"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

МАРДЛИК, МАТОНАТ ВА ЖАСОРАТ ТИМСОЛИ

Маънавият
Tipografiya

МАРДЛИК, МАТОНАТ ВА ЖАСОРАТ ТИМСОЛИ

1

- Кейин ботир ўғлон қўлида қиличини маҳкам тутганича, сакраб тулпорига минибди ва ўша даҳшатли аждаҳо макон тутган кенг дала сари йўл олибди. Кўзлаган манзилига яқинлашган сари қаршидан таралаётган иссиқликка чидаш қийинлаша бошлабди. Қаердадир ёнаётган олов тафтидан бутун вужуди терлаб кетган ўғлоннинг кийимлари жиққа ҳўл бўлиб кетибди. Эгнидаги совути борган сари оғирлаша бошлабди...

- Аяжон, совут нима дегани?

- Совут – жанг маҳали кийиладиган, темир симдан тўқиладиган, ўқ ўтказмайдиган кийим, қизим!

- Давоми, аяжон! Давомини айтинг, - ичи тошиб кетгудай бўлади олти-етти ёшлардаги боланинг. Сўнг синглисини уришиб беради. – Ҳадеб савол бераверасан, кечаям шундай қилгандинг. Аввал эшитгин-да охиригача...

- Бўлди, бўлди, Азамат! Тушунмаган сўзни сўраган яхши-ку, болам! Ўзинг ҳам илгари шунақа қилардинг-ку, нима, эсингдан чиқдими? – кулиб болаларини тинчлантиради она. Сўнг эртакни давом эттиради. – Ботир тишини тишига қўйиб, олға бораверибди. Аждаҳонинг манзилига яқинлашиб қолганида унинг тулпори бутунлай ҳолдан тойибди, иссиқ тафтга дош беролмай йиқилибди. Ботир ўғлон пиёда йўлида давом этаверибди, этаверибди. Минг бир машаққатлар билан аждаҳонинг ёнига етиб борибди. Кенг далани ёлғиз ўзи эгаллаб, улкан гавдаси билан қуёшни тўсиб ётган уч бошли баҳайбат аждаҳо ўғлонни кўриши биланоқ ғордай оғзини ланг очибди-да, душманига олов пуркай бошлабди. Ботир ўғлон ўқ ўтмас, ўтда куймас қалқонини пана қилганича, қиличини тик ушлаб, душманга қарши дадил бораверибди. Пайт пойлаб туриб, аждаҳонинг битта бошини сапчадек узиб ташлабди. Олов пуркашдан тўхтаган аждаҳо шиддат билан ботирга ташланибди ва улар ўртасида тенгсиз, омонсиз жанг бошланибди. Жанг роппа-роса уч кечаю уч кундуз давом этибди. Охир-оқибат эса жангда ботир ўғлоннинг қўли баланд келибди. У халқини ёвуз душмандан халос айлабди...

- Зўр экан-а, ая? – ҳаяжон билан дейди Азамат. Синглисининг кўзларида эса ҳайрат учқуни пориллайди. Жажжи кўнглидаги савол тезда тилига кўчади:

- Ая, ўша ботир ўғлон шундай катта аждаҳодан сираям қўрқмабдими?

Азаматнинг жаҳли чиқиб кетади:

- Э, нега қўрқаркан? Ахир, у ўғил бола-ку! Тўғрими, ая? Ўғил болалар қўрқмаслиги керак, а?!

Фарзандларининг тортишувига она нуқта қўяди:

- Ҳа, тўғри, ўғил болалар қўрқмас бўлишлари керак. Эртакда буни ёзишмабди-ку-я, ким билсин, балки ўша ботир ўғлон ич-ичида озгина қўрққан, ўз жони учун ташвиш чеккан бўлиши ҳам мумкиндир. Лекин унинг ортида турган одамлар – ота-онаси, оиласи, ёр-биродарлари, ҳамюртларининг унга билдирган ишончи ботир ўғлонни чекинмасликка, қўрқувни енгишга мажбур қилгандир... Майли, буни катта бўлганингизда тушуниб оласиз. Ботир ўғлоннинг бу иши нима дейилади, биласизларми?

- Қўрқмасликми?

- Ботирликми?

- Бунинг номи – Жасорат...

2

- Дада, Орзигул янгамни бугун телевизорда кўрсатишди, - отаси ишдан қайтгани ҳамоно “кун янгиликлари”ни ўртоқлашишга ошиқади Жасурбек.

- О, шунақами? – ўғлининг хабарини тасдиқлатиш учун рафиқасига юзланади ота. – Нега экан?

Энди гапга оғиз жуфтлаган онани гапиртиргани қўймасдан кичкина хабарчи ўз вазифасини давом эттиради:

- Қаҳрамон тоғам ҳарбий хизматга кетган-ку! Яқинда Ватан ҳимоячилари куни. Шунинг учун аскарлар ва уларнинг оналарини учраштиришди. Дада, кўрмадингиз-да, бирам кўп аскарлар, командирлар келишган экан! Катта шапкали бир ҳарбийнинг медаллари шундай кўп эканки!.. Айтганча, Орзигул янгам гапирдилар, ўғлим отасининг изидан бориб, мана, аскар бўлди, ҳарбий хизматни тамомлаб, Қуролли Кучларимиз сафида мардонавор хизмат қилишни ният қилган, мен бундан жуда хурсандман, дедилар-да, тўсатдан йиғлаб юбордилар... Нега йиғладилар, а, ая? Боя ҳам сўрагандим, айтмадингиз...

- Ўзим айтиб бераман, ўғлим, - болани хотиржам қилди ота ва хўрсиниб қўйди...

Кечки тановулдан сўнг бола отасига ваъдасини эслатди. Бу вақтда у айтган ўша лавҳани телевизордан қайта кўрсатишди. Орзигул янганинг гапларини тинглай туриб, онанинг кўзларида ёш милтиллади, ота яна хўрсинди. Кўз ўнгида бундан 17 йил муқаддам бўлиб ўтган машъум воқеалар, юртимизнинг олис сарҳадида юз берган қонли тўқнашувлар ва шундай жанглардан бирида ҳалок бўлган Орзигул янганинг турмуш ўртоғи – ҳозир аскарликда хизмат қилаётган Қаҳрамоннинг отаси гавдаланди...

- Қаҳрамон тоғангнинг исмини отаси ўзи ҳарбий бўлгани учун шундай деб қўйганди, у ўғлим улғайиб, мен каби ҳарбий зобит бўлади, исми жисмига монанд қаҳрамон бўлади, деб ният қилганди, - хотираларини ўғлига гапириб бераркан, қўшиб қўйди ота. - Мана, ўша қаҳрамон жангчининг ўғли бугун ростдан ҳам азамат йигит бўлиб ўсди, ота изидан бориб, ҳарбийликни танлабди. Орзигул янганинг йиғлаганига келсак, ўғлим, бу аслида севинч ёшлари. У ўғлининг отаси истагандек алп аскар бўлганидан, шу кунларга етказганидан қувониб йиғлади. Насиб этса, Қаҳрамон тоғанг ҳали катта зобит бўлади, унинг ҳам кўкси боя кўрганинг катта шапкали ҳарбийники сингари орден-медаллар билан тўлиб кетади...

Отасининг ҳикоясини таъсирланиб тинглаган боланинг кўзларида орзу чақнайди:

- Дада, мен ҳам катта бўлсам, ҳарбий бўлсаммикин?

- Бўлади, ўғлим! – тасдиқлади ота, сўнг ўғлига синовчан назар ташлади. – Аввал айт-чи, ҳарбий бўлиш учун кишида қандай фазилатлар бўлиши керак?

Жасурбек бир муддат ўйга толди. Кейин билганларини санай бошлади:

- Ҳарбий бўлиш учун жасорат, мардлик керак... яна қўрқув билмаслик керак... яна...

- Яна, ўғлим, бунинг учун одамда Матонат ҳам бўлиши керак! – таъкидлади ота. – Агар сендан талаб қилинган вазифани бажаришга сабринг, матонатинг етмаса, ҳарбий бўлолмайсан. Буни эсингдан чиқарма.

- Матонат... – такрорлади бола. Бу сўз унинг тилидан дилига кўчгандай бўлди. Қаддини ғоз тутди. – Албатта, мен матонатли аскар бўламан!

3

Бугун шаҳар кўчалари одамлар билан гавжум. Марказий йўлнинг икки тарафида зич саф ҳосил қилганларнинг қўлларида юрт рамзи – жажжи байроқчалар ҳилпирайди. Болаларнинг кўзларида ҳаяжон, юракларида қизиқиш, юз-кўзларида орзиқиш ифодаси. Бир маҳал кўчани тўлдириб, баҳайбат ҳарбий машиналар ўта бошлади. Марказий майдон сари йўл олган ҳарбий техникалар, уларга ортилган аслаҳаларни кўриб, сафдаги болалар шодлик ва ҳайрат аралаш қичқиришди:

- Вой-бў! Танкни қаранглар, бунча катта!

- Манави машинанинг оёғини-чи! Бизнинг бўйимиз етмас эканми?

Қуролли Кучларимизнинг бор салоҳияти ва қудратини ўзида намоён қилган ҳарбий машиналар, аслаҳалар карвони белгиланган жойда тўхтади. Уларнинг ёнига келишга изн берилгач, болалар аввалига бироз ҳадик билан техникаларга яқинлашишди. Машиналар ёнида қаддини ғоз тутиб турган аскарларнинг мулойим муомаласи уларни бу техника ва аслаҳаларга яқинлаштирди. Синглисининг қўлидан тутиб турган Азамат унга аскарнинг эгнидаги қалин, ўқўтмас кийимни кўрсатиб, астагина деди:

- Ана, қара, Гули, кеча сен сўраган совутнинг ҳозирги кўриниши экан бу, боягина айтишди, эшитиб, билиб олдим. Отини...нимайди-я, бир нарса дейишувди-да...

- Бронжилет! – жилмайганича унга ёрдамга келди бояги аскар. – Бу бронжилет, дейилади. Яъни ўқ ўтказмайдиган камзул.

Азамат унга ҳам ҳайрат, ҳам ҳавас билан қаради. Акасининг қўлидан маҳкам ушлаб, ортига сал тисарилиб турган Гули унинг қўлини қўйиб юбориб, аскарнинг ёнига келди ва илтимос қилди:

- Ҳув анави нарсани ушлаб кўрсам бўладими?

Қизалоқ кўрсатган қуролга қараган аскар бошини ирғаб қўйди. Кейин ака-сингилни навбати билан танк устига чиқарди. Нариги машина устида ўтирган Жасурбек қўшниларини кўриб, қўл силкитиб қўйди.

- Биласизларми, бизнинг аскарлар ниманинг тимсоли? - у саволига жавоб кутмасдан ўзи жавоб бериб қўя қолди. – Улар Мардлик, Матонат ва Жасорат тимсоли!

Хуршида АБДУЛЛАЕВА