"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

НАВОИЙ ВА СИЁСАТ

Маънавият
Tipografiya

Алишер Навоий халқимизнинг онги ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида бутун бир даврни ташкил этадиган буюк шахс, миллий адабиётимизнинг тенгсиз намояндаси, миллатимизнинг ғурури, шаъну шарафини дунёга тараннум қилган ўлмас сўз санъаткоридир.

Ислом КАРИМОВ,

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти

Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллигига

НАВОИЙ ВА СИЁСАТ

Ҳазрат Алишер Навоий буюк ижодкор бўлгани ҳолда давлат бошқаруви ва сиёсатдан узоқ эмасди. Шоир исмидаги “мир” сўзи ҳам амир сўзининг қисқарган шакли бўлиб, шоҳ саройидаги амал-мансабни ифода қилади. Адолатли ҳукмдор бошчилигидаги давлатга эришиш орзусида бўлган ижодкор дўсти Ҳусайн Бойқаро ҳокимиятни қўлга олгандан кейин унинг таклифига биноан давлат хизматига ўтади. Навоий Ҳусайн Бойқарони одил султонга, унинг давлатини адолатли давлатга айлантириш йўлида кўп йиллар ҳаракат қилди. Айтиш мумкинки, ҳукмдор давлатнинг юраги бўлса, Навоий унинг виждони эди.

Буни Ҳусайн Бойқаро ҳам жуда яхши англар, биларди. У Навоийга ёзган бир хатида шундай дейди: “Сиз Хуросонда турар экансиз, ҳар қандай илтимосингиз бўлса, ҳурмат билан қабул қилинади. Мен шуни жуда аниқ биламанки, агар бу давлат сизнинг шарофатли вужудингиздан холи бўлса, айрим шахслар ва халқ орасидаги ўзбошимчалик аҳвол ихтилофга айланиб кетади”.

Инсон табиатига хос хусусиятларга давлат мисолида қарайдиган бўлсак, баъзан ана шу виждон билан ҳисоблашилмаган, баъзан эса унга қарши борилган пайтлар ҳам кўп бўлди. Бунинг сабаблари турлича эди. Фитналар, ғаразли мақсадлар... Навоий Ҳусайн Бойқарони адолатли подшога айлантириш мумкин эмаслигини тушуниб етгач, вазирликдан истеъфо бериб, маърифатпарвар ҳукмдор образини асарларига сингдиради.

Ўз-ўзидан бу бир вақтлар жуда кучли бўлган механизмни кучсизлантирди, турфа кўнгилсизликларга рўбарў қилди. Хўш, бу нималарда акс этди? Масалан, Мўмин Мирзонинг қатл этилиши ҳам айнан Навоийнинг саройда бўлмаган вақтида салтанат душманлари фитнаси оқибатида содир бўлганди. Неварасини қатлга ҳукм қилган ҳукмдорга халқ қандай ишонсин, қандай эргашсин?! Ақл виждонга таяниб иш тутмаса, жисмга жабр бўлгани сингари охир-оқибат шу билан тугадики, ўта қудратли бир салтанат паторат топди. Навоийнинг сиёсатдаги, давлат бошқарувидаги ўрни, даражаси шу қадар эди.

Навоийнинг сиёсатдаги ўрни бошқа шоири замонлардан шуниси билан фарқ қиладики, у ҳеч қачон сарой шоири, маддоҳ сифатида бўй кўрсатмади, ўз замонасини, қандайдир амалдорларни буюк ҳаяжон билан мадҳ этмади. Унинг идеаллари юксак эдики, бу идеаллар ҳукмдор учун ҳам, бошқа якка шахс учун ва халқу жамият учун ҳам бирдек баробар эди. Бирдек керак эди. Шу боис буюк ижодкор қарашлари, унинг ҳукмдор ва давлат амалдорлари ахлоқи, хусусиятлари, фазилатлари, халқ эътиборини қозонишдаги хатти-ҳаракатлари бугун ҳам аҳамиятини йўқотмаганки, келгуси авлодлар учун ҳам зарур манба бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида Самарқандда ўз замонининг таниқли ҳуқуқшунос олимларидан бўлган Абулайс Самарқандий мадрасасида фиқҳ илмидан таълим олгани ҳақида ёзади. Бундан кўринадики, Навоий кўп йиллик давлат бошқаруви ва фиқҳ (ҳуқуқ)дан назарий ҳамда амалий билимга эга бўлган.

Хусусан, “Маҳбуб ул-қулуб” асарида ёзилишича, адолатли подшоҳ ёрқин кўзгу бўлса, золим подшо унинг тескариси. Униси ёруғ тонг бўлса, буниси қоронғи кеча. Зулм қилиш золим подшонинг кўнглига ором, ахлоқсизлик эса табиатига севинч бахш этади. Агар у шароб ичишни бошлагудек бўлса, мусулмонлар кўча-кўйда юришни тарк этади. Ҳақиқат унинг қаршисида беҳуда, ақлли одамлар унинг наздида нодон: “Одил подшоҳ кўзгу ва бу анинг учасидур. Ул ёруқ субҳ, бу анинг қоронғу кечасидур. Зулм анинг кўнглига марғуб ва фисқ анинг хотирига маҳбуб. Мулк бузуғлигидин замирига жамият ва улус паришонлиғидан хотириға амният. Ободлар анинг зулмидин вайрона, кабутар тоқчалари бойқушга ошёна”.

Алишер Навоий давлат ва шоҳларни икки қарама-қарши қутбга – адолатли ва адолатсиз табақаларга ажратади. Адолатсиз давлат, шоҳ инсонларга зулму зўрлик олиб келса, адолатли давлат, шоҳ  кишиларга бахт-саодат келтиради. Навоий давлат аппаратининг ягона механизмдан иборат бўлишини очиб беради. Шоирнинг айтишича, давлат бошлиғи – шоҳ қандай бўлса, унинг қўл остидаги мулозимлари ҳам худди шундай бўладилар. Агар шоҳ адолатсиз бўлса, унинг вазири, беклари, миршабу қозилари ҳам адолатсиз бўладилар ва аксинча, агарда шоҳ адолатли бўлса, унинг мулозимлари ҳам шунга монанд бўлишади.

Навоий адолатли шоҳларни инсонларга тенглик, озодлик, дўстлик олиб келувчи бирдан-бир куч деб қараб, шундай ҳукмдорларни орзу қилади, олқишлайди. Адолатли шоҳ унинг идеалига айланади.

Бу нарса “Садди Искандарий”да ҳам акс этган бўлиб, Навоий Искандар тимсоли орқали ўз замонасининг муҳим ижтимоий масалаларини ифода этади. Навоий учун Искандарнинг жаҳонгирлиги, шон-шуҳрати эмас, халқ манфаатини кўзлаб қилган ишлари муҳим. Яъни Искандар халқ ҳимояси учун яъжуж ва маъжужлар чиқадиган икки тоғ орасига девор барпо қилади. Девор қуришда темирни эритади, унинг устига мисни эритиб қуяди. Мис аралашган темир қоришмаси мустаҳкам бўлиши фанда яқинда кашф этилгани ҳам эътиборга молик. Асар рамзий асосларга қурилган, бироқ унда ҳукмдорнинг қўл остидаги халқ тақдирига қайғуриши зарурлиги масаласи аниқ кўрсатиб ўтилган.

Навоий яна шуни ҳам таъкидлайдики, шоҳ атрофида олимлар жамланган бўлиши шарт. Шоҳ ҳар бир тадбирни уларнинг маслаҳати билан амалга оширса, мақсадга мувофиқ бўлади. Аслида эса ҳукмдорнинг маърифатли бўлгани ҳар жиҳатдан маъқул. Мирзо Улуғбек таърифини келтираркан,  “Ки султон кўрмади дунё анингдек” деб бежиз ёзмайди шоир. Чунки бугун ҳам дунё астроном-олимларини лол этиб келаётган Мирзо Улуғбек маърифатда тенгсиз эди. Бунга тарих гувоҳ.

Навоий давлат ишида машварат, яъни кенгашиб иш тутишни қайта-қайта таъкидлайди. Кенгашларда нафақат аркони давлат, балки нуфузли шахслар, донишманд ҳакимлар ҳам қатнашиши мумкин. Аммо ҳар бирининг ўз ўрни, ўз мавриди бор. Демак, давлат миқёсидаги муҳим ишларни аъёнлар, аркони давлат, биринчи навбатда, хайрихоҳ, покдил, ҳақгўй одамлар билан маслаҳатлашиб, кейин қарорлар қабул қилган маъқул. Албатта, давлат ишида таъжил (тез бажарилиши керак бўлган) ишлар ҳам бор. Бунда шоҳ ўзи қарор қабул қилиши шарт. Шунингдек, баъзи тадбирларни таваккал қилиб амалга оширишга тўғри келади, деб давом эттиради Навоий, аммо шунда ҳам энг яқин одамлар билан маслаҳатлашиш фойда беради.

“Муншаот”да бундай ёзади: “Аркони давлатқа ҳар ишким буюрулур, агар бутмаги бир кун муяссардур, агар икки ё уч кун. Андоқ муқаррар бўлсаким бот бутардек иш ҳамул кун арз қилиб жавоб олсалар. Кечрак бутур ишни тонгла (эртаси) ё индин ё миодидин (муддатидан) ўткармасалар”. Яъни ҳар бир амру фармон белгиланган муддатда бажарилиши лозим. Бугунги ишни эртага қолдириш мумкин эмас. Агар бепарволик ёки сусткашлик оқибатида иш орқага суриладиган бўлса, бунинг сабабчилари аниқланиб, қаттиқ жазоланиши керак.

Навоий дейдики, девон иши жуда инжиқ, аммо ниҳоятда зарур. Бунда у икки жиҳатга эътибор беради: бири – шоҳ амру фармонларини маҳаллий амирлар, ҳокимларга етказиш, иккинчиси – қуйидан келадиган хат-хабарларни шоҳга етказиш. Ҳар икки томон ишида ҳам пайсалга солиш бўлмаслиги керак. Демак, Навоий замонавий тил билан айтганда, ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизим ҳақида орзу қилаяпти. Агар шундай бўлса, халқ ҳукмдорга ишонади, ҳукмдор халқнинг дарду ташвишидан доим бохабар бўлиб боради.

Бозор иқтисодиёти ҳам адолатли бошқарувни тақозо этади. Навоийнинг ўзи маърифатли мулкдор бўлган ва мулкдорликни ёқлаган. У Ўрта Осиё ва Хуросонда Хўжа Аҳрордан кейинги бой-бадавлат одам эди. Навоийнинг бир кунлик даромади 18 минг шоҳрухий динор бўлган. Навоий бу бойликни масжидлар, мадрасалар, кўприклар қуришга, мискинларга емак ва кийим-бош беришга, иқтидорли кишиларни қўллаб-қувватлашга, хуллас, эл-юрт ишларига сарф қилган.

Унинг фикрича, агар ёш тадбиркор маънан баркамол, кўзи тўқ, саховатли, олиҳиммат бўлмаса, нафси ундан ғолиб келади. Бойлик орттиришнинг эса чек-чегараси йўқ. Оқибатда, бундай мулкдорлик маънавий инқирозга олиб боради:

То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,

То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас,

То зулму ситам жониға бедод ўлмас,

Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.

Кишилар ҳирсу ҳавас, нафсу ҳаво каби иллатларни барҳам топтиришсагина жамиятда ривожланиш бўлади, мамлакат обод, турмуш фаровон бўлади.

Умуман олганда, Алишер Навоийнинг сиёсат, давлат бошқарувидаги қарашлари булар билангина чекланиб қолмайди. Шоир ижодида давлат ва жамият тараққиётининг муҳим масалалари тийрак нигоҳ билан қаламга олинадики, ундаги фикрлар макон ва замон танламаслиги билан эътиборга молик.

Т.ПЎЛАТОВ