"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

20 июнь, чоршанба.

ИҚРОРЛИК

Маънавият
Tipografiya

Муқаддассан, аёл!

ИҚРОРЛИК

ҚИЗАЛОҚ!

Сен туғилдингу гўё олам нурга тўлди. Ота-онанг бахтиёр бўлди. Оилага тотувлик, рўзғорга қут-барака олиб келдинг. Оталар, ака-укалар Сенинг кўзларингга боқиб оламнинг пок ва беғуборлиги, чиройи, мафтункорлигини ҳис этдилар. Жажжи ҳаракатларинг, ширин-шакар сўзларинг билан барчани мафтун айладинг. Сени эркаладилар, ором олдилар. Оталар “ой қизим”, боболар “энам” деб суйдилар. Сенга яхшиҳаёт тиладилар, бахтли бўлишингни умид қилдилар. Зеро, Сен ҳақиқатдан ҳам беғубор фариштасан!

Аёл! Ўқиб, интилиб ва курашиб яшаб, давлату жамиятнинг барча жабҳаларида фаолсиз. Олимасиз, шоирасиз, шифокорсиз ва ҳар жойда борсиз. Ҳам оила, ҳам давлату жамият ташвишига ҳамиша тайёрсиз. Ҳақиқий қаҳрамонсиз, Сизга таъзим қиламиз!

ЎСМИР ҚИЗ!

Нечунҳаётга бунчалар ташнасан? Юксак орзу-умидларни қалбга жо қилишни, фақат гўзал ва ширин орзулар оғушида юришни, эзгу мақсадлар билан яшашни кимдан ўргандинг? Ҳаётни севиб, орзулар оғушида шеърлар битдинг, қўшиқлар айтдинг, рақсга тушдинг. Ўғиллар озодалик, поклик ва уятни Сендан ўргандилар, оталар тоза кийиндилар, оналарга сирдош ва мададкор бўлдинг. Эртагу достонлар, шеърлар ва “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”ларни ўқиб вояга етдинг. Уят,ҳаё ва номус ҳамиша ҳамроҳинг бўлди, Шарқ аёли бўлиб шаклландинг. Серташвиш, сирлиҳаётга ана шундай соддалик, самимийлик ва собитқадамлик билан кириб келдинг.

Қанчалар орзуларинг рўёбга чиқди, қанчалари хазон бўлди. Ҳамиша интилишдасан, умидворсан. Кўз ёшингни тўкканларга Аллоҳ қаҳр қилди. Зеро, Сен кабутарсан, бокирасан, поксан – малаксан!

Аёл! Сизни паранжидан озод қилиб, ўзимизча “ҳуқуқ” бериб, оила ва жамият олдидаги бурчингизни ўн ҳисса оширганимизни “сезмадик”. Гоҳо кўп туғилиш, ўз жонига қасд, болалар ўлими, жиноятчилик ва фоҳишалик сабабини ҳам Сендан сўрадик, гуноҳкор айладик. Уят!

КЕЛИНЧАК!

Ўзга бир хонадонга бир олам бахт излаб, умид,ҳаё ваҳадик, назокату латофат-ла кўзларингда севинч ёшлари билан кириб келдинг. Оқ либосингда заррача доғ йўқ. Сен келган хонадон янада обод бўлди, рўзғорга файз кирди. Висол, ҳижрону соғинч ҳамроҳинг бўлди. Сени севиб ардоқладилар, гоҳида хафа қилдилар. Янги хонадонда ҳамманинг кўнглини топиш,ҳурматини жойига қўйиш оғирлигини кўрдинг. Оила муқаддас даргоҳлигини ҳис этиб, сабр ва умид билан яшаб, зурриётни давом эттирдинг.

Аёл! Барчамиз висолингизга интиламиз, сўнгра айримларимиз ғийбат қилишни одат қиламиз. Кўпларингизга ватангадолигу мардикорликни ҳам раво кўрдик, қайсимиздир муҳтожу хор қилиб қўйдик. Сен ҳайронсан, ожизсан ва ҳамон сукутдасан! Офарин!

УМР ЙЎЛДОШ!

Умид, ишонч ва улуғ орзулар билан яшамоқдасан. Ёрингнинг доимий ҳамроҳи, ҳаётнинг қувонч-ташвишларига доимо шериксан. Оила, рўзғор ташвиши, фарзандлар тарбиясида ҳамиша олдинги сафдасан. Ёринг ҳамиша мададингга муҳтож. Зеро, “эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотин”, деб бежиз айтилмаган.

Ҳаёт, нақадар мураккабсан! Эрлик қилишни билса-да, оталикдан қочиб юрганлар қанча? Фақат аёл тарбиясида қолган болалар, уйсиз-жойсиз аёллар қанча? Ногирон эр етаклаган хотинни кўп кўрсак-да, ногирон хотин етаклаган эрни кўрмадик. Бекорчи, лоқайду дангасаси ҳам Сенгаҳукмронлик қилишга интилади, эътибору ҳурмат талаб қилади. Нафақат оила, жамият ташвишини ҳам Сенга юклаб қўйишаётганда ҳорғину маъюс жилмайиб турибсан.

Аёл! Савол берасан: Аёлим, оилам, болам деб куюнадиган ориятли Шарқ ўғлони қани? Ўзинг жавоб топасан: Ёмонидан яхшиси, номардидан марди кўп. Оиламни боқаман, нону тузга зор қилмайман деб, жонини хатарга қўйиб ўзга юртларда юргани қанча? Айримларини ишсизлигу ожизлик, иложсизлик қийнаб қўйди, дея эркаклар ҳимоясида бўласан. Тасанно!

ОНА!

Таърифингга сўз ожиз. Оқ сутинг билан боқиб, ардоқлаб меҳр бердинг. Кунинг меҳнатда, тунинг бедорликда ўтди. Болаликда Сенга талпиниб яшадик. Фарзандинг юришни ўрганаётганда, тили чиқа бошлаганда оламда Сендан бахтлироқ инсон бўлмади. Оналик бахтидан бахтиёр бўлдинг. Юксак орзулар билан фарзандларингни камол топтирдинг. Болаларинг муваффақиятидан қувондинг, ташвишу мағлубиятини ғамим деб билдинг. Фарзандинг хато қилиб, ҳамма ундан юз ўгирганда ҳам сен воз кечмадинг. Фақат “фарзандим омон бўлса бас”, дея олдинг, холос. Бу хислатлар фақат сенга хос!

Ёринг урушдан қайтмади, ёш бева қолдинг. Фарзандингни деб ёлғиз ўтдинг, сабр-қаноат, вафо ва садоқат рамзи сифатида намоён бўлдинг. Ватан, элу халқ ва оилани севишни ҳам фақат Сендан ўрганмоқ керак. Зеро, она Ватан ва она юрт сўзлари бекорга эгизак эмасдир.

Гоҳо эътиборсиз қолдирдик, гоҳо билиб-билмай дилингга озор бердик. Кечирдинг. Бизга соғлик, тинчлик ва омад тилашдан чарчамайсан!

Аёл! Вафо ва садоқатда бетакрорсан. Шоирга илҳом бағишлаган, ҳофизни куйлатган ҳам Сенсан!

МОМО!

Сенинг юзларингдаги ажинлардаҳаётнинг суронли ташвишлари, ўтмиш ўз ифодасини топган. Лекин ҳамон тетиксан, ҳануз интиласан. Ўғил-қизларинг, набираю эвараларинг дуосидасан. Топган-тутганингни, ҳатто нафақа пулингниям уларга илинасан. Зеро, ота-онаси, бобо-момоларининг пенсияси ҳисобига кун кўраётган “жигитлар” ҳам кам эмас. Юртга тинчлик, элга омонлик тилашдан чарчамайсан.

Чолингнинг ғаму-ташвишини зинҳор унутганинг йўқ, ҳамиша унинг ёнидасан. Чолинг эса Аллоҳдан илтижо қилмоқда, кўзларида ёш: “Эй бағри кенг эгам, нима бўлганда ҳам мени даргоҳингга кампиримдан олдин олиб кетгин, ундан кейин қолдириб бошқаларнинг меҳри-мададига муҳтож қилиб қўймагин!”

Аёллар! Ўтинчимиз, ўзингизни асранг, азизлар, сабр қилинг! Ахир, Сиз севги ва муҳаббат, чидам ва матонат рамзисиз. Вақти келиб аёл, оила, авлод ва миллат шаъни ва муҳофазаси учун кураша оладиган ҳақиқий Шарқ ўғлонлари кўпаяр, тарбияланар, шаклланар. Ана шунда Сиз “бекорчи”, “ғийбатчи”, “ёзғувчи”, “бозорчи”, “мардикор”, “шантаж”, “ёлғиз аёл”, “ёш бева”, “фоҳиша” каби тавқи лаънатлардан қутуларсиз? Давлатимизда Сизни улуғлаш, қадрингизга етиш борасида катта ишлар бошланганлигини кўриб турибсиз. Ҳаётда мағрур, бахтиёр ва шод-хуррам яшаётган аёллар кўплигига эътибор беринг. Ҳаёт гўзал, умр эса бетакрор эканлигиниҳис этинг. Иқроримизни қабул қилинг. Ҳозирча, шоира айтганидек: “Сен барибир муқаддассан, Муқаддас аёл!” дея оламиз, холос!

Узр! Асосий мақсад ёдимдан чиқай дебди. Барчангизга 8 март - баҳор, ёшлик ва гўзаллик байрами муборак бўлсин, бахтли ва саодатли бўлинг! Қаршингизда доимо бош эгамиз!

Абдишукур ОМОНОВ