"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

"ОҚЧАСИ ЙЎҚНИ ЭТДИ ҲАЙРОН ТЎЙ..."

Маънавият
Tipografiya

Эътибордаги мавзуга эскича назар

ҚЧАСИ ЙЎҚНИ ЭТДИ ҲАЙРОН ТЎЙ..."

Ёхуд жадидларни жиддий ташвишлантирган масала

“Қирқ кечаю қирқ кундуз тўй-томоша қилиб, мурод-мақсадига етибди...” Ўзбек халқ эртаклари, достонларидаги бахтли якун шундай гап билан ниҳоясига етади. Бундай якун рус халқ эртакларида ҳам бор. Фақат уларда ровий икки ёшнинг бахт тўйида ўзининг иштирокини қуйидагича ифодалайди: “Мен ҳам ўша тўйда бор эдим, тўйгунимча бол едим, мусаллас ичдим, аммо мусаллас лабимга томди-ю мўйлабимда қолиб кетди...”

Халқ – доно, бундай ўхшатиш, қиёслаш, киноя-кулгига йўғрилган, муболағали ифодаларни бекорга келтирмайди. Уларни ўқиганда уқиш, тагзаминидаги маънони эса тўғри англаш лозим. Эртакдаги шу довруқли тўйни ким қилади? Албатта, қизи маликага муносиб куёв топилганидан мамнун подшоҳ ёки олис мамлакатдаги ўз тенгини – соҳибжамолни қанча-қанча синовлардан ўтиб, машаққатларни енгиб, ўз юртига келтирган шаҳзода. Роппа-роса қирқ кунга чўзиладиган тўй эса аслида эл учун ёзилган эҳсон дастурхони: юртдаги муҳтожларни тўйдириш, уларнинг кўнглини олиш, албатта, юрт эгасига, мамлакат ҳукмдорига ярашадиган ишдир. Аммо кўпинча айни шу тўй тасвири бизнинг ҳаётимизга кўчиб, нотўғри талқин қилинаётгандай, исрофгарчилик даъватига айланиб, шунча кунга татийдиган маблағни бир кунда совуришга ундаётгандай туюлади.

Дарвоқе, бугун фаол жамоатчиликни жиддий ташвишга солаётган исроф тимсолига айланаётган тўйлар муаммоси ХХ аср бошларидаги зиёлилар ҳаракати намояндалари – жадид маърифатпарварларини ҳам яхшигина ўйлантирган. Уларнинг ўша давр матбуотида бонг урган чиқишларида тўй мавзуси кенг ўрин эгаллаганини кўриш мумкин. Хусусан, 1914 йилда “Ойна” журналида Маҳмудхўжа Беҳбудий муаллифлигида “Зўраки бой” сарлавҳали мақола эълон қилинади. Унда ўша давр бойларининг типик намунаси “Зўраки бой” номи  билан берилади ва ҳажвга олинади. Беҳбудийнинг фикрича, бу одамнинг бойишдан мақсади элига наф келтириш, фарзандларининг ёрқин келажагини таъминлаш, ватан равнақи учун ҳисса қўшиш эмас. Балки уни олдида турган ўғил-қизларининг тўйларини қандай ўтказиш муаммоси бойлик орттиришга, фойда келтирадиган ишларга қўл уришга ундайди. Шу сабабли ҳам у – зўраки бой. Ҳақиқий ғани одам эмас. Адиб қаҳрамонининг табиатини, тўй ва аза каби маросимларни энг муҳим ҳаётий зарурият деб билишини қуйидагича тасвирлайди:

“Чунончи, “Зўраки бой” жанобларини ўн минг сўмлик мероси, боғ ва хонаси бор эди. Бу одам агарда боғини яхши ишлатса, мувофиқи шариат ва инсоф тириклик қилса, исрофгарлик этмаса, тўй ва азо деб ўзини барбод этмаса, албатта ортдурарди. Бу одам ўзидек ва ҳатто, ўзидан оз нимарсалик кишиларни кўрарга ўғул тўйиға икки-уч минг сўм сарф этар. Ўғлиға хотун олиб берса яна бир, икки, уч минг сўм сарф этар. Бир ўлук кўмса, беш-олти юз сўм харж этар. Ҳатто, олти ойлик баласини сочини олганда ва ё олти кунлик баласини бешикға боғлаганда бир-икки юз сўм сарф этар. Фотиҳа, чанлади, дубора-талабон, калутапўшон, мўйлабгирон… ва бошқаларини нари қўйдук, хулоса, бечора ўн минг сўмлик мулкдор қарайдурки, иш бўлмайдур. Ўғул ва қизлар катта бўлуб турубдур. Тўй лозим, хатна, никоҳ, унинг орқасидан кети узулмас бир сурук маърака ва қоидалар лозим. Кўбдан чиқиб бўлмайдур. Бечора одам ўйлавға тушар. Тўй қилмоқ учун бир-икки таноб боғдан ва ердан сотса, кўзи қиймайдур. Тўй қилмаса, бўлмайдур...”

Бир йилдан сўнг яна шу журналда яна шу мавзуда унинг “Бизни кемиргувчи иллатлар” сарлавҳали мақоласи чоп этилади. Унда буюк маърифатпарвар тўй ва аза маросимларига сарфланаётган ортиқча харажатлар, исрофгарчилик ҳақида куйиниб ёзади. Баъзи ўринларида миллатига таънадан қаттиқроқ гапларни ҳам айтишдан тортинмаган Беҳбудий юртдошларини бундай кераксиз, аҳамиятсиз ҳою ҳаваслардан тийилишга, ўз маблағини болаларининг билим олиши ёки хайр-саховат кўрсатишдек эзгу ишларга йўналтиришга чақиради. “Бизни кемиргувчи иллатлар деганда, захму маразними гумон этарсиз? – деб бошлайди муаллиф мақолани. - Ёинки, сил, сил-ар-ия ва махавликними дерсиз? Йўқ, андан ҳам ямонроқ ва андан ҳам жонхарош, бевоя,  хонавайрон ва ғариб этгувчи бир дард, биз — туркистонийларни шаҳри ва қишлоқи ёйинки ярим маданий, ярим ваҳший синфларимизғача истило этиб, бутун тириклигимизға сорилгон ва бизни инқирозға ва таҳликаға ва жаҳаннамға юмалататургон тўй, азо исминдаги икки қаттол душманни дерман...”

Мақоланинг давомида эса бу икки душманнинг оддий одамларга келтирадиган зарари бирма-бир саналади. Тўй учун кейинини ўйламасдан катта-катта сарф-харажат қилганларнинг аҳволига куйинган Беҳбудий шундай дейди:

“Биз бир таноб еримизни 200 сўм сотиб тўй қилмоқчи бўлсак, “ерни хўб пулға урдум”, деб мажнунона шодланурмиз. Инсонни бу қадар аҳмоқлиги ажибдур. Бизға лозимки, тўй ва таъзияларни кичик қилиб ва ҳолимизча ҳаракатда бўлуб, келар замонамизни ўйлайлук. Валлоҳ, хору зору мунқариз бўлмоқ эртаға офтобни чиқишидек  муқаррардур...”

Мақола сўнгида муаллиф “Тўй ва таъзияға сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва-дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур”, дея  хулоса чиқаради.

Айни мавзуни ижодининг аксари публицистикага йўналтирилган, “Жулқунбой” тахаллуси билан газетхонлар орасида машҳур бўлган адиб – Абдулла Қодирий ҳам кўп бора қаламга олган. Илк ижод намуналаридан бири ҳисобланган “Тўй” шеърида қуйидаги мисраларни ўқиймиз:

Қилди бу вақт бизда жавлон тўй,

Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй.

Бир-биридан ошурдилар тўйни,

Топди равнақ, ҳайратила боён тўй.

Беш кун тўйни сўнгидин

Кетибон мулклар боис фиғон тўй.

Боён тўйиға ерлилар қараб

Этди сарф токи тандаги жон тўй.

Қодирий тўй қилишнинг тартиб-қоидаларига, урфларига ислом ҳукми – шариатдан жавоб қидиради. Маълум бўладики:

Эй ғанийларимиз, эй фақирларимиз,

Амр этубдурми бизға Қуръон тўй.

Мундайин ишлар шаръимизда йўқ

Кори мажъус, кори шайтон тўй.

Шеър сўнгида муаллиф юртдошларига мурожаат этади:

Ўтса тўй бирла ёзу қишимиз,

Айлагай бизни ерға яксон тўй.

Келингиз, дўстлар, дин қариндошлар,

Ташласун бўлса гар мусулмон тўй.

Мазкур шеър ўша даврнинг энг кўзга кўринган нашрларидан бўлган “Садойи Туркистон” газетасининг 1915 йил 20 март сонида эълон қилинган. Бу эса исрофгарчилик манбаи бўлган тўйларни ихчамлаштириш, одамларни ҳолга кўра маросим ўтказишга чақириш ўша пайтларда ҳам жиддий тарғиботга муҳтож бўлганини кўрсатади.

Абдулла Авлонийнинг публицистик чиқишларида тўй мавзусига қайта-қайта мурожаат этилганини кўрамиз. Унинг “Маданият тўлқинлари” сарлавҳали мақоласида шу хусусда сўз юритилган. “Бу фақирликнинг энг қўрқунч тўлқунлари орасида эзилган халқимизни тўй маразидан қутқарурга тиришмак ва илож истамак лозимдир. Бунинг давоси ва чораси учун ҳеч бир табибга муҳтож ўлмасдан, балки бир оз орқа-ўнгға қарамак, ҳамённинг оғзини маҳкам қилмак, иқтисодни риоя қилмак, исрофдан сақланмак лозимдир. Ажабо. Бу исроф тўлқунлари бизларни на ерга олуб борадир?.. “Дард устига чипқон” дегандек, кундан-кун бидъат устига бидъат ортмакда. Уламо, фузало ва эшонларимиз зикр ва тасбеҳ ўрнига “тўй устига тўйлар бўлсун” сўзини вирди забон қилмақда. Ағниё ва сарватдорларимиз тўй пойгаси қилуб, бир-бирларининг бор-йўқларига қарамасдан, фақир ва камбағалларимиз уйларини, боғларини, отларини, тўнларини сотуб тўйга сарф қилмақдадурлар”, деб куйиниб ёзади Авлоний. Мутафаккирнинг “Ким нимани яхши кўрар?” сарлавҳали мақоласи аччиқ кулгига йўғрилган. Истеҳзо билан юртдошларининг ҳаваслари, севган машғулотларини санаган муаллиф қуйидаги жиҳатларга афсус билан урғу беради:

“Эҳтимол, бизнинг халқ илму маърифатни, тарбия ва таълимни, ҳунар ва саноатни яхши кўрар, деб ўйлайдурғондурсиз? Йўқ, бу фикрингиз ёнглиш.

Эшонларимиз тоат ва ибодат, панду насиҳат, зикру тасбеҳ ўрниға тўйлардан тўн киюб, кўб ошаб, кўп ухлашни яхши кўрурлар...”

Авлонийни халқ ичидаги зиёлиларнинг базмга муккасидан кетгани қайғуга солади. Шунинг учун “Муаллимларимиз бир-бирларидан қизғонишуб, болаларни арзон ўқитаман деб, бир ўзларига юз, юздан ортуқ бола йиғуб, ўзлари тўй ва маъракаларда болаларнинг умрини бекор ўткаришни яхши кўрарлар”, дея уларга таъно тошини отишдан ўзини тўхтатолмайди. Савдогарларни “...тўйликни тўйи ўтар, тўйсизни куни ўтар” деган сўзга амал қилмай, қайси маҳаллада тўй бўлса, дастурхончилик қилишни яхши кўрурлар”, деб уялтирган муаллиф муаззинлардан ҳам норози бўлади. Чунки улар “...азонни яхшилаб адойи махраж қилуб айтишни ўрганмай, бир жойда тўй бўлуб қолса, “Фалончиникига ошга-ҳо!” деб қироат ила қичқиришни яхши кўрурлар...”

Албатта, жадид маърифатпарварларининг юқоридаги каби фикрлари ҳозир ҳам эскирмаган, уларни бугуннинг кишиси ҳам диққат билан мутолаа қилиши, мушоҳадага берилиши лозимдек. Зеро, бу мутолаа ва мушоҳада ҳаётимизни ортиқча ташвишлар, бекорчи ҳою-ҳавасдан халос этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА