"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 сентябрь, якшанба.

НОЙДЛАР НАҒМАСИ

Маданият
Tipografiya

Сирли олам

НОЙДЛАР НАҒМАСИ

Ёхуд шомонларнинг итоаткор саамилар устидан ғайритабиий ҳукмронлиги хусусида

 Чекистлар ва ҳатто фашистлар ҳам Кольск ярим оролида яшаган шомонларни таъқиб остига олишган.

Профессор Э.Мулдашев раҳбарлигидаги россиялик олимлар экспедицияси инсониятнинг қандай пайдо бўлгани, қадимги аждодларимиз қўли билан яратилган мўъжизавий шаҳарлар, улкан эҳромлар тарихини ўрганиш мақсадида Ер юзининг турли бурчакларида бўлишади. Шунингдек, улар Кольск ярим оролига ҳам сафар қилишади.

Бу ерда олимлар сирли нойдлар – ярим оролда яшаган афсунгар ва шомонлар ҳақида қимматли маълумотлар йиғишга муваффақ бўлишди. Бир вақтлар “НКВД”нинг махсус бўлинмаси ҳамда фашистларнинг “Аненербе” деб номланган дуохонлик, афсун каби хурофотларга ишонтирувчи мистик таълимот билан шуғулланувчи ташкилоти ҳам уларнинг пайига тушишганди. Қуйида шу ҳақда ҳикоя қилинади.

Россиянинг Мурманск вилоятидаги Кольск ярим оролида саами ёки лопари деб аталадиган кам сонли (3 минг нафар) бир халқ яшайди.

Саамилар тарихи билимдони ҳамда маданий маркази ташкилотчиси Лариса Авдееванинг ҳикоя қилишича, ушбу халқ билан тўқнаш келган бошқа элатлар уларни афсунгарлар деб аташган ва имкон қадар узоқроққа қувишга, ўзларидан четлаштиришга ҳаракат қилишган. Аммо улар қаерга бориб жойлашмасин, ҳар қандай шароитга кўникиб, яшаб кетаверишган. Чунки самиларнинг бошида нойдлар – афсунгар ва шомонлар туришарди. Уларга барча бирдек сўзсиз итоат этишган. Нойдлар сир-асрорларини ўрганиш, уларни қўлга киритиш йўлида собиқ СССР “НКВД”сининг махсус бўлинмаси ҳамда фашистларнинг “Аненербе” ташкилоти экспедициялари ўртасида кураш ҳам бўлиб ўтган.

Хўш, нойдлар қандай ғайритабиий, илоҳий кучлар соҳиби бўлишган?

“НКВД” ходимлари ҳам, “Аненербе”чилар ҳам ҳарчанд уринишмасин, нойдлар сеҳр-жодуси моҳиятини   англаб етолмаганлар. Аммо улар нойдларнинг одамларни манқурт, итоаткор қилиб қўйиш имкониятлари мавжудлигини билишган. Уларнинг таъсирига тушган одамлар ҳеч бир эътироз билдирмасдан, сўзсиз итоат этишган, ҳар қандай топшириқни бажаришган.

Агар уруш олиб бораётган томонларнинг биронтаси ихтиёрида нойдлар бўлса борми, ғалаба, албатта, шулар томонида бўларди. Чунки сеҳр-жоду ёрдамида душман аскарлари манқуртларга айлантириларди.

Изланишлар натижасида шу нарса маълум бўлдики, ўша пайтлар “НКВД” ва “Аненербе” ходимлари томонидан бир неча нафар нойд асир олинган. Уларни қийноққа солиб, ўзларига ишлашга мажбур қилишган.

 “НКВД” экспедицияси томонидан нойдлар асир олинган бўлиши мумкин, лекин Россия ҳудудида немисларнинг бундай иш қилгани ҳақиқатдан йироқдек туюлади.

Тадқиқотчи Владислав Трошин қўлга киритган бир маълумотда қайд этилишича, Сталин уруш бошланиши олдидан бир гуруҳ немис геологларини Россиянинг шимолий ҳудудларига жўнатади. Агар геологлар бу жойлардан фойдали қазилмаларни излаб топишса, уларни ўз юртига қувиб юбориб, қазилмалардан ўзимиз фойдаланамиз, деб режа тузган. Аммо немислар ҳам анойилардан эмас. Бу ерга геологларни эмас, “Аненербе” ташкилоти аъзоларини сафарбар қилишган.

Иккала гуруҳ ҳам нойдларни бўйин эгдириш учун турли жирканч усуллардан фойдаланишган, ҳатто уларни ўлдиришгача боришган. Аммо нойдларга ҳеч қандай қўрқитиш, қийноқ усули таъсир қилмаган. Руҳлар бунга йўл бермайди, деб бир сўзда қатъий тураверишган.

Нойдлар, бизнинг назаримизда, сеҳр-жоду, афсун ёрдамида ғайритабиий кучлардан фойдаланишган. Улар муваффақиятининг сири – хотирада. Аждодлари томонидан ўрнига қўйиб, маҳорат билан ишлатиб келинган афсунгарлик дуолари улар тирикчилигининг асоси ҳисобланган. Қутб кечасидаги изғирин совуқда афсунгарлик йўли билан жон сақлаб, ўзларини  ўлимдан асраб қолишган ҳатто.

Бугунги кунда ҳам уларнинг мана шундай сеҳр-жодулари кучи, сир-асрорлари сақланиб қолганми?

Ҳа, сақланиб қолган. Аммо улар мажруҳ, бузилган бир кўринишда мавжуд. Масалан, улар тўсатдан қандайдир дуоларни қайтара бошлашади, пичоққа тармашиб, кимгадир суқмоқчи бўлишади, сочидан тортишга, бўйнини қайиришга ва шу каби хавфли ва ажабтовур қилиқлар қилишга ҳаракат қилишади, яъни, ўзимизнинг тил билан айтганда, қуёнчиғи тутиб қолади. Бундай пайтда улар фавқулодда катта кучга эга бўлишади. Бундайлар бугунги кун одамлари тилида  Арктика ёки шимол жинниси, деган ном олган.

Маҳаллий аҳоли ўртасида ўтказилган сўровнома натижасида шу нарса маълум бўлдики, одамларнинг бундай ғайритабиий ҳолатга келиб қолиши  кучли ҳайқириқ, бақир-чақирдан пайдо бўладиган қўрқув ҳосиласи экан. Қарияларнинг айтишларича, ҳали ҳақиқий нойдлар мавжуд бўлган даврларда улар керакли афсун дуоларини қайтара туриб, кутилмаганда қаттиқ қичқириб, одамларни қўрқув таъсирида истаган куйларига солишар экан. Бунда одамлар шу заҳотиёқ “тахта” бўлиб қотиб қолишар ва итоаткор кимсаларга айланар экан. Бугунга келиб нойдларнинг афсунгарлик таълимоти сир-асрорлари унутилиб, йўқолиб кетган. Ҳозирда қўрқув кўпроқ арктикача жиннилик орқали ҳосил қилинади. Ҳатто бу шароитда ҳам одамларда уларга кўрсатилаётган ҳаракатларни сўзсиз бажаришга мойиллик сезилади.

Нойдлар одамларни қўрқитиш технологияси бўйича бутун бир фанга эга бўлишган. Ўз қўл остидаги одамлардан бирон бир мақсад йўлида фойдаланишда уларни қўрқув, ваҳимага солиш учун кун ёки туннинг қайси вақтида қўрқитиш мумкинлиги ва қайси дуоларни қайтариш лозимлигини жуда яхши билишган. Нойдлар ота-оналарга болалари бир муддатга манқуртга айланиб, итоаткор бўлишлари ҳамда ушбу таълимотни онг-шуурларига яхшилаб сингдириб олишлари учун уларга қўрқитиш усуллари бўйича сабоқ беришган. Нойдлар ишёқмас, ялқов, дангасаларни ўзларига бўйсундириш йўли билан меҳнат қилишга жалб этган, душманларни “яраштирган”, жиноятчиларни жазолашган. Уларнинг аксариятини бир умрга манқуртга айлантириб қўйишган. Одамлар жангга қўрқмасдан киришлари учун уларни тажовузкор руҳдаги аскарлар бўлишларига “буйруқ” берилган.

Нойдларнинг ғалати ҳамда ғайритабиий “қўрқитиш технологияси” уларга саамилар ҳаётини бошқаришга ёрдам берган. Нойдлар ўзларидан  бошқа ҳеч кимга ишонишмаган. Фақат, афсоналарда айтилганидек, чахклиларга, яъни ер ости дунёсидан келиб, уларга афсунгарлик сир-асрорларини ўргатган афсонавий одамсимон мавжудотларга ишонишган, холос.

 

Хориж матбуотидан Мусо МУРОДОВ таржимаси.