"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 июль, душанба.

АМИР ТЕМУР СТРАТЕГИЯСИ ВА ҲАРБИЙ ТАКТИКАСИ ҚАНДАЙ БЎЛГАН?

Маънавият
Tipografiya

Соҳибқирон Амир Темур стратегияси ва ҳарбий тактикаси кейинги асрларда қудратли давлатлар мутахассисларини ҳам қизиқтиргани табиий. Бу борада бизга чор Россияси генерали, ҳарбий мутахассис Михаил Иваниннинг “Икки буюк саркарда. Чингизхон ва Амир Темур: ҳарбий санъати, стратегия ва тактикаси” асари яққол тасаввур беради.

Хўш, нуфузли ҳарбийни нега айнан Амир Темур мавзуси қизиқтирган?

Биламизки, XIX аср дунёни бўлиб олиш сиёсатида Россия ва Англия Ўрта Осиёга муҳим кўприк сифатида қараган. Чунки минтақа ер ости ва ер усти бойликлари билан мустамлакачилар эътиборини тортса, ўз навбатида бу ҳудуд орқали Ҳиндистонга йўл очиларди.

Шу мақсадда инглиз ва рус жосуслари босқиндан илгари ўлкани ҳар томонлама чуқур ўрганиб чиқишади. Шундай экспедиция иштирокчиларидан бири Михаил Иванин эди.

 

 

Босқинчилар Ўрта Осиёни ҳеч бир талафотсиз эгаллашни кўзлагани ҳолда Хивада қаттиқ қаршиликка дуч келиб, ортга қайтишга мажбур бўлишади. Руслар бу ерда қудратли техникаларни кўрмаган бўлса-да, катта ҳарбий тажриба, жанг стратегияси ва тактикасини кўришади. Албатта, бу стратегия Амир Темур замонларига бориб тақалишини ҳам билиб олишади.

Хивада соғлиғига жиддий путур етган Иванин ўз мамлакати пойтахтига бориб, Ўрта Осиё халқлари тарихи ва ҳарбий санъати ҳақида кўплаб маълумотлар тўплайди ҳамда уларни “Икки буюк саркарда” асарида жамлайди.

Асарда Амир Темур шахси ва фаолияти, ҳарбий санъати, жаҳон тарихида тутган ўрни, ўша даврдаги тарихий воқеалар баёни келтирилади. Аммо асар туб моҳиятига кўра қандай қилиб Ўрта Осиёни босиб олиш ва бошқариш мумкинлигига қаратилган. Амир Темурнинг ҳарбий санъати кейинчалик большевиклар томонидан ҳам жиддий ўрганилиб, “Қизил комиссарлар” курсларида ўқитилган. Шу курсларда таҳсил олган Фрунзе ва Гайдар каби рус саркардалари Соҳибқиронга азбаройи ҳурмати сабаб тўнғич ўғилларига Темур деб исм қўйишган.

Рус генерали тадқиқотида қайд этилганидек, Амир Темур Мовароуннаҳр заминидан мўғул босқинчиларини қуваркан, тактик ҳаракатлардан унумли фойдаланган. Масалан, Илёсхўжа Сирдарё орқасига чекинишга мажбур бўлгач, унинг тарафдорлари Мовароуннаҳрда жойлашган қалъаларда қолиб кетади. Темур эса уларнинг ҳар бири билан урушиб, ортиқча вақт ва куч сарфлаш ўрнига Илёсхўжа номидан қалъалар бошлиқларига бу ерларни бўшатиб қўйиш ҳақида фармойиш ёзиб, бериб юборади. Шу билан бирга, қалъадагилар жуда катта лашкар келаяпти, деб ишонишлари учун чопарлар ортидан бораётган отлиқларга чанг-тўзон кўтариб ҳаракатланишни буюради. Бу ишлар асосан тунда бажарилади ва кутилган натижага эришилади, яъни ҳамма қалъа ёвдан тозаланади.

“Тақдирнинг шундай синовлари ва бевафоликлари Амир Темурни одамларни тўғри танлашга, уларни қадр-қийматига яраша тақдирлашга ўргатди, - деб ёзади Иванин. – Унинг фарзандлари ва уруғларига васиятнома сифатида қолдириб кетган уруш ва сиёсат ҳақидаги қоидалари (тузуклари), эҳтимол, чўлларда дарбадарликда юрган пайтларида ёзилгандир?”

 

 

Темур ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида аввало қўшинлар сонини ошириш ва уларни тартибга солишга аҳамият берган. Ўзига садоқат билан хизмат қилган, вафодор, яхши саркарда учун керакли хусусиятларга эга, ҳарбий санъатни билувчи, жангларда синалган 313 кишини танлаб олган. Уларнинг 100 нафарини ўнбоши, 100 нафарини юзбоши ва яна юзовини мингбоши этиб тайинлаб, қолган 13 саркардага юқори лавозимларни топширган. Ўз навбатида ана шу сараланган жангчилар Амир Темур қўшинида интизом ва ҳарбий тартиб ўрнатилишига катта ҳисса қўшишади.

Амир Темур қўшинлари пиёда ва отлиқ аскарлардан ташкил топган, бироқ пиёдалар ҳам узоқ чўл сафарларида отлар билан таъминланар, отлиқ аскарларнинг катта қисми эса пиёда жанг қилишга ҳам ўргатилган эди. Отлиқ аскарлар ўз ўрнида оддий ва сараланган жангчиларга бўлиниб, енгил ва оғир отлиқ қўшинини ташкил этган. Бундан ташқари,  Темурнинг хос навкарлари ҳам бўлган. Асосий қўшин турларидан ташқари     қуйидагилар ҳам бўлган:

1) понтончилар (кўчма кўприклар қуриш билан шуғулланувчилар) ва кемачилар;

2) нафтандозлар (олов ирғитувчилар);

3) қамал қилиш техникалари ва тош отувчи қуроллар билан ишлашни биладиган жангчилар;

4) тик қояликларга чиқа оладиган, тоғли ерларда бўладиган жангларга кўниккан, тоғ аҳолисидан ташкил топган махсус пиёда қисм.

Михаил Иванин Амир Темур бошчилигида қамал қилинган кўплаб қалъалар грегорьян оловларини отиш ва улоқтирувчи қуроллардан моҳирона фойдаланиш натижасида қўлга киритилгани, қўшиннинг бу тури жуда катта малакага эга бўлганини ёзади.

Дарҳақиқат, 1402 йили Смирна шаҳрини ишғол қилиш пайтида, родослик рицарлар шаҳарга ёрдам беришга ошиқади. Бироқ Амир Темур шаҳарни денгиз томондан қуршаб олиб, ёғочдан ясалган чорпоя ва соллар устига тахтасупа ўрнатади, унинг устига эса ирғитувчи қуроллар ва қалқон кўтарган жангчиларни жойлаштиради. Шу усул ёрдамида у душманга ёрдам берилишининг олдини олиб, гарнизон билан алоқани узиб қўйишга эришади.

Амир Темур уруш бошлашдан аввал оддий отлиқ аскарлар ёки енгил отлиқлар камон, садоқ (ўқ-ёйлари билан), қилич, арра, бигиз, игна, арқон, болта, ўқ учун 10 та пойнак, қоп, меш (дарёдан ўтиш ҳамда сув олиб юриш учун ишлатилган) ва 2 отга эга бўлишларини талаб қиларди. Бундан ташқари, ҳар      18 киши кигиздан ишланган ўтов олишлари шарт эди.

Сараланган жангчилар ёки оғир отлиқлар дубулға, қалқон, қилич, камон ва ўқ-ёйлар билан қуролланган. Уларнинг ҳар бири 2 от ва ҳар 5 киши битта ўтов олиши шарт эди (5 кишига 1 та ўтов олишнинг сабаби – сараланган жангчиларнинг қурол-анжомлари кўп жойни эгаллар ҳамда улар махсус хизматкорга эга бўлган). Шунингдек, гурзи, ойболта, шамшир билан қуролланган махсус жангчилар бўлинмаси ҳам мавжуд бўлиб, отлари устига йўлбарс терисидан ёпинчиқ ёпиларди.

Биринчи амир ўзи билан 110 та, иккинчиси 120, учинчиси 130, бош қўмондон эса 300 дан кам бўлмаган от олиб юриши шарт эди. Пиёда жангчи шамшир, камон ва ўқларга эга бўлиб, жанг олдидан ўқлар сони махсус буйруқ билан кўпайтирилган. Масалан, Тўхтамишга қарши юришда ҳар бир жангчига 30 тадан ўқ олиш топширилган.

Амир Темур пул қадри ва нарх-наво ўзгарганда жангчилар зарар кўрмаслиги учун маошни от нархи билан белгилаган. Баҳодирларнинг маоши 2 тадан 4 тагача от нархига тенг келса, йўлбошчилар 10 жангчи, юзбошилар 2 ўнбоши, мингбошилар 3 юзбошининг маошига тўғри келадиган маош олган. Уруш пайтида хатоликка йўл қўйган жангчи эса маошининг ўндан бир қисмидан маҳрум этилган.

Амирлар маоши эса уларнинг даражасига қараб минг ва 10 минггача от нархи, Амир Темур авлодлариники эса 12 минггача от нархи билан белгиланиб, уларга вилоятлар ҳам ҳадя этилган.

Темур тактикасига кўра, жанг бўладиган ерни танлашда қуйидагилар эътиборга олиниши керак эди: сув, лашкарни жойлаш ва сақлаш учун қулай жой, жанг учун танланган ерда душман устидан устунлик қилиш мумкин бўлиши ва айниқса, юз ва кўзга қуёш тушмаслиги, шунингдек, жанг майдони кенг ва текис бўлиши.

Жанг олдидан амир қўшинлари текис ҳаракатланишлари учун ҳар бир сафнинг жойи тайин қилинган. Қўшин ўз отларини ўнгга ҳам, сўлга ҳам бурмасдан, тўғри бориши, душман билан тўқнашганда, шиддат билан унга ташланишлари керак эди. Бу тадбир сафда турган қўшинларнинг беҳуда отишма билан шуғулланмасдан, шиддатли ҳужум қилишларига қаратилган эди.

Тажрибага эга ва моҳир саркарда жанг олдидан жанг майдонини синчиклаб кўздан кечириши, душманнинг қайси тарафдан устун эканлигини ўрганиши, ўз нуқсонларини тез орада йўқота олиши, душман алоҳида ажратилган қисмлар билан ҳужумга ўтаётгани ёки бор қўшинларини бирваракайига жангга киритганини кузатиши, махфий режалари бор-йўқлигини билиши керак эди.

“Ўша даврларда деярли барча халқлар уруш вақтида тартибли сафларда тизилмасдан, тўда-тўда бўлиб, тактик мулоҳазаларсиз жанг қиладиган, ўз жасурлигига берилиб кетиб, душманга тартибсиз равишда ташланадиган бир вақтда Амир Темур лашкарлари тартибли сафларга тизилган ва бир неча қисмлардан иборат бўлар ҳамда улар жангга бирин-кетин киритилиб, ниҳоят, сўнгги ҳужумлар билан душман кучсизлантирилиб, ҳолдан тойдирилгач, энг сараланган жангчилардан тузилган, ҳар доим ғалабани таъминлаши мумкин бўлган, кучли ва бардам резерв жангга киритиларди”, дейилади “Икки буюк саркарда” асарида.

Душман қўшини сони 40 мингдан кўпроқ бўлганда, унга қарши Амир        Темурнинг ўзи борган. Бундай пайтда қўшин жангга қуйидагича тайёрланган: 40 та бўлинма бевосита Амир Темур  ихтиёрида бўлган. Энг сараланган 12 та бўлинма 1-қаторни, қолган 28 таси  2- ва 3-қаторларни эгаллаган. Ўғли ва набиралари бошчилик қиладиган қўшинлар кўрсатилган 40 та бўлинма ўнг томонининг олд қисмида, қариндошлари ва иттифоқчилари бошчилик қилаётган қўшинлар эса унинг чап томони олд қисмида жойлашган. Кейин қанот, қатор ва бошқа бўлинмалар бўлган.

Амир Темурдан ҳарбий тактикани ўрганган татар жангчилари душман ҳужумига бас кела олмаган тақдирда отда қоча туриб, ёйларидан ўқ отишар, 60-100 қадам масофадан нишонга бехато ура олишарди. Изларни йўқотиш учун тўрт томонга юришар, 5 чақиримдан кейин ҳар бир бўлинма 3 қисмга бўлиниб, 3 чақирим юргандан сўнг яна 3 қисмга бўлинар, кейин эса келишилган ерда, бошланган нуқтадан 40-50 чақирим узоқликдаги бирор жарда тўпланишар эди. Тарқаб қочиш от чоптириш йўли билан бор-йўғи бир ярим соат орасида амалга оширилган.

Чегарадош давлатлар тўғрисидаги керакли маълумотларни Амир Темур минг кишилик енгил бўлинмалар воситасида тўплаган. Соҳибқирон саёҳатчилар, савдогар ва карвонбошиларга алоҳида ҳомийлик қилар, улардан ўзлари кўрган мамлакатларнинг ҳолати ҳақида муҳим маълумотларни билиб оларди. Бунинг учун ишончли амалдорлар ҳам тайин қилиниб, улар мол айирбошловчи, чет эллик саёҳатчи ва олимларнинг асл ниятлари ҳақида аниқ маълумотларни тўплаши, айғоқчилар ёрдамида ўзга давлатлар бошлиқларининг Амир Темурга муносабатини ўрганишлари, бу маълумотлар тез ва аниқ етказилиши керак эди. Агар бу маълумотлар етарли бўлмаса, элчилар жўнатилар, баъзан зарур маълумотларни келтириши учун дарвишлар хизматидан фойдаланиларди.

Умумун олганда, Амир Темур Осиёда 40 йил давомида олиб борган урушлари даврида ўз ҳарбий тактикаси ва стратегиясини моҳир саркарда сифатида  намоён этган. Юқорида кўрганимиздек, Соҳибқироннинг бу борадаги маҳорати хориж ҳарбий мутахассисларини бежиз ўзига жалб этмаган. Михаил Иваниннинг Амир Темур ҳарбий санъати, стратегия ва тактикасига бағишланган ўрганишлари эса буюк аждодимиз шон-шавкатини кўз ўнгимизда яна бир қадар юксалтиради.

Бекзод ЎКТАМ