузилмасида очиладиган ҳамда Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ зиёратгоҳида жойлашадиган ва мустабид тузум қатағонлари оқибатларини ўзида жамлаган Қатағон қурбонлари хотираси музейи ҳеч бир кишини беэътибор қолдирмайди. Қарши шаҳридаги “Ватанпарвар боғи”да ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мактаб ўқувчиларида ҳарбий касбга ҳавас уйғотиш мақсадида қадимий ва замонавий ҳарбий техникалар, қурол-яроғ нусхалари жамланган музей ҳам муҳим йўналишга эга бўлади.

Мақом санъатининг миллий ўзликни англаш, маданиятни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимиз, аввало, ёш авлодни юксак инсоний туйғулар руҳида тарбиялаш, унинг эстетик диди ва тафаккурини юксалтиришдаги ўрни беқиёс. Шунга мувофиқ, Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой майдонининг тарихий қисмида мақом санъатига бағишланган музей ва марказ ташкил этилаётгани санъат ихлосмандлари, мутахассислар томонидан кенг олқишланди. Бу ерда ўзбек мақом санъати усталари суратлари, ижод намуналари, мусиқа чолғу асбоблари жойлаштирилади.

Шунингдек, ижодкорлар фаолиятига бағишланган музейлар ҳам эътиборга молик. Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Ойбек уй-музейлари мамлакатда қанча машҳур бўлса, энди улар қаторидан Абдулла Орипов музейи ҳам муносиб ўрин олади. Президентимиз ташаббуси ва кўрсатмаси асосида барпо этилган бу музей Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов номидаги  она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида жойлашган.

Бир сўз билан айтганда, вилоятимизда янги ташкил қилинган ва яқин келажакда очилиши мўлжалланган бу музейлар воҳа ҳаёти билан янада ёрқинроқ танишиш имконини беради. Қолаверса, ихтисослашган музейлар сайёҳлар оқимини кўпайтиришда ҳам муҳим ўрин тутишини эсдан чиқармаслик керак.

С.АЛЛАЁРОВА