"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

ҲАЁТ КУЗАТУВЛАРИДАН ҚАЙДЛАР

Маънавият
Tipografiya

ҲАЁТ КУЗАТУВЛАРИДАН ҚАЙДЛАР

Аксариятимиз кимнингдир мадади ва паноҳида юришни истаймиз, аммо бу хислат мутеликка бошлашини ҳис этмаймиз.

* * *

Дайди ит увиллаб оромни бузар тонг отмагунча,

Нафсу ҳирс тинч қўймас қабрга олиб кетмагунча.

* * *

Майхўрлик олиму фозилларни ҳам масхарабозга айлантириб қўяди.

* * *

Кучлилар зўрларнигина ўзига муносиб рақиб ҳисоблайди.

* * *

Ёшинг ўтиб боргани сари ҳеч кимнинг дилини  оғритмасликка ҳаракат қиласан ва ўз навбатида қалбингга озор берганларни кечира олмайсан.

* * *

Инсон қалбан ва руҳан озод, эркин бўлмаса, ҳамиша қулликка мойил бўлади.

* * *

Ёшлигида руҳан синдирилган бола улғайганда етакчиликка даъвогар бўла олмайди.

* * *

Ҳар қандай йўл билан мақсадига эришишга интиладиган одамлар хавфлидир.

* * *

Ризқу луқмасини ҳалол ошаб юрганлар ҳамиша таҳсинга лойиқдирлар.

* * *

Кексайган чоғингда фойданг тегмаган одамлардан кўра хафа қилган, зараринг теккан одамлар ҳақида кўпроқ ўйлайсан.

* * *

Ижодкорлар яратган асарлари билан энг аввало ўзини ўзи овутишга ҳаракат қиладилар.

* * *

Ўз меҳнатидан баҳраманд бўлмаган одам ҳамиша айёрлик, дангасалик, ғийбатчилигу боқимандалик қилишга ҳаракат қилади.

* * *

Ўзингдаги яхши хислатни фарзандингда кўрсанг - бир марта, ўзингдаги ёмон хусусиятни фарзандингда кўрмасанг икки ҳисса хурсанд бўласан.

* * *

Ўз миллати, халқи тилини билмайдиганлар ҳеч бир жойда тан олинмайди, ҳурмат қилинмайди.

* * *

Бизни фақат мақташни одат қилганлар  ҳақиқий дўстимиз эмаслигини эсдан чиқармайлик.

* * *

Фикрсиз қарсакбозлар, мадҳиябоз, хушомадгўйларнинг кўп бўлиши халқпарвар, ватанпарварлар кўплигидан далолат бермайди.

* * *

Ҳаёт жуда қисқа: шунинг учун ҳам яхши ва савобли ишлар қилиб олишга улгурмоқ керак.

* * *

Ўзгаларни ёмонлаш орқали меҳр-муҳаббат қозонилмайди.

* * *

Шахсий манфаатларини эсдан чиқарган одамгина бутун инсоният манфаати йўлида хизмат қила олади.

 

Абдишукур ОМОНОВ