"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

20 июнь, чоршанба.

МИЛЛИЙ ЎЙИНЛАРНИ ШАҲАР МУҲИТИДА ҚЎЛЛАБ БЎЛАДИМИ?

Маънавият
Tipografiya

Қадрият

МИЛЛИЙ ЎЙИНЛАРНИ ШАҲАР МУҲИТИДА  ҚЎЛЛАБ БЎЛАДИМИ?

Наврўз байрамининг ўзига хос жиҳатларидан бири, бу – миллий ўйинларга кенг ўрин берилганидир. Қадимдан бутун Шарқ, шу жумладан, Ўрта Осиё халқлари орасида кенг тарқалган  кураш, от ўйини, ёғоч ўйини, кўпкари, пойга, узоққа тош ирғитиш, чиллак зувиллатар, ошиқ соққа, бекинмачоқ, қулоқ чўзма, каптарбозлик, варрак, бўри-бўри, пошшо - вазир, қўчқор, хўроз, тухум уриштириш, дўппи отиш, ланка, ҳаккалама - дуккалама, ариқ қазиди, девор урди, сочпопук, келин-куёв, арқон тортиш, сигир соғди, жуфтми-тоқ, лой-лой, парсилдоқ, оқ теракми-кўк терак, кўчат экди, Ё рамазон, овуш, мол сўйди, тўптош, ким олади шугинани-ё, лайлак-лайлак, чўп ўйин, қўғирчоқ ўйин, эшак минди, халфана-халфана каби халқ ўйинларининг ҳар бири ахлоқ-одоб бобида, жисмоний чиниқиш, камолот соҳасида ибратли воситалардандир. Қишнинг аёзли, қор-ёмғирли кунларидан сўнг ҳавонинг исиб кетиши, кўм-кўк майсазорларда эркин ўйинлар, жисмоний тарбия ва спорт билан боғлиқ машқларга ташналик Наврўздаги болалар халқ ўйинларига хос хусусиятларни белгилайди. Улар нималардан иборат?

 

Биринчидан, мазкур ўйинлар очиқ ҳавода, кенг майдонда ўтказилган. Иккинчидан, ўйинлар хатти-ҳаракатлар, куй-қўшиқлар билан бир вақтда, уйғунликда ўтган. Учинчидан, ҳар қачонгидек чаққонлик, эпчиллик, тезкорлик, зукколик, бардошлилик, кучлиликка эътибор қаратилган. Тўртинчидан эса, ўйинларда ҳайвонот дунёси ва ўсимликлар олами, табиат саховатига алоҳида аҳамият берилган.

Ўйинларни ташкил этиш жой билан боғлиқ. Масалан, уларнинг кўпчилигини шаҳар муҳитида қўллаб бўлмайди. Шу боис ҳар бир ҳудуд ўз имконияти, турмуш тарзи, шарт-шароитларидан келиб чиқиб, болалар ўйинларини ташкил қилишда ташаббускорлик кўрсатишлари керак бўлади. Айтайлик, қишлоқда Наврўз тантаналари бошланди. Сумалак учун тараддуд кўрилаётир. Жой танлаб, ўчоқ қазишу ўтин   ёришдан бошлаб Наврўз  тантаналари якунлангунча болалар ўйинлари, жисмоний қобилият машқлари, ақлий баҳслари ҳам ажойиб бир кўтаринки, байрамона тарзда давом этади.

Ўчоқ қазиш, ўтин тайёрлаш шартлари билан ёшларнинг эпчиллиги, куч- қуввати, зарб маҳорати синовдан ўта бошлайди. Ёки қозон атрофига ўралашаётган, бўш турган болага “Эшмат, Тошмат билан бир курашга туш-чи”, деб уларни бел олдириш орқали баҳс бошланиб кетади. Қулоқчўзма учун танга ташланади. Шу тарзда кураш-курашга, беллашув-беллашувга, ўйин-кулги - ҳурсандликка қўшилиб кетади. Қийқириқлар, ҳаяжонлар, олқишлар, дуолар, мадҳиялар…

Ҳар бир ўйин ёки жисмоний баҳсда, албатта, инсон камолоти, соғлом ўсиши, бақувват бўлиши учун машқ, яна машқ лозимлиги уқтирилади.

Бир сўз билан айтганда, тўй-тантаналар, байрамларда асрлар давомида ўтказиб келинаётган халқ ўйинлари миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисми сифатида миллий менталитетимизга ўзига хос жило, ранг-баранглик бериб туради.

Саҳифа материаллари муаллифи Ўзбекистон Республикасида  хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Абдиолим  ЭРГАШЕВ.

 

Абдиолим  ЭРГАШЕВ, Ўзбекистон Республикасида  хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси