"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

26 сентябрь, чоршанба.

ИЗЗА

Маънавият
Tipografiya

Ҳикоя

ИЗЗА

Меҳмонлар тадориги билан шошиб юрган Бурхон қўлида токқайчи билан нарвончада туриб ишкомларни тўғрилаётган отасини кўриб асабийлашди.

- Бу нима деган гап-а, ота? Бугунча қўйсангиз-чи шу ишларингизни! Ахир Ғозиев келаяпти!

- Ким? - тепадан ўғлига ажабланиб термулди ота.

- Ғо-зи-ев! Бошлиғим!

- Нима, Ғозиевинг ток кўрмаганми? Ё токқайчи ушлаган одамдан қўрқадими у?

- Эй, боринг-ей... - Бурхон нари  кетди. Сўнг пешайвоннинг очиқ деразасига бош суқиб, неварасини ўйнатиб ўтирган онасига шипшиди:

- Ая, алдаб-сулдаб чақиринг қайсар бобойингизни! Меҳмонлар ҳам йўлга чиққандир! - онаси жойидан қўзғалгач, овозини янада пастлатиб қўшиб қўйди: - Айтгандай, ая, тағин ўзингиз кўз-қулоқ бўлинг. Отам ҳадеб ҳовлида айланиб, Ғозиевнинг олдида одамни хижолатга қўймасин. Айниқса, кириб ўтирмасин олдимизга...

Она ўғлига норози боқди:

- Кирса нима қилибди, ўғлим? Қайтанга сизларга насиҳат беради, гурунгларингни қизитади-да... Эс-ҳуши жойида бўлса.

- Сиз нимани билардингиз, ая! - Бурхон йиғламоқдан бери бўлди. - Ғозиев насиҳат эшитадиган одамми сизга?!  Ғо-о-озиев-а?! Унинг ўзи валломат инсон-ку! Ундан кейин отам бир гапга тушса, тўхтатиб бўлмайди... Бас, чақиринг, ичкарига кирсинлар.

Ғудрана-ғудрана онасининг олдидан узоқлашаркан, ошхонада пишир-куйдир қилаётган хотинига-да ўшқирди:

- Лоба-ар!

Эрининг тергайверишларидан хуноб бўлган, шекилли, хотини ҳам асабий жавоб берди:

- Ҳаа-а!

Бурхоннинг дами ичига тушди. Капкир кўтариб турган аёлига бироз термулиб тургач:

- Тезлаштиринг, аяси, тезлаштиринг... - деди секин. - Ғозиев... Келиб қоладилар...

***

Уч-тўрт кишидан иборат меҳмонлар келиб бўлган, тўкин дастурхон атрофида суҳбат қизирди. Шу пайт тўрда ўтирган Ғозиев:

- Бурхон, - деб мурожаат қилиб қолди мезбонга, - боя ҳовлингизда кексароқ бир кишига кўзим тушди, ким бўладилар у киши?

- Ҳалиги... Оқ яктакдаги бобойми?.. - худди айб иш қилиб қўйгандек тайсаллади у.

- Ҳа-ҳа, ўша киши.

- У киши... отам...

Бошлиғи Бурхоннинг ўзини тутишидан ҳайрон эди.

- Нега отангиз бўлса бизни таништирмайсиз? - сўради Ғозиев ҳайратини яширолмай. - Нуроний киши экан, чақиринг, бир суҳбатини олайлик...

Бурхон бунақа бўлишини кутмаганди. У “хўп-хўп”, деб меҳмонлар ёнидан чиқди-ю, шошиб ота-онаси ва хотини ўтирган хонага кириб борди.

- Ота, - деди илтижо билан. - Юринг, сизни Ғозиев сўраяпти.

- Ия, - қош чимирди отаси. - Бошлиқ сеники бўлса, нега мени сўрайди? Чақир, ўзи келаверсин.

Унга боқиб онаси ва хотини “пиқ-пиқ” кулар, Бурхон ожизлигидан отасига ювош бир ҳолатда жавдираб турарди.

- Жоо-он, ота! - ниҳоят ялинишга тушди у. - Шарманда қилманг мени. Шу бугунча қўйиб туринг қайсарлигингизни, илтимос сиздан...

***

Бурхоннинг отаси билан ҳамма қўшқўллаб кўришди, бошлиғи Ғозиев эса қучоқ очди, отани бағрига босиб, негадир узоқ туриб қолди. Дастурхон тўридаги ўзи ўтирган жойни бўшатиб бераркан, отанинг елкаларидан силаб қўйди. Ғозиевдаги бу енгил ҳаяжон ҳаммага сезилиб турарди.

Энди суҳбатда аввалгидек бақир-чақир, қийқириқ йўқ, аммо кулги ҳамон таралиб турар, мамнуният барчанинг юз-кўзидан билинар эди.

- Отахон, - мурожаат қилиб қолди бир маҳал Ғозиев. - Мана, кўпни кўрган одамсиз. Аввалги шароитларни ўзингиз биласиз. Одамларнинг устидан дори сочишиб, эҳ-ҳее... Кимдир оч-наҳор... Чақалоқлар эгатда туғиларди. Касал бўлса даволанишга шароит йўқ эди... Лекин нимагадир одамлар ҳозир аввалгидақа соғлом эмасдай, дейман-да. Олимлар экология бузилган дейди, сиз нима дейсиз шунга, а?

- Болам, боиси илгари одамлар соддароқ бўлишган-да... - отахон даврадагиларнинг кайфиятига монанд жилмайиб жавоб қайтарди. - Кўнгли тоза бўлган, қорни тўйиб овқатланса, шунга хурсанд бўлиб кетаверган. Беорроқ десаммикин, беўйроқ деб тушунтирсаммикин, сенга... Масалан, машинам атиги битта, шуни учта қилай, ҳадемай бола-чақам улғайса, уйга сиғмай қоламиз, қўша-қўша участка солиб қўяй, демаган. Ҳозир муштдай бола билан суҳбатлашсанг ҳам ташвиши олам-жаҳон... - сўнгра кула-кула қўшиб қўйди у. - Иннайкейин, илгарилари ҳа деса касал бўлдим, деб таблетка-маблеткага ёпишиш ҳам бўлмаган. Тунов куни қизимникига борсам, тўққиз яшар ўғилчаси дори қутини ёнига қўйиб, обдаа-ан дори саралаб ичаяпти. “Мана бу бош оғриққа”, “мана бу ич оғриққа” деб. Номларини дилбузардаги рекламадан кўрган-да!

Отахоннинг содда жавобидан даврадагилар завқланиб кулишди. Айниқса, Бурхоннинг ўзи маза қилиб куларди. Ғозиев қаҳқаҳаданми, ҳаяжонданми ёшланган кўзларини арта-арта, тағин сўради.

- Одамзод неча ёшида қариганини билар экан, отажон?

- Эйй, болам, одамзоднинг ўзидан сўрасанг, ҳеч қачон қаридим, демас экан, - қўлини ҳаволатди ота. - Бугун бир ишга кучи етмай қолса, чарчаганга ўхшайман, эртага бажараман, дер экан. Эртага ҳам қурби етмаса, белим тузалсин, индинга бажараман, дер экан. Аммо сира “қарибман” демас экан.

Бурхон ўрнидан туриб кетди.

- Менга қаранглар, лекин-чи, - деди худди жуда доно бир гап айтмоқчидай жўшиб. - Баъзан бу меҳнат дегани одамни яшартирадимикан, деб ўйлаб қоламан! Мана, уйда ток қирқиш борми, ер чопишми, ҳаммасини бобой ўзи бажаради. Вей, стулда ўтириб ишлаб мен йилига икки марта даволанаман, бобой эса бирор марта даволанай демайдилар-а! Ха-ха-ха!..

Ҳамманинг кайфияти кўтаринки, Бурхоннинг гапини ҳангома қилиб кулишарди. Биргина Ғозиев бошини эгиб, дастурхонга тикилиб, мутаассир бўлиб қолди...

***

Фотиҳа ўқилди, меҳмонлар тарқала бошлади. Ғозиев эса отани тағин бағрига босиб, қўлларини қўймасдан ҳали яна кўп келишини, у киши билан кўп-кўп суҳбатлашиш орзусида эканини айтди. Ғозиевнинг бундай кўнглига яқин олишидан Бурхон жуда хурсанд эди...

Кетиш олди Ғозиев мезбонни ўз машинаси томон бошлади.

- Бурхонжон, аввало меҳмондорчилик учун раҳмат, - деди оҳиста, кўнгилга ботмайдиган майинлик билан. - Отангиз жуда табаррук инсон экан, у кишини авайланг. Меҳнат яшартираркан, деб уй ишларини қўлига топшириб қўяверманг-да, иним. Ярим кун иш бўлса, деярли ярим кун бўшсиз, бундай ишларни ўзингиз бажаринг. Қолаверса, мен йилига икки даволанаман, отам даволанмайди, деб ўтирмай сиҳатгоҳларга жўнатинг... Мана, кексалар учун давлатимиз шунча имконият яратиб бераяпти... Бирор хизмат ё ёрдам керак бўлса, айтинг, ука, биз тайёр, - қўлини кўксига босди у. – Майли, Бурхонжон, раҳмат яна бир марта. Биз борайлик...

Шу гапларни айтиб машинасига ўтирган Ғозиев, эшикни ёпмасдан ёнгинасида қўл қовуштириб турган Бурхонга яна бир бор қаради.

- Дарвоқе, жон укам, бундан кейин ўз отангизни “бобой” демасдан, “ота” десангиз яхшироқ бўларди. “Ота” дейишнинг, “отажон” дейишнинг бахтини, сурурини отаси борлар англамайди. Буни отаси йўқлардан сўранг, укажон... Ота-она ҳам бир давлат экан. Шундай давлат эканки, бир марта бой берсангиз қайтиб келмас экан. Ҳозир отам ёнимда бўлса ундай қилардим, ҳозир онам ёнимда бўлса бундай қилардим, деган армон билан қолавераркансиз мунғайиб...

Машина эшигини ёпаётганда Ғозиевнинг кўзларида икки томчи ёш бор эди. Бурхон ҳангу манг бўлиб қолди. У бир уйи тарафга, бир олислашиб бораётган Ғозиевнинг машинасига эсанкираб тикилар экан, жисми зил-замбил, оёқлари гўё ерга ёпишиб қолгандай эди...

Байрам АЛИ