"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 январь, чоршанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

“РАҲБАРДАГИ ОТАШИН ЮРАКНИ СОВУҚҚОН АҚЛ БОШҚАРИШИ КЕРАК…”

Маънавият
Tipografiya

Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига

“РАҲБАРДАГИ ОТАШИН ЮРАКНИ СОВУҚҚОН АҚЛ БОШҚАРИШИ КЕРАК…”

1987 йил. Собиқ советлар давлати ич-ичидан зил кетиб, таназзул ёқасига келиб қолган паллалар. Юзга яқин миллат ва элат вакиллари яшайдиган Муборак туманида халқнинг турмуш даражаси салбий томонга қараб борар, бу эса аҳолида норозилик кайфиятини уйғотарди.

Демократия, ошкоралик деб қуруқ аюҳаннос солишлар авж олган, меҳнат жамоаларида раҳбарларни сайлаш йўли билан лавозимга ўтказиш одат тусига кира бошлаган, натижада айрим жойларда гуруҳбозлик, қариндош-уруғчилик иллатлари кўзга ташланиб қолганди. Халқимиз “десантчи” деб номлаган, собиқ марказ кўрсатмаси билан иш юритаётган, қизил ҳокимиятни сақлаб қолиш учун тиш-тирноғи билан ҳаракат қилаётган гуруҳлар вакиллари ҳам жойларга ўз кадрларини тиқиштиришга уринишарди.

Ўшанда қизил империя томонидан “Қрим ўлкаси”га айлантириш режалаштирилган Муборак тумани партия қўмитасида бўлим мудири лавозимида ишлардим. Ўрни бўшаб қолган туман партия қўмитасининг идеология масалалари бўйича котиби лавозимига сайлов ўтказиладиган бўлди. Сайловга маҳаллий тилни билмайдиган, ерли аҳолининг урф-одатларидан, анъаналаридан бехабар “десантчи”лар вакиласи билан бирга муқобиллик асосида менинг номзодим ҳам тавсия этилди. Ўшанда кўп овоз билан мазкур лавозимга сайлангандим.

Мавжуд тартиб-қоидага асосан сайловда ғолиб чиққан номзод вилоят партия қўмитаси бюросида тасдиқланиши лозим эди. Лекин вилоят раҳбари Ислом Каримовга сайловда ютқазган кадрнинг “ҳомий”лари вазиятни нотўғри талқин қилиб етказишгани боис, мазкур масала бюро йиғилиши кун тартибига киритилмай қолди.

Эртаси куни вилоят раҳбарининг қабулига келдим. Иш ниҳоятда кўплигидан биринчи раҳбарни учратиш амримаҳол эди. Ўшанда салобатли кабинет тўрида тик турган Ислом Абдуғаниевич билан илк бор учрашганман. Ислом ака ўтиришга жой кўрсатди. Ўзи эса ўтирмасдан кабинет бўйлаб секин юриб, рўпарамда тўхтади-да, синчковлик билан қараркан, “Сиз Худога ишонасизми?” деб сўради.

Дабдурустдан берилган бу саволдан, суҳбатдошимнинг менга қадалиб турган ўткир нигоҳидан бир зум каловланиб қолдим, шўро сиёсати динга қарши қаттол қиличини яланғочлаб турган бир вақтда бундай саволга жавоб бериш ўта мушкул эди. Бу саволга “Ҳа” деб жавоб бериш оғир оқибатларга, яъни нафақат лавозим билан хайрлашиш, балки ундан ҳам оғирроқ жазоларга мубтало бўлишни англатар эди. “Йўқ” деб жавоб бериш эса бир умр виждон азоби билан қийналиб яшашга маҳкум бўлишга олиб келар эди.

Шунда ўзимда қатъият сездим-да, пароканда хаёлларимни йиғиб, “Ҳа, Худога ишонаман, Ислом Абдуғаниевич”, дедим. Бу сўзларимдан кейин у кишининг чеҳраси бирдан ёришиб кетди. “Инсонда иймон бўлмаса, ишонч, эътиқод бўлмаса, ундай инсондан нимани кутиш мумкин?”, деди. Сўнг тумандаги аҳвол билан қизиқди, сайлов қандай ўтганини сўради.

- Сиз олий партия мактабида ўқиган экансиз. Гегель, Кант, Фейербах таълимоти ҳақида фикрингиз қандай? – деди Ислом ака. Мен немис файласуфлари таълимоти ҳақида билганларимни айтдим. Гап гапга уланиб, икки ярим соат қандай ўтиб кетганини билмай қолибмиз.

Суҳбат якунида Ислом Абдуғаниевич “Ука, раҳбарда оташин юрак бўлгани яхши, лекин ушбу юракни совуққон ақл бошқариши керак”, дея келгуси ишларимга ривож тилади.

1989 йил июнь ойида Ислом Каримов республика раҳбарлигига сайланди. Кейинги йил мартдан эса мен Муборак тумани раҳбари сифатида иш бошладим. Ўшанда тумандаги аҳволни қўполроқ қилиб айтганда нақ арининг уясига қиёслаш мумкин эди. Турли ноформал ҳаракатлар шаклланиб, ўзларини мухолифат деб эълон қилган бир гуруҳ кимсалар вазиятни беқарорлаштиришга, раҳбариятга нисбатан аҳолининг, айниқса, ёшларнинг норозилигини уйғотишга, митингбозлик билан вазиятни издан чиқаришга ҳаракат қилишар, бир вақтлар Қримдан келиб қолган дўстларимиз эса азалий ватанларига кетиш тараддудида эди.

Орадан бир йилча вақт ўтиб, Ислом Каримов вилоятга келиб, раҳбарлар билан учрашди. Вазият, жойларда ишнинг бориши билан қизиқди. Саволларга жўяли жавоб бера олмаганлар қаттиқ танбеҳ эшитди.

Навбат менга келди. Вазият ҳақида қисқача ахборот бердим. Ўшанда Ислом акада Муборак тумани ҳақида тўлиқ ахборот борлигини сездим. У киши сўзининг охирида кўнглимни кўтариб, вазиятдан огоҳ бўлишимни, соғлом фикрли кишилар билан кенгашиб иш тутишимни айтди. Мураккаб бир шароитда бу мен учун катта далда, ишонч белгиси эди.

1993 йил 20 мартида Ислом Абдуғаниевич Россия Федерацияси бош вазири Виктор Черномирдин билан Муборакка келди. Муборак газни қайта ишлаш заводида ташкил этилган учрашувдан сўнг Ислом  Абдуғаниевич мен билан бир неча дақиқа юзма-юз суҳбатлашди. Биринчи навбатда халқнинг турмушини яхшилашга эътибор қаратиш, туман шароитида экологик муҳит бузилишининг олдини олиш, кўпроқ боғ-роғлар яратиш, миллий тотувликни сақлаш юзасидан маслаҳатлар берди.

Кейинги йили Ислом Абдуғаниевич вилоят ҳокимлигида фаоллар билан учрашди ва минбарга мени чақираркан, бир йил олдин заводда берган топшириқлари ижросини сўради. Ўшанда мен у кишининг эл-юрт манфаати йўлида берилган ҳар бир топшириқ доимий эътиборида бўлишига амин бўлганман.

Ислом Каримов Қашқадарёга фарзандлик меҳри билан қарарди. “Қашқадарёда ишлаган йилларим мен учун алоҳида қадрлидир. Нега деганда, Қашқадарёда мен олган ҳаёт сабоқларини – буни катта ҳаёт мактаби деса ҳам бўлади – ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Агарки ҳаётимни икки паллага бўладиган бўлсам, Қашқадарёгача бўлган давр алоҳида, Қашқадарёда ўтказган йилларимнинг ўзи алоҳида бир даврни ташкил этади” дея миннатдорлик билан таъкидлаган эди. Мен эса “Ислом Каримов мактаби”да сабоқ олганимдан, у кишининг муҳим ўгитларидан баҳраманд бўлганимдан бир умр фахрланиб юраман.

Жумақул ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, сиёсий фанлар номзоди