"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

17 июль, сешанба.

БОЛАЛАР ЎЙИНЛАРИДАГИ МОҲИЯТ

Маданият
Tipografiya

БОЛАЛАР ЎЙИНЛАРИДАГИ МОҲИЯТ

 ёхуд сиз қандай фойдали ўйинларни биласиз?

 Қадим-қадимда ғорда яшаган ибтидоий одамлар ҳайвон овлашга кетишдан олдин олов атрофида рақс тушиб, турли жанговар ўйинларни бажарган. Бу ўйинлар эса уларнинг ов пайтида талаб қилинадиган тезкорлигини оширар, ҳужумга ўтиш усулларини ўзлаштиришга ёрдам бераркан. Ўша даврларданоқ инсоният ўйинлар шунчаки оддий эрмак эмас, аксинча ҳаёт учун зарур тайёргарлик жараёни эканлигини ҳис этишган. Дарҳақиқат, ўзидан сўраб кўрсангиз, машҳур инженер-технологлар болалигида ўйинчоқларини бузиб, қайтадан йиғишга уринганини, шифокорлар ёлғондакам фонендоскоп билан катталарнинг юрак уришларига қулоқ солганини, тикувчи ва дизайнерлар қўғирчоқларига хилма-хил либос тикишни яхши кўрганини айтишади.

 

Ўйинлар неча турга бўлинади?

Бизга маълумки, қизлар ёшлигида қўғирчоқ, "хола-хола" каби ўйинларни ўйнашни яхши кўришса, ўғил болалар футбол, қувлашмачоқ ўйинларини маъқул билишади. Қиз болалар ва ўғил болаларнинг қизиқадиган ўйинлари бир-биридан фарқ қилади.  Бу табиий. Ахир улар икки хил тарзда ҳаёт учун тайёргарлик кўришади-да!

Бу каби ўйинлар эса иккита катта турга бўлинади. Инсондан ҳаракат талаб қилиб уни жисмонан чиниқтирувчи ўйинлар ҳамда зийраклик талаб қилиб ақлий фаолиятини ўстирувчи ўйинлар! Футбол, қувлашмачоқ, варрак учириш ўйинлари биринчи турга кирса, шахмат, лиго, турли хил шаклларни йиғиш иккинчи турга мансуб - ақлий фаолиятни ўстирувчи ўйинлардир. Чунки болалар футбол ёки қувлашмачоқ ўйнаш жараёнида югуришар экан, тана мускуллари ниҳоятда кўп торайиб, кенгаяди, организм кислородга яхшигина тўйинади. Шахмат-шашка каби бошқотирмадан иборат ўйинларда эса мия одатдагидан кўпроқ ишлаб, ҳужайралари сони орта боради... Биргина талаб шуки: ҳар нарса ўз меъёрида бўлгани яхши деган олтин қоидани унутиб қўймасак бас!

Қадимий халқ ўйинлари...

Халқимизда қадимдан болалар томонидан севиб ўйналиб келинган бир қанча ўйинлар борки, улар ўзида миллатимизнинг турмуш тарзи ва маънавияти, тафаккур оламини яққол акс эттириб туради...

Биламизки, "ҳакка-чиллак" ўйини азал-азалдан ўғил болалар ўйини ҳисобланган. Ўйинда кўпи билан 12 киши иштирок этиши мумкин. Бунда иштирокчиларга 80-90 сантиметрлик таёқча - "ҳакка" ҳамда 15-20 сантиметрлик "чиллак" таёқчаси керак бўлади. Ўйин бошланишидан олдин иштирокчилар навбатма-навбат "ҳакка"ни қўлга олиб, кичик таёқча - "чиллак"ни ерга тушириб юбормасдан ҳавода уриб ўзларини синашади. Чиллакни ким ерга тушириб юбормай энг кўп ура олса, ўша бола ўйинбоши қилиб сайланади.

Ўйинбоши эса ерга катта доира чизиб, ўртасидан "чиллак"ни уриб учиришга қулай бўлиши учун чуқурча ўяди. "Чиллак"ни чуқурчага икки учи билан қўйиб жойлаштиргач, "ҳакка" ёрдамида туртиб ҳавога кўтариб, зарб билан уриб юборади. У урган "чиллак" қанча узоққа учса, ўйинчининг очколари ҳам шунча орта боради. Мабодо отилган "чиллак" таёқчани ҳавода учаётган пайти бирор бошқа иштирокчи тутиб қола олса, ўйинбошилик вазифаси энди уники!

"Ҳакка-чиллак" ўйинининг қийин саналган қисми "зувлаш" десак янглишмаган бўламиз. Бу қисмда энг кам очко олиб мағлуб бўлган ўйинчи "чиллак" келиб тушган жойдан то чизилган доира ичигача бир оёқда сакраб боришига тўғри келади. "Нега шартнинг номи "зувлаш" дейсизми? Чунки бир оёқда сакраб бораётган ўйинчи оғзи ёрдамида нафас ростламасдан "Зуууввв..." деб овоз чиқариб сакраши ҳам талаб қилинади-да! Агар у зувлаётган вақтида нафас олиб қўйса, ортига қайтиб шартни бошқатдан бажаришга мажбур.

"Қочарма"  ўйинини эса азалдан фақат қиз болалар ўйнашган. У жуда қадимий ва жуда қизиқарли ўйинлар тоифасига кириб, унда тўрт кишидан ўн кишигача қиз бола қатнашиши мумкин. Ўйинда энг аввало иккита она боши сайланади. Қолган қизлар ўзаро келишиб, ўзларига ясама исм танлашади. Танлаб бўлишгач, она бошиларга шеърий тарзда мурожаат қилишади:

- Матти, матти ким навбати?

- Менинг! - дейди онабошилардан бири.

Қизлар сўрашади:

- Тожи тилло хўрозни оласанми, чаламулло товуқними?

Биринчи онабоши ўзига маъқул келган ясама исмни танлайди ва ўша исмнинг эгаси унинг ортидан бориб жойлашади. Ўзига жамоа аъзосини танлаш    навбати шу тариқа иккинчи онабошига келади. Ўйиннинг бу қисми "чеклашмачоқ" деб аталиб, қизларни бундай тарзда тақсимлаш ўйин адолатли бўлиши ҳамда ҳеч ким хафа бўлмаслиги учун зарур.

Шу тарзда ниҳоят ўйиннинг асосий қисми бошланади. Яъни, икки гуруҳга бўлиниб, икки сафга тизилган қизларнинг бири тўпни бор кучи билан, имкон қадар узоқроққа улоқтиради ва тўпни улоқтирган гуруҳдагилар санай бошлашади:

- Бир, икки, ўн икки,

Ўн икки деб ким айтди?!

Ўн икки деб мен айтдим.

Ишонмасанг санаб боқ:

Бирим - билак, икким - элак, учим - ичак, тўртим - терак, бешим - бешик, олтим - олганим, еттим - етганим!..

То санама тугагунча иккинчи гуруҳдаги қизлардан қатор бошида тургани югуриб бориб, тўпни тутиб келтиришга улгурмоғи лозим. У тўпни тутиб келтира олса, тўп отиш гали энди иккинчи жамоаники, мабодо тўпни келтиришга улгура олмаса, ўйин гали биринчи жамоада қолади. Якунида тутиб келтирилган тўплар сони ҳисобланиб, мағлуб жамоа аниқланади ва ютқазгани учун шеър ёки қўшиқ айтиб беришга, талаб қилинса, ҳаттоки рақсга тушиб беришга ҳам мажбурдир.

Халқимизга мансуб машҳур болалар ўйинларидан яна бири - "Оқ теракми, кўк терак". Энг аҳамиятли жиҳати, бу ўйинни қизлар ва ўғил болалар баҳамжиҳатликда ўйнасалар янада қизиқарлироқ бўлади. Ўйин иштирокчилари сони борасида ҳам бирор чеклов йўқ...

Ўйинда болалар икки гуруҳга бўлиниб, худди шохларини кенг ёзиб турган тераклар каби (қўл ушлашиб) майдоннинг икки тарафига қарама-қарши туришлари керак. Ўрталаридаги масофа эса 20 метрдан кам бўлмаслиги лозим. Шунда биринчи гуруҳ болалари иккинчи гуруҳга қараб баланд овозда сўрайди:

- Оқ теракми, кўк терак! Биздан сизга ким керак?

Иккинчи гуруҳ ўз танловини айтади. Масалан: "аълочи Ҳасан" ёки "аълочи Зебо керак!"

Исми айтилган бола югуриб бориб рақиб гуруҳнинг бир-бирини тутиб турган қўлларига ўзини уради. Агар у бир-бирига туташиб турган қўлларни узиб ўта олса "Оқ теракми, кўк терак! Биздан сизга ким керак?" деган саволни энди иккинчи гуруҳ беради, узиб ўта олмаса савол бериш гали яна ўша жамоада қолади.

Энди менга айтингчи...

Шу ўринда атоқли қорақалпоқ адиби Тўлапберген Қайипбергеновнинг бир гапини эслаб ўтиш ўринли:

"...Болалигимизда "Чумчуқ учди" деган ўйинимиз бўларди. Бу ўйинга қари, ёш ҳамма қўшиларди. Яни, "Биздан бир чумчуқ учди" деб гап бошларди биров. Қолганлар "Таърифла!" дейишарди. Ўйинни бошлаган одам таърифлашга тушарди: "Учган чумчуқнинг уч ўғил, уч қизи бор, ўн олтита товуғи, иккита сигири бор..."

Овулда ўтирган ҳамма гап қайси қўшни ҳақида кетаётганини қидириб кетишарди. Энди-энди аҳамият берсам, ўшанда ўйнаган "Чумчуқ учди" ўйинимиз шунчаки ўйин бўлмаган экан. Биз болалар овулимизда яшаган барча инсонларни яхшироқ таниб олишимиз, уларнинг яшаш шароитидан хабардор бўлишимиз учун ўйлаб топилган ғаройиб тарбия воситаси ҳам экан..."

Ҳа, аҳамият берсангиз, ҳамма ўйинлар ҳам ўйинқароқлик ҳосиласи эмас. Меъёрида ўйналган кўпгина ўйинлар фарзандларимизни жисмонан соғлом, ақлан етук бўлиб ўсишига хизмат қилиши мумкин. Мулоҳазаларимиз мобайнида бот-бот таъкидлаганимиздай, бунда фақат ва фақат меъёр унутиб қўйилмаса ва ўйиннинг хавфсиз эканига эътибор қаратилса бўлгани!

Энди менга айтингчи, хўш, сиз ўзингиз фарзандингизга қандай фойдали ва қизиқарли ўйинларни ўргатгансиз?! Ишқилиб фарзандингиз ҳеч қандай чаққонлик ва зийраклик талаб этмайдиган компьютер ўйинларига қизиқадиган эринчоқ-нимжон болалар тоифасидан эмасми?!..

Байрам АЛИ