"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 июль, душанба.

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ ҲАР ДАВРДА МУҲИМ БЎЛГАН

Маънавият
Tipografiya

Қадрият

Халқимиз фарзанд тарбиясига масъулият билан ёндашади. Зотан, бунга бефарқ миллатнинг келажаги йўқдир.  Фарзанд миллат яшовчанлигини таъминлайдиган, халқ сифатида ўз номи ва нуфузини сақлаб қолувчи кучдир. Амир Темур ҳам ўз ҳукмронлиги даврида фарзандлари ва набиралари тарбиясида муҳим анъаналарга амал қилган.

Маълумки, Соҳибқирон ўз наслининг камолоти учун ҳамиша қайғурган. У оила, тарбия масаласини давлат ишлари билан  тенг кўрган. Фарзандлари ва набираларининг саломатлиги, камолоти, ҳунарли бўлиши унинг диққат марказидаги масала бўлган. Хусусан, Амир Темурнинг илм-маърифатга, заковатга эътибори кучли бўлганини фарзандлари, набираларига ёшликдан илм-фан ва соҳалар бўйича таълим бериш учун масъул одамларни бириктирганида кўрса бўлади. Авлодларининг кенг қамровли билим олишлари учун саройга кўплаб уламо ва фузалолар таклиф этилгани ҳам бунга мисол.

Амир Темур оила барпо этишга шунчаки ёндашмаган. Балки соғлом миллат яратиш учун икки ёшнинг соғлиги, етарли тарбияга эга бўлишини муҳим деб билган:

"Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантирмоқ ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл-насабини, етти пуштини суриштирдим. Хос одамлар орқали соғлиқ-саломатлигини, жисмонан камолотини аниқладим. Келин бўлмиш насли-насаби, одоб-ахлоқи, соғлом ва бақувватлиги билан барча қусурлардан холи бўлсагина эл-юртга катта тўй-томоша бериб, келин тушурдим..."

У никоҳга нафақат бир ота, балки  миллат жонкуяри сифатида жиддий қараган. Руҳан ва жисмонан соғлом, қолаверса, мукаммал тарбия кўрган онагина соғлом фарзандни дунёга келтиришига, боласини яхши тарбиялай олишига ишонган. Шу сабаб, ўғилларини ёмон ва зарарли одатлардан тийилишга чақирган:

"Ўғилларим, набираларим ва яқинларимга бирон томчи шароб ичиб, хотинига яқинлашишни ман этдим. Зеро, шаробнинг таъсирида дунёга келган фарзанд насл-насабнинг бузилишига таъсир этгай, дебон шу покиза йўлни тутдим..."

Улуғ саркарда, адолатли ҳукмдор Амир Темур фарзандлари билан          бир қаторда набираларига ҳам жуда меҳрли бўлган. Уларни ўзига яқин  тутган ва тарбиясини севикли хотини Бибихонимга ишониб топширган. Соҳибқирон набираларига  камтарлик, олижаноблик, ватанпарварлик ҳақида насиҳат қилар экан, "Энг баланд минора ҳам ердан кўтарилгай" нақлига таянади.

Соҳибқироннинг тутган тўғри йўли сабаб бўлиб, темурийлар авлодида Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Ҳусайн Бойқаро, Бойсунқур Мирзо каби мард, алпкелбат, шижоатли амирзодалар, Гулбаданбегим, Зебунисодек ақлли, зукко маликалар етишиб чиқди. Уларнинг адабиёт, санъат, илм-фанни мукаммал эгаллагани, бунёдкорлик йўлида бажарган ишлари бугун дунё аҳлига маълум ва машҳур. 

Улуғбек Амир Темурнинг севимли набираларидан бири бўлган. У ёшлигида Бибихоним қарамоғида,  5 ёшлигидан Шайх Ориф Озарий қўлида илм ўргана бошлайди ва тўрт йил давомида ундан сабоқ олади. Аксар вақтини отаси, Шоҳрух Мирзо кутубхонасида ўтказган шаҳзода фалсафа, фалакиёт, математика, физика, геометрия, астрономия, мусиқа, шеърият, адабиёт ва бошқа илмларни мукаммал эгаллаган. 

Соҳибқироннинг Улуғбекка   ўзгача меҳрини ўзи учун қадрли бўлган қиличига қуйидаги сўзларни ёздириб,   совға қилганидан ҳам билса бўлади:

 "Ушбу қилич меники эди, энди шу дақиқадан уни севимли Улуғбек баҳодирга ҳадя қилдим. У менинг салтанатимнинг куч-қуввати бўлади. Умидим у ҳам мен каби шу қиличдан   фойдаланади. Мен бу фоний дунёда истагимни ўринладим! У ҳам шунга  етсин".

Бу билан у набирасига катта ишонч билдирган. Ўз навбатида айтиш керакки, Улуғбек ҳам бобосининг бу ишончини оқлашга ҳаракат қилади. Айниқса,   бунёдкорлик соҳасидаги ишларида бобосидан олган сабоқлари асқатади. У кўплаб масжидлар, мадрасалар, хонақоҳлар ва карвонсаройлар, ҳаммом ва       боғлар бунёд эттирган. Ажаб эмаски, ҳар бир иншоот қуришга киришганида,  бобосининг: "Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, қай бир жойдан бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим" деган  катта ҳаётий ғоясига амал қилган бўлса.

Бибихоним тарбиясидаги яна бир набира - Халил Султон бобосининг қаршилигига қарамасдан, Шодимулкка уйланади. Соҳибқирон бўлажак келиннинг оиласи, аждодларини суриштирганида баъзи нуқсонларни аниқлайди. Шу сабаб, оиласига келин қилишни маъқул топмайди. Шодимулкнинг кўплаб темурий маликалар,  Соҳибқироннинг севикли рафиқаси Сароймулкхонимни заҳарлаб ўлдиргани, оиласини пароканда этгани тарихдан маълум.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, улуғлар йўлидан бориш, уларнинг панд-насиҳатларига амал қилиш фойдадан холи бўлмайди. Зеро, бу ўгитлар бизни тўғри йўлга бошлаб, фарзандларимизнинг комил инсон бўлишига хизмат қилади.

Сожида АЛЛАЁРОВА