"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

20 январь, шанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

ҲИНД ЮРАКЛИ ИНГЛИЗ

Маънавият
Tipografiya

Нобель мукофоти совриндорлари

ҲИНД ЮРАКЛИ ИНГЛИЗ

Нима учун Мауглининг “отаси” Редьярд Киплинг ҳаётининг ярмини ёлғизликда ўтказган?

Таниқли инглиз адиби, Нобель мукофоти совриндори Жозеф Редьярд Киплинг таваллудига 152 йил тўлди. Мауглининг “отаси”, иккита “Жунгли китоби”нинг муаллифи умрининг кўп йилини Ҳиндистонда ўтказган ва бу унинг дунёқарашида ҳам, ижодида ҳам ёрқин из қолдирган. Тирикликда эришилган эътироф ва шон-шуҳрат, жаҳоний машҳурлик билан бирга Киплинг Нобель мукофотининг Англиядаги илк, дунёдаги энг ёш совриндори бўлган. Шунга қарамай, ёзувчи жамиятдан қочарди ва умрининг ярмини танҳоликда ўтказган.

Киплингнинг ота-онаси инглиз, бироқ у Ҳиндистонда туғилган ва болалиги шу ерда ўтади. Унинг отаси ҳинд санъати тарихи бўйича мутахассис бўлиб, санъат мактабида дарс берар ҳамда Лаҳордаги музейнинг мудири эди. Бу шаҳарни “Ҳиндистон Парижи” деб аташарди – ўша вақтларда бу ерда кўплаб санъат билимдонлари тўпланадиган, худди Париждаги Монмартрни эслатадиган устахона ва қаҳвахоналар бўлган. 6 ёшида Редьярдни ўқиш учун Англияга юборадилар. 10 йилдан сўнг у яна Ҳиндистонга қайтади ва газета муҳаррирининг ёрдамчиси сифатида ишга жойлашади. 16 ёшидаёқ барчани ўзининг заковати, кенг савияси ва етук мушоҳадаси билан ҳайратга солганди. Редьярд мамлакат бўйлаб кезар, газета учун репортажлар тайёрларди, тез орада эса у ҳикоялар ёза бошлайди.

Киплинг қаламига мансуб илк адабий асарлар мутахассисларнинг ижобий баҳосига сазовор бўлади, улардан бири шундай дея хитоб қилганди: “Даҳо дунёга келди!” У ҳақида яна шундай ёзишганди: “Киплинг ёш, аммо унинг юраги сезгир. У одатдаги нарса-воқеалар ортидаги ноодатий, муҳимликни пайқай олади”. 23 ёшидаёқ у машҳурлик ва муваффақиятга эришганди. Англияга қайтгач, Редьярд тез орада уйланади ва рафиқасининг юрти – Америкага жўнаб кетади.

Ҳиндистон ҳақидаги ўйлар уни сира тарк этмасди. У ўзининг бу ўлкада ўтказган вақтлари ҳақида тез-тез сўз очарди ва бир куни унга таниш болалар адибаси ҳинд жунглилари ҳақидаги ҳикояларни тинглаб туриб, Киплингни ушбу хотираларини ўзи муҳаррирлик қиладиган болалар журналида босиб чиқаришга кўндиради. Шу тариқа машҳур “Чангалзор китоби” ва “Иккинчи чангалзор китоби” асарлари юзага келади. “Маугли” деган сўзни адибнинг ўзи ўйлаб топган: асардаги она бўри бу сўз “қурбақа”  деган маънони билдиришини айтади, бироқ “маугли” деган сўз бирор тилда мавжуд эмас. Қисқа фурсатда бу сўзни бутун дунё китобхонлари билиб олишади. Айтганча, асарнинг рус таржимонлари Багиранинг жинсини ўзгартиришган, чунки “пантера” сўзи табиатан аёл жинси - “женский род”га мансуб эди.

Танқидчилар адибни олқишлашда давом этишарди: “У қушлар, ҳайвону судралиб юрувчиларнинг барча одат ва табиатини батафсил ўрганган, акс ҳолда “Чангалзор китоби”ни ёза олмаган бўларди!” Киплинг чиндан ҳам Ғарб тамаддунига мансуб одамлар учун ноёб саналган хислатга – инсон ва табиат бирлигини ҳис эта олишдек нозик сезгига эга эди. Шунинг учун уни “ҳинд юрагига эга инглиз” деб аташарди.

Қизининг ўлимидан сўнг Редьярд Киплинг Америкадан кетади ва Англияда қўним топади, бу ерда у якка-ёлғиз умр кечиради. Таниқли ёзувчини кўриш истагини билдирганларга ягона имконият – унинг қўрғони ёнидан экипажда ўта туриб, девордан мўралаш эканлигини тушунтиришарди. Ёзувчи Жером Кланка Жером Киплинг унга ўз “дум”ини йўқотишга беҳуда уринаётган кометани эслатишини айтиб, мутойиба қилганди. Бир неча маротаба адиб давлат мукофотларини рад этади, шу жумладан, рицарлик унвонини ҳам: у буни “шунчаки Киплинг бўлиб яшаш ва шундай ўлиш” истагида эканлигини айтиш билан изоҳлаганди.

Киплингнинг навбатдаги асари - “Ким” романи эълон қилинган заҳотиёқ ҳам Англияда, ҳам Ҳиндистонда катта муваффақиятга эришди. Ҳинд танқидчиси Нирад Чаудхири шундай ёзганди: “У Ҳиндистоннинг чинакам руҳини  англаб етган. Унга муҳаббат билан ёндашади. Биз ҳиндлар юртимизнинг ранг-баранг қиёфаси, гўзаллиги, қудрати ва аслиятни яққол кўрсатиб бера олгани учун ҳамиша Киплингдан миннатдормиз”.

42 ёшида Киплинг адабиёт бўйича Нобель мукофотини “кузатувчанлиги, ёрқин фантазияси, ғоя етуклиги ва мислсиз қиссагўйлик истеъдоди учун” қўлга киритиб, энг ёш совриндор бўлади. Аммо шу ўринда ҳам ўзига содиқ қолади – анъанавий нутқ сўзламайди.

Биринчи жаҳон уруши бошларида унинг ўғли жангда ҳалок бўлади. Бу воқеадан сўнг ёзувчи ўз оламига янада чуқурроқ беркиниб олади. У омма олдида шу қадар кам кўриниш берардики, ҳатто кунларнинг бирида бир журнал унинг ўлими ҳақида эълон қилади. Бунга жавобан Киплинг таҳририятга мактуб битади: “Ҳозиргина хабар топдимки, мен оламдан ўтибман. Илтимос, мени обуначиларингиз рўйхатидан ўчириб қўйишни унутманг”.

Киплинг 1930-йилларга қадар ижоддан ва ўз асарларини эълон қилишдан тўхтамади. Лекин унинг энг машҳур ва бутун дунёда севимли китоблари  Ҳиндистондан илҳомланиб яратилган “Чангалзор китоби” ва “Ким” романи бўлиб қолаверди. Бу мамлакатни ёзувчи қайтиб кўрмади. У 1936 йилда Лондонда вафот этди ва Вестминстер аббатлигидаги Шоирлар бурчагида дафн этилди.

Ҳикоя ва романлардан ташқари, Редьярд Киплинг ажойиб шеърлар ҳам битган. Улардан бири – “Насиҳат” ўғлига аталган шеърий васиятнома бўлиб, уни бутун ёш авлодга мурожаат сифатида баҳолаш мумкин.

“kulturologia.ru” сайтидан олинди.

Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.