"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

17 август, шанба.

МАҚОМ САНЪАТИ ТАРИХИДА ИЛК МАРТА

Маданият
Tipografiya

Қарор ва ижро

МАҚОМ САНЪАТИ ТАРИХИДА ИЛК МАРТА

Биламизки, миллий мақом санъати қадимий тарихи ва бой ижодий анъаналари билан халқимиз маънавий ҳаётида муҳим ўрин эгаллайди. “Шашмақом” ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида эътироф этилгани эса санъатнинг ушбу ноёб тури дунё миқёсида тан олинганининг яққол намунасидир.

Ўз навбатида яна шуни тан олишимиз керакки, шу вақтгача маданиятимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимиз, аввало, ёш авлоднинг эстетик диди ва тафаккурини шакллантиришда мақом санъати имкониятларидан етарлича фойдаланганимиз йўқ. Ғалати-а, тўғрими? Узоқ асрлик тарихга эга меросимиз жаҳонда эътироф этилсаю, ўзимиз унга бефарқ бўлсак?!

Шу маънода давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2018 йил 6 апрелдаги “Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида”ги қарорлари бой маданий меросимизнинг ажралмас қисми бўлган ўзбек миллий мақом санъати ва унинг йўналишларини кенг тарғиб қилиш, оммалаштириш, энг муҳими, мақом ижрочилигини ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Мазкур йўналишда йиллар давомида эътибордан четда қолиб келган жиҳатлар – илмий-назарий тадқиқотлар, ўқув-услубий адабиётлар яратиш, мақом санъатини радио-телевидение, оммавий ахборот воситалари, интернет тармоғи орқали мамлакатимизда ва чет элларда тарғиб этиш, мақом устозлари, соҳа олимлари ва мутахассислари, иқтидорли ва истиқболли ёш ижрочилар фаолиятини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича вазифалар белгиланди.

Шу асосда Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилиши белгиланди. Биринчи анжуман шу йилнинг 6-10 сентябрь кунлари ўтади ва бу бутун мамлакат аҳли учун ҳақиқий байрамдир.

Қолаверса, 1 августга қадар анжуман доирасида “Мақом мусиқа санъати ва унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилади. Оқсарой майдонининг тарихий қисмида мақом санъатига бағишланган музей ва миллий созлар лабораторияси ташкил этилади.

2018 йилдан бошлаб соҳада фаол ижод қилаётган санъаткорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида “Энг яхши мақом хонандаси”, “Энг яхши мақом созандаси”, “Энг яхши мақом устози”, “Энг яхши мақом тарғиботчиси”, “Энг яхши ёш мақомчи” каби номинациялар бўйича мукофотлар таъсис этилиши эса мақом ижрочиларини қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади.

Бугун вилоятда Халқаро мақом санъати анжуманига тайёргарлик қизғин. Энг муҳими, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мақом санъати ўз ривожида янги босқичга кўтарилмоқда.

Ихтиёр ЖУМАНОВ,

 

Қарши маданият ва туризм коллежи ўқитувчиси