"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

26 апрель, жума.

"ОЗОДЛИК МАЛИКАСИ"

Маънавият
Tipografiya

Гигант иншоотлар тарихидан

"ОЗОДЛИК МАЛИКАСИ"

У ишониш қийин бўлган мураккаб лойиҳа маҳсулими?

1851 йилда Луи Наполеон томонидан амалга оширилган ҳарбий тўнтаришдан норози бўлган бутун Париж аҳолиси кўчага чиқди. Шунда ҳайкалтарош Фредерик Бартольди катта йўлларга қўйиб ташланган баррикадалардан бирининг олдида ёнаётган машъалани  силкитаётган бир қизга кўзи тушди. У лол бўлди, қаердадир бундай ҳолни аввал ҳам кўрганди. Эслади: бу Эжен Делакруанинг 1830 йилдаги революцион воқеаларга бағишланган "Халқни бошқараётган Озодлик" номли машҳур картинаси манзарасига ўхшаш эди. Шундан бошлаб бу кўриниш ҳайкалтарош хаёлини ҳеч ҳам тарк этмади.

Икки хаёлпараст

1869 йилда ривожланиш даврининг улкан иншоотларидан бири - Африка ва Европа қитъаларининг шартли чегараси саналган Суэц каналини  қуриб тугатишди. Бартольди канал бўйида  дунёнинг тўрт томонидан ҳам кўриниб турадиган қўлида машъала тутган улкан аёл қиёфаси акс этган монумент қуришни таклиф этади. Бу аёл XIX аср маданиятининг асосий ютуқлари - тараққиёт рамзи бўлиб қолиши керак эди.

Мазкур ғояси билан у ушбу ғоят катта канални барпо этган француз дипломати ва тадбиркор Фердинанд Лессепсга мурожаат этади. Бу одам ҳар қандай хавфли ишни ҳам қўрқмасдан, дадил амалга оширишга ўрганган иқтидорли муҳандис ҳам эди. У одамлар ишониши қийин бўлган турли лойиҳаларни ишлаб чиқарди.

Лессепс-ку бу таклифни маъқуллади-я, лекин Суэц канали компанияси раҳбариятига бу ғоя маъқул тушмади. Бир пуллик фойда келтирмайдиган қандайдир бир "шубҳали хоним"га маблағ ажратишнинг кимга кераги бор? Афтидан, муҳандис билан ҳайкалтарошнинг амалга ошмайдиган орзу-ҳаваслар даври аллақачон орқада қолиб улгурганди. Тараққиёт фойдасиз орзу-ҳавасларга чек қўйганди.

Бироқ бу ғоя уларни бирлаштирди. Бундан француз сиёсий  арбоби, академик Эдуар де Лабулэ ҳам хабар топади. У бу икки “хаёлпараст”га тараққиёт рамзи бўлмиш монументни "Озодлик" ҳайкали, деб аташни тавсия этади.

...Яратиладиган аёл образи қандай бўлиши ҳайкалтарошни узоқ ўйлантирди. Унинг қиёфаси бутун дунёдаги оч-ночор, етим-есир, ёрдамга муҳтожларга раҳнамолик, ғамхўрлик қиладиган меҳрибон аёл кўринишида бўлиши керак эди. Айнан мана шундай ташқи кўриниш Фредерикнинг онаси қиёфасида бор эди. Шундай қилиб, "Озодлик" ҳайкалининг кўринишига Бартольди хонимнинг юз тузилиши ва унинг мағрур тутган гавдасидан андаза олинди.

Ҳайкалнинг техник жиҳатларини бажаришни француз инженери Александр Гюстав Эйфель ўз зиммасига олди ва бундай катта ўлчамдаги қурилиш конструкциясини аъло даражада уддалади. Айнан "Озодлик" ҳайкали Эйфель истеъдоди қудратини танитган биринчи иншоот бўлди. 

Шундай қилиб, Бартольди ҳайкалнинг образини яратди. Лабулэ ғояни расмийлаштирди, Эйфель унга "қовурға" ясади, Лессепс эса қариб қолганига қарамай лойиҳани қўллаб-қувватлади. Лекин уларнинг ҳеч бирида маблағ йўқ эди. Агар иншоот катталиги ҳисобга олинса, уни қуриш учун жуда кўп миқдорда пул керак бўлади. Пул йиғиш ва ҳаракатларни ўзаро мувофиқлаштириш учун Лабулэ бошчилигида Франция-Америка уюшмаси ташкил этилади. Шундай қилиб, бу лойиҳа икки давлатнинг ажралмас мулкига айланади. Французлар ҳайкалнинг қурилишини, америкаликлар эса ўрнатиладиган ҳайкалости қурилиш ишларини бажаришни ўз зиммасига олишади ва бу ҳайкал  янги - "Дунёни ёритувчи Озодлик" деган номга эга бўлади.

Орадан бироз ўтиб, иншоот қурилиши учун йиғилаётган пул тушуми сустлашиб қолади. Яқиндагина ўз императорини тахтдан ағдарган французлар мамлакатни республика деб эълон қилишди ва афтидан шу билан уларнинг озодликка бўлган интилиши сўнди.

Америкада эса бу қандай ҳайкал эканлиги тўғрисида тасаввурга ҳам эга эмасдилар. Улар кўрмаган, билмаган нарсани сотиб олишга одатланмаганди.

Шунда Филадельфияда АҚШ  мустақиллигининг 100 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган Бутунжаҳон кўргазмасига Франция номидан келган Бартольди имкониятдан фойдаланади. Ҳайкал моделини ҳамда "Озодлик маликаси"нинг жуда катта ўлчамдаги машъала кўтариб турган қўлини кўргазмага қўяди. Лекин йил сайин бойиб бораётган, аммо ҳалиям хилватда яшаётган Америка учун Бартольдининг ишлари ҳеч қандай таассурот қолдирмади. Машъала кўтариб турган қўл эса уларнинг кулгисига сабаб бўлди, холос.

Ниҳоят, Нью-Йоркда чиқадиган "Уорлд" газетасининг ношири Жозеф Пулитцер (журналистларга бериладиган унинг номидаги мукофот бугунги кунда Америкада энг нуфузли ҳисобланади)нинг тоқати тоқ бўлди: "Шаҳримизда қандайдир бир чет эллик балерина ёки бошқа бир аёл учун бор пулини ҳам исроф қилишдан тоймайдиган 100 дан ортиқ мультимиллионерлар бор, - деди у ғазабнок оҳангда. - Булар учун "Озодлик маликаси" нима деган гап?"

Афтидан, ўқ нишонга текканди. Лекин бойваччаларга эмас. Ҳайкал қурилиши учун оддий фуқаролар катта миқдорда пул тўплай бошлашди. Ҳамма имконига қараб: ким 1 доллар, ким 10 доллар дегандек. Пулитцер америкаликларнинг рағбатини ошириш мақсадида ёрдам бераётган кишиларнинг номларини ўз газетаси саҳифаларида эълон қилиб борарди. Кутилган натижа чиқди, ҳаттоки, узоқ штатларда яшайдиган аҳоли ҳам ҳайкал қурилиши учун ёрдам тариқасида имкон қадар пул топшира бошладилар.

Денгиз устидаги машъала

1886 йилнинг 4 июли. Америка Қўшма Штатларида мустақиллик куни нишонланаётганда  Парижда АҚШ элчисига "Озодлик маликаси" Франциядан Америка халқига туҳфа сифатида топширилди.

Шу куни Бедлоу оролида бўлажак ҳайкалнинг пойдевори барпо этилди ва унинг ичига мустақиллик декларацияси, Америка президентларининг сурати туширилган медальонлар, ҳайкалтарош Бартольди портрети ҳамда иншоот қурилишига ҳисса қўшган кишиларнинг исми-фамилиялари ёзилган рўйхат герметикланган қутига жойлаб, суваб юборилди.

Оғирлиги 225 тонна бўлган "Озодлик маликаси" 300 бўлакдан иборат қисмларга ажратилиб, 214 та яшикка жойлаштирилди ва "Изер" ҳарбий кемасида Нью-Йоркка олиб кетилди.

Ниҳоят ўша йилнинг 28 октябрида кўпдан кутилган воқеа содир бўлди: тўплардан 21 марта ўқ отилди, сўнгра ҳайкал устига ёпилган мато олиб ташланди ва қирғоқ бўйида ёмғир тагида бу воқеани интизорлик билан кутиб турган одамлар галасининг ҳайқириғи оламни тутиб кетди.

"Озодлик маликаси" чап қўлида бир улкан  китобни ушлаб турарди. Унга иккита сана ўйиб ёзилган: 1776 йил 4 июль - АҚШ мустақиллиги  қабул қилинган кун ва 1789 йил 14 июль - Бастилия ишғол қилинган кун. Ҳайкалнинг машъала ушлаб турган ўнг қўлининг узунлиги эса 12,8 метр, машъала узунлиги 5 метр бўлиб, оғирлиги 2 тонна келарди. У ердан 93 метр баландликда.

Аввалига "Озодлик маликаси" кечқурун ва тунлари қоронғиликка шўнғиб кетарди. Борлиги ҳам билинмай қоларди. Вақт ўтиши билан у ёритиладиган, машъала ҳам "ёнадиган" бўлди.

Ушбу монумент бутун бир миллат ҳаётига таъсир кўрсата олган санъат асари сифатида ҳам америкаликлар учун қадрли бўлиб қолди.

Хориж матбуотидан Мусо МУРОДОВ таржимаси