"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 апрель, сешанба.

МЕН БИЛГАН ОЧУН

Маънавият
Tipografiya

Кузатиш ва қайдлар

МЕН БИЛГАН ОЧУН

Ташқи ва ички олам бирикиб  Очун вужудга келади. Очун асл ва тасаввурдаги оламнинг йиғиндисидир.

Демак, ҳар биримизнинг ўз Очунимиз бор!..

Агар шуҳратпарастлик киши руҳиятидаги нуқсон бўладиган бўлса, у нуқсонларимизнинг энг ажойибидир. Чунки шуҳратпарастликдан йироқ одам ё ландавур бўлади, ёки қўрқоқ.

* * *

Яқинда эшитиб қолдим: Гиппократ мия етишмовчилиги касаллиги билан туғилган экан. Ғаройиб-а, у яримта мия билан бутун дунёга ўзининг Гиппократ эканлигини кўрсатиб қўйибди!

Тиббиётда шундай факт бор: инсоннинг маълум бир аъзоси заиф бўлса, иккинчи бири кучлироқ бўлади. Масалан, оёғи   заифларнинг қўли... Сизнингча, Гиппократда ҳам шундай бўлганми?! Йўқ, зинҳор, ахир унинг бутун фаолияти миясига, ўзининг шу яримта миясига боғлиқ ҳолда кечди. Гап шундаки, у ўз устида бошқаларга қараганда кўпроқ ишлади, кўпроқ ўқиди, кўпроқ     тиришди, холос.

Демак, юз фоиз ишонч билан айтиш мумкинки,  мияси бутун бўлган ҳар битта одамда Гиппократдан буюкроқ бўлиш имкони мавжуд!

* * *

Инсоннинг илк марта суҳбатлашиб турган кишисига қиладиган совуққонлиги замирида обрўсини ошириб кўрсатиш ҳисси ётади-ю, аммо у бу билан ўзининг бор обрўсини ҳам хавф остига қўяётганини англамайди.

* * *

Баъзида тобелик ҳам буюклик даражасида бўлиши мумкин. Масалан, фарзанднинг ота-онасига тобелиги... Масалан, аёлнинг эрига тобелиги...

* * *

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф оламдан ўтганида кўпчилик мухлисларининг хаёлидан “Ўлим ҳақида кўп ёзарди, демак, эрта вафот этишини билган экан-да”, деган ўй кечган, яъни шоирни авлиёга чиқаришганди. Аслида, буни айтиш бироз оғир бўлса ҳам, ўлим - раҳматли шоир учун образ эди, холос, умр фурсати қанча эканини ҳатто пайғамбарлар ҳам билган эмас...

Баъзан эса ижодкор учун муҳаббат, одамийлик каби ҳиссиётлар ҳам шунчаки образ бўлиши мумкин. Энг ёмони - шу.

* * *

Момомдан шундай матал эшитган эдим.

Бир лофчи одам “оламдан ўтиб кетсам, ўғлим ўрнимни боса олармикин”, деб иккиланиб юраркан. Бир куни у олти яшар ўғлини синамоқчи бўлибди-ю, олис бир ёқларга кўзини тикиб, сўрабди:

- Болам, ҳув тоғдаги туяни кўраяпсанми?

- Қайси, ота? Анави бўталоғини эмизиб турган туяними?

* * *

Сертавозелик - тиришқоқлик ва ирода кучидан дарак беради.

* * *

Ўзига хос одамнинг хатти-ҳаракати инсон руҳияти ҳақидаги назарияларни чиппакка чиқариб қўйиши гўёки табиатнинг илм-фанга нисбатан киноясига ўхшайди.

* * *

Ичи бўш идишни чертиб кўрсанг биласан, ичи бўш одамни эса мақтаб.

* * *

Суҳбатдошингиз сизнинг гапларингизни тинимсиз маъқуллайверса, ё у сизни айтарли тушунмаяпти, ё гапингизнинг тезроқ тугашини кутмоқда.

* * *

Осонлик билан ваъда берадиган одамлар ё ваъдасини кечикиб бажарадиган, ё умуман бажармайдиганлар хилидандир.

* * *

Тафсилотларнинг кўплиги гапга ёлғон аралашганидан далолат беради.

* * *

Мен учун ҳаётда кузатишим жуда оғир бўлган учта таассурот бор:

биринчиси, инсон инсоннинг тушкунлик маҳсули бўлган ўткинчи эҳтирослар домига илинганидан фойдаланишга уриниши.

Иккинчиси, ўзаро муносабатларига чек қўйган икки инсон бир-бирининг устидан мағзава ағдариши.

Учинчиси, ижодкорнинг ўз ўқувчисини атайлаб йиғлашга мажбур қилиши.

* * *

 

Аҳмоқ одам қайсар келади.           

* * *

Энам бот-бот айтади: “Худо муғамбир бандасининг оёғидан чалиб туради, бу пухта, барибир ризқини айириб ейди, деб. Соддадил бандасини эса сийлаб туради, кўпинча ризқини олдириб юргани учун...”

* * *

Аҳмоқлар даврасига тушиб қолган ақлли одамнинг ҳолатидан ҳам аянчлироқ ҳол бўлмаса керак...

* * *

Умримиз узун бир йўл, биз ундаги уловлармиз. Янги йил эса умр йўлимизнинг бекати, одатий бекати эмас, балки нақ чорраҳада жойлашган, тепасига улкан ундов расми ишланган бекатидир! Бу бекатда яхшилаб нафас ростламаган ҳамда энди қайси тарафга қараб юришни аниқ белгилаб олмаган инсонлар кўп нарса йўқотадилар.

* * *

Ҳаётингдан бирор инсоннинг чиқиб кетиши ёмон аломат. Айниқса, у сенга яхшилик тилаб келган бўлса, бир қават пўстинг шилиниб тушгандай гап. Агар бундай йўқотишларга кўника борсанг, ҳаётингни тарк айлаётган инсонлар учун афсусланмай қўйсанг эса... қуллуқ бўлсин – жониворга айланаётган бўласан!

 

 Байрам АЛИ