"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 июль, душанба.

МАКТУБЛАРИНГИЗНИ ЎҚИДИК

Маънавият
Tipografiya

Хат ва ҳаёт

МАКТУБЛАРИНГИЗНИ ЎҚИДИК

Таҳририятимизга келган навбатдаги мактублар оқими билан танишар эканмиз, уларда юртдошларимизнинг бугунги кунда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга муносабати, айрим масалалар юзасидан фикру мулоҳазалари ўз ифодасини топгани бизни қувонтирди. Чунки ҳеч ким мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларга бефарқ эмас.

Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти Қашқадарё филиалининг ташкил этилганига 10 йил тўлибди. Филиал ходимлари О.Аманов ҳамда Ў.Тиловов муаллифлигидаги мактубда шу йиллар ичида бу муассасада амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳақида сўз юритилган.

Бошоқли дон экинлари селекцияси бўйича ихтисослашган халқаро илмий марказлар СИММИТ (Мексика) халқаро илмий маркази билан “Сув билан тўлиқ таъминланган ерлар учун буғдой навларини яратиш”, ИКАРДА халқаро илмий маркази билан “Қурғоқчил ва иссиқ мамлакатларда сув тақчиллигига чидамли буғдой навларини яратиш”, Сидней университети (Австралия) билан “Занг касалликларига чидамли буғдой навларини яратиш”, Бонн (Германия) университети билан “Шўрга чидамли буғдой навларини яратиш” мақсадида ўзаро селекция ютуқлари ва манбаларини алмашиш, таъминлаш, ёш мутахассисларни тайёрлаш бўйича ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган...”

Мақоланинг давомида ҳам шу каби ишлар, амалга оширилаётган тадбирлар ҳақида сўз боради. Албатта, шу сингари илмий марказ ва филиалларнинг фаолияти нафақат илм-фан тараққиёти, балки иқтисодиёт ривожи учун ҳам муҳим.

Деҳқонобод туманидаги 76-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Тўлқин Амонов бизга юборган мактуб ҳам эътиборимизни тортди. Унда юртимизда рўй бераётган ўзгаришларга муносабат ўз аксини топган. “Қишлоғимизнинг номи Обиравон бўлиб, бу ном ким томонидан берилгани аниқ эмас, - деб бошланади мактуб. – Луғавий маъноси “суви равон, мўл” деган маънони билдиради. Қадимда қишлоқ шу номга лойиқ бўлганми-йўқми, билмаймизу лекин яқин йилларда қишлоқ аҳли тоза ичимлик суви билан таъминланиб, обод бўлганидан буён мазкур номга том маънода муносибдек. Эндиликда “суви равон” сифати ёнига “йўли равон” сифати ҳам қўшилди. 2017 йилда қишлоқ йўли давлатимиз томонидан ажратилган маблағ эвазига кенг ва равон йўлга айлантирилди. Айнан шу йили ҳақли равишда қишлоқ номига “чароғон” сўзини ҳам қўшиб айтиш мумкин бўлди. Чунки электр таъминоти яхши эмас, бир суткада атиги 3-4 соатдан ортиқ берилмас эди. Чироқ ўчишига ўрганиб қолган одамлар бир кун ўчмаса ажабланишар эди. Ўтган йилдан бошлаб чироқ ўчмайдиган бўлди...”

Давомида мактуб муаллифи бундай ўзгаришлар бутун юртимиз бўйлаб рўй бераётганидан мамнунлигини изҳор этиб, шундай эзгу ишларга муносиб жавоб бериш лозимлигини таъкидлаган. Дарҳақиқат, юртбошимиз раҳбарлигида олиб борилаётган бугунги ислоҳотлар асрларга татийди. Шундай экан, уларга жавобан астойдил меҳнат қилиш, шу юрт равнақига ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг олий мақсадимизга айланмоғи шарт.

Яккабоғ қишлоқ хўжалиги коллежи директори ўринбосари Иномжон Жўраев бизга бир туркум мақолаларини йўллабди. “Юксак вазифа”, “Фарзанд тарбиясида барчамиз масъулмиз”, “Ёш авлодга эътибор – давр талаби”, “Қадрига етган қадрлидир”, “Масъулият барчамизники” сарлавҳали бу мақолаларда муаллифнинг шу масалалардаги шахсий фикр-мулоҳазалари баён қилинган. Жумладан, “Масъулият барчамизники” сарлавҳали мақолада қуйидагича фикрлар келтирилган:

“Ҳар бир инсон яшар экан, ўзимдан бир яхши ном, яхши хислат ёки бир ибратли фарзанд қолсин, дейди. Бу нақл аждодларимиздан бизгача мерос бўлиб келаётган энг қадрли фазилатлардан бири ҳисобланади. Ота-оналар ўз фарзандларига фақат меҳрибон ҳамда ғамхўрлик билан қарамасдан, балки уларнинг кун давомида нима ишлар билан шуғулланаётганликларини, ўртоқлари кимлар, мактабда, кўчада ва оилада ўзини қандай тутишига эътибор беришлари лозим...”

Китоб туманидаги 59-мактаб ўқитувчиси Мусурмон Содиқов томонидан юборилган мақола “Китобнинг беш чинори” деб номланган. Унда шундай фикрларни ўқиймиз:

“Юзлаб қаламкашлардан ташкил топган Китоб адабий-маърифий муҳитида бешта ижодкорнинг ўрни, мавқеи бўлакча. Улар туманимиз номини шукуҳли тантаналарда эркалаб, шоирона иборада “Кифти об” дея эъзозлаб аташни хуш кўрадилар. Лола Ўроқова, Ҳусан Раҳмонов, Абдишукур Омонов ва Салоҳиддин Исомиддиновнинг номи дилкаш давраларда тилга олиниши ҳамоно суҳбатдошингиз гапингизни илиб кетади...”

Муборак туманидаги 1-мактаб ўқитувчиси Ихтиёр Шерқулов бизга йўллаган мактубида ўқувчиларни баҳолаш мезони ҳақида фикр юритилган. Қуйидаги фикрлар диққатга сазовор:

“Ўқитувчининг нафақат билим бериши, ҳатто баҳолаш жараёни ҳам таълимий, тарбиявий, ривожлантирувчи мақсадларга эришувчи омил бўла олади. Иш ҳужжатларимизда баҳолаш мезони ҳуқуқий-меъёрий асосда ўз тасдиғини топган. Рағбатлантиришнинг энг самарали усулларидан бири сифатида кенг қўлланилаётган бу усул ўқувчининг руҳиятига кескин таъсир кўрсатади...”

Албатта, таълимдаги бу каби тадбир ва мезонлар бугунги кунда жиддий ислоҳ қилиниши лозимлиги, ўқитишнинг замонавий усуллари кенг жорий этилиши кераклиги сир эмас. Бу эса соҳа ходимлари олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир.

Қарши давлат университети доценти Насим Очилов ва шу ўқув маскани талабаси Навбаҳор Камолова электрон манзилимизга йўллаган мақоласи “Сумалак – Наврўз таоми” деб номланган. Унда Наврўзи оламнинг шоҳ таоми тарихи ҳақида сўз боради. Жумладан, мақолада қуйидаги фикрларни ўқидик:

“Сумалакнинг пайдо бўлиши табиат ҳодисаларига бўлган дуалистик қарашнинг эътиқодий кўринишидир. Қадимги даврлардан буён аждодларимиз сумалакни пишириш удумларига кўра ўсимликларнинг кузда рамзий маънода ўлиши ва баҳорда қайта тирилиши ҳақидаги дунёқараши умумлаштирилган. Шу боисдан ҳам сумалак пишириш одати қишнинг сўнгги кунлари, баҳорнинг дастлабки онларида амалга оширилишида ўлиб, қайта тирилувчи табиатга бўлган халқимизнинг эътиқодий қарашлари сақланган...”

Дарҳақиқат, минг йилларни қаритган бу таом ўзининг қувватбахш ва шифобахшлиги билан ҳар қандай фойдали моддани ортда қолдиради. Момоларимиз сумалакни ҳар йили бир марта тўйиб еган одам йил бўйи хасталанмаслигини бежиз таъкидлашмайди.

Ҳар йили 9 апрелда буюк бобокалонимиз Амир Темур таваллудини  кенг нишонлаймиз. Китоб туманидаги 74-мактаб ўқитувчиси Комила Оққўзиева юборган мақолада Соҳибқирон ҳаёти ва фаолияти хусусида сўз юритилган. Мақола шундай бошланади:

“Ҳар куни севимли ишимга, мактабнинг қадрдон ўқувчилари томон ошиқар эканман, йўл ёқасидаги кичик майдончага бир қур назар ташлаб ўтаман, чунки у ерда миллатимизнинг фахру ғурури, буюк саркарда Амир Темурнинг салобатли ва улуғвор ҳайкали қад ростлаб турибди. Бобокалонимизнинг сурати кўз ўнгимда муҳрланиб қолган бўлса-да, ҳар гал яна бир бор қарашдан чарчамайман. Қараш асносида ўзимда чексиз фахр туйғусини туяман. Миллатимизнинг дунё халқларини ҳам ҳайратга солган, ўзга жаҳонгирлардан фарқли ўлароқ мамлакатида илму маърифат, ободончилик, бунёдкорлик ишларини амалга оширган буюк фарзанди айнан шу заминда туғилиб, камолга етганидан фахрланаман. Соҳибқироннинг ҳаётини, қолдирган улкан меросини, унинг маъно-мазмунини фарзандларимизга етказиш масаласи барчамиз учун фарздир...”

Давомида Соҳибқироннинг фаолияти, салтанат тузуклари ҳақида сўз юритилиб, унинг ўгитлари, Амир   Темур хусусида халқ орасида тарқалган ривоятлар ҳам келтириб ўтилган. Шаксиз, буюк аждодимизнинг ўгитлари, қолдирган мероси биз учун энг улуғ хазинадир. Уни ёш авлодга етказиш эса ҳар биримизнинг зиммамизга улкан масъулият ҳиссини юклайди.

Вилоят ахборот-ресурс маркази директори Гулнора Турсунова ҳамда марказ бўлим мудири Гулноз Ишонқулова томонидан жўнатилган мактубда ушбу зиё масканида “Китоб комилликка етаклайди” ва “Китобим - офтобим” мавзусида ўтказилган тадбирлар ҳақида сўз юритилган. Биринчи тадбир ҳақида шундай маълумотлар келтирилган:

“Учрашувда “Ёш китобхон” республика кўрик-танлови якуний босқичи иштирокчилари Достон Ҳамидов ва Абдулазиз Қурбонов ўз ҳаётларида китобнинг ўрни, танлов таассуротлари борасида сўзлаб бердилар...”

Ижодга ошно юртдошларимиз ҳам ўз ижодий намуналарини бизга йўллашган. Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти академик лицейи ўқувчиси Темурмалик Ўктамов – шулардан бири. У бизга иккита ҳикоясини юборибди. “Зиёфат” деб номланган ҳикояда тамагир домла ва унинг талабалар томонидан шарманда қилиниши воқеаси тасвирланган:

“Фақат ўзини ўйлаш, ўз манфаатини бошқаларникидан устун қўйишда Қўчқоровдан ўтадиган инсон бўлмаса керак. У “нима бўлса ҳам ўзим бўлай”, дейдиганлар хилидан. Қўчқоров институтда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Билими кучли. Шундай бўлишига қарамай, пулни билимдан устун қўяди. Баҳо қўйишда ҳам худди шундай. Билими ўта кучли талабалар ҳам пул бўлмаса, ундан баҳо олишолмайди. Шунинг учун унинг фанидан ҳеч ким ўқимайди. Унинг кўзига талабалар одам эмас, пул бўлиб кўринарди...”

Кейинги ҳикоя ижодга қизиқувчи ёшлар ва бир нашриёт бош муҳаррири ҳақида. Унда шундай ўринлар бор:

“ – Салом, яхши йигит, исмингиз нима? – сўради нашриёт директори Носиров. – Дадангиз нима иш қилади?

 - Исмим Жўрабек, - деди у хона деворига илинган фахрий ёрлиқларга қараб. – Дадам ҳайдовчилар, мен ўқийман.

 - Сизга айтсам, Жўрабек, бирор нима ёзиш жуда мушкул иш. Ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Сиз ҳали кўп машқ қилишингиз керак. Сизнинг асарингиз жуда саёз. Нашр қила олмаймиз. Унинг устида ишлаш керак.

Ваҳоланки, Носиров асарни кўрмаган ҳам эди. Ҳатто номини ҳам сўрамади...”

Қарши педагогика коллежи ўқувчиси Хуршид Жўраев эса бизга ўзбек ва тожик миллатлари ўртасидаги аҳиллик, бирдамлик тараннум этилган шеърий машқини юборган. Шеърнинг қуйидаги сатрлари эътиборимизни тортди:

Тарих ўзи гувоҳдир сенинг чин дўстлигингга,

Урфу одатинг биру бир нону тузлигингга,

Мадад эдинг йўқлигинг ё каму кўстлигингга,

Эй ўзбегу тожигим...

Хуллас, бу каби мактубларнинг ҳар бирини ўқиймиз, батафсил танишиб борамиз. Чунки бу хатлар нашрларимизга бўлган эътибор белгисидир.

ТАҲРИРИЯТ