"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

ЮКСАК МАЪНАВИЯТЛИ ОИЛАДА КИТОБ ЎҚИЛАДИ

Маънавият
Tipografiya

Кўрик-танлов

ЮКСАК МАЪНАВИЯТЛИ ОИЛАДА КИТОБ ЎҚИЛАДИ

Ҳазрат Алишер Навоий китобга беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи сифатида таъриф берган эди. Дарҳақиқат, китоб қалбга нур беради, бу нур оламни, ҳаётни теран англаш, ҳис қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Шунга мувофиқ юртимизда китобхонлик маданиятини янада юксалтириш, ёш авлодни  мутолаага ундаш каби вазифалар ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойишида ҳам бу вазифалар кенг қамровда ўзининг аниқ ифодасини топган.

Мазкур ҳужжат доирасида ўтказилаётган қатор тадбирлар, танлов ва учрашувлар китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшларимизни китобга ошно этишга қаратилгани билан эътиборлидир. Жорий йилнинг 20 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил қилинган "Мен, ота-онам, бобом ва бувим - китобхон оила" кўрик-танловининг республика босқичи юртимиздаги кўплаб китобхон оилаларни, уларда яратилган маънавий муҳитни оммалаштириш имкониятини кўрсатиб берди.

Оилаларда китобхонликни тарғиб қилиш, ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари орқали ёшлар қалбида ватанпарварлик, эзгулик, инсонпарварлик сингари юксак  инсоний фазилатларни, ахборот олиш маданиятини шакллантириш кўзланган тадбирда мамлакатимизнинг барча вилоятларида ғолиб деб топилган оилалар вакиллари "Танишув", "Кексаси бор хонадон - файзли хонадон", "Баҳру байт", "Эркин мавзу", китобхонлик ва китобхонлик маданиятини презентация қилиш шартлари бўйича беллашдилар.

Эътиборлиси, мазкур кўрик-танловда Яккабоғ туманидаги Ғуржоб қишлоғилик Холназаровлар оиласи 1-ўринни қўлга киритди.

- Танлов менда жуда катта таассурот қолдирди, - дейди оила аъзоси Роза Холназарова. - Хоразм,  Навоий вилоятларидан келган тенгдошларимдан кўп нарса ўргандим, ҳали кўп ўқишим, ўрганишим кераклигини тушундим. Уйимизда юзлаб сара китоблардан иборат мўъжаз кутубхона жамланган, энди уни янада бойитиш фикрим қатъийлашди. Чунки ўқиган одам ҳаётда ўз ўрнини топади, кўзлаган мақсадига эришади.

Н.ХЎЖАЕВ

* * *

Суратда: Роза Холназарова.

 

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.