"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

25 мaй, жума.

ЭШИТИШМАЯПТИ...

Маънавият
Tipografiya

Митти ҳикоялар

ЭШИТИШМАЯПТИ...

Бир идора қабулхонаси. Одам гавжум. Қабулга келганларнинг норози овозлари эшитилади:

– Бешинчи марта келаяпман. Қачон мурожаатимга жавоб берасизлар ўзи?

– Мен раҳбаримнинг устидан шикоят ёзган эдим. “Текшириб, ўрганинг” деб яна унинг ўзига жўнатибсизлар...

– Буларда тартиб деган нарса борми ўзи? Уч марта ариза ёзиб келдим. “Регистрация” ҳам қилишмаган. Яна йўқотиб ўтиришибди бюрократлар...

– Ўзи идора-пидоранг билан чириб кетган экансизлар-да...

Котиба хонадагиларга “ҳай-ҳай”лаш билан овора...

Қабулхонада фақат биргина аёл бурчакда бошини чангаллаганча  кўзларини деворга тиккан кўйи миқ этмасдан ўтирибди. Деворда эса катта телевизор осиғлиқ. Экранда “Титаник” чўкаяпти. Атрофдаги тўс-тўполонга парво қилмай мусиқа чалаётган созандалар ниҳоят куйни чалиб тугатишди. Ғала-ғовур орасидан фильм овози зўрға эшитилади:

“Бўлди. Барибир бизни эшитишмаяпти-ку...”

“Овқат пайтида ҳам эшитишмас эди. Давом этамиз. Чалавер...”

Ичкарида эса бошлиқ бепарво қаҳва ҳўплайди...

ХАЛАЧЎП

Бола даладан эшагига ўт ортиб қайтаяпти. Қовунпалак қоровулининг чайласи олдида эшак одатдагидай тихирлик қилиб, юрмай туриб олди. Бола толчивиқ билан савалайди. Эшак оёқ тирайди.

– Хих, ярамас, хих...

– Қўй, қийнама жониворни, – қоровул чол секин болага яқинлашди. – Ким ўргатди сенга эшак чивиқ билан уриб юргизилади, деб?! Тилинмаган жойи қолмапти бунингни...

– Нима бало, ажинаси борми чайлангизнинг? Кўрмайсизми, ҳар сафар шу ерга келганида ётиб олади. Буни сотиб қутулмасам...

– Ма, мана буни ол, – чол унга калтагина кесилган, силлиқ калтакни узатади. – Ёнғоқнинг ёғочидан...

– Нима қиламан бу таёғингизни? Ана, урсам ҳам юрмаяпти-ку...

– Биринчидан, бу таёқ эмас, халачўп. Иккинчидан, эшакни савалаш эмас, халачўп билан ниқташ керак...

Чол ортилган ўтни бир четга суриб, эшакнинг гарданига секин ишқалади. Жонивор отилиб, ўрнидан туриб кетди. Чол халачўпни болага узатишга аранг улгурди. Бола тоғдек қанорнинг устига тирмашди. Эшак устидаги зил-замбил юкига қарамасдан ирғишлаб югуриб кетди. Чанг-тўзон орасидан боланинг қийқириқ аралаш овози эшитилди:

– Раҳмат, бува, бор экансиз-ку...

Кунлар, ҳафталар ўтди.

Палакдаги буришиб қолган сўнгги лашакларни йиғиштираётган чол қоровулхона ёнида тўхтаган болани кўриб, у томонга юрди.

– Мана, яна ўша аҳвол – “эски ҳаммом, эски тос”, – деди бола.

– Юрмаяптими?

– Юрмаяпти. Халачўпингиз ҳам фойда бермаяпти.

– Қани, бир кўрай-чи?

Чол уни уловдан туширди. Кейин қанор, хуржундаги ўтни ҳам ағдариб ташлади. Айилни бўшатди. Тўқимни ечиб олди. Сўнг жониворнинг гардани, бўйнини кўздан кечирди. Кейин алланечук “чуқ-чуқ”лаб бош чайқади. Бола ундан хавотир билан сўради:

– Нима бўпти, бува?

– Нима бўларди? Ниқта десам, тинимсиз ниқтайверасанми? Яғир бўпти.

– Мен нима қиламан энди буни?

– Нима қилардинг, эртага молбозор, сотиб юбор. Энди бунингдан бир тийинлик ҳам фойда йўқ. Энди халачўп билан ҳам юрмайди...

ЖИГАРЛАР

Шифохона даҳлизида овсинлар – бирови бу бурчакда, иккинчиси – нариги бурчакда, терс қараган, лаб бурган, тўрсайган.

Бир қарич ерни талашиб, ўн беш йилдан бери гаплашишмаган бу икки аёл эрларини ҳам бир-бирига қайраб улгурган эди.

Ичкарида эса...

Аввал ака кўз очди.

Биринчи сўраган саволи:

– Укам яхшими? – бўлди.

Нариги хонада ука ўзига келди.

– Ҳамшира, – деди оҳиста инграб. – Донор... қаердан топилди?

– Сизга безовталаниш мумкин эмас...

– Ким деяпман? – беморнинг шивирлаган овози таҳдидона тус олди.

– Наҳотки билмасангиз?!

...Даҳлизда терс қараган овсинлар ҳамон ичкаридан мужда кутишаяпти. Телемухбир эса шифокордан интервью олишга чоғланиб, камерага қараб бурро-бурро гапираяпти:

– Қадрли телетомошабинлар, ҳозиргина мана шу клиникада мамлакатимизда биринчи марта ўта ноёб имплантация амалиёти муваффақиятли тарзда амалга оширилди. Ака жигарининг бир қисми укага кўчириб ўтқазилди...

ТУГАЛ ТЎРТОВЛОН

Бу одамлар ёнма-ён яшашади, тўйми, маъраками, ҳамиша бирга кириб келишади. Ҳамқишлоқлар ҳам уларнинг бир араванинг тўрт ғилдирагидай  ҳамиша бирга юришига кўникиб кетишган.

“Нормурод-Шомурод”лар келишди”, – дея мезбонлар товоқ кўтариб ҳовлиқиб қолишади. Ваҳоланки, бу тўрт ака-ука – Нормурод, Шомурод, Тўймурод, Бобомурод – “казо-казо” жойларда эмас, оддийгина сувчи бўлиб ишлашади. Аммо эл ичида ҳурматлари жуда баланд. Бўлмаса, қишлоқда улардай ака-укалар камми...

Уларнинг қишлоқ гузаридаги “минимаркет”ини ҳам қишлоқдагилар “Нормурод-Шомурод”нинг дўкони, деб аташади. Бу дўкон аслида ака-укалардан қайси бириники эканлигини ҳеч ким билмайди. Дўкон ёнидаги кичкинагина ошхонани ҳам овсинлару амакиваччалар аҳилликда юритишади.

Эл ичидаги ҳурматнинг боиси ҳам айнан шунда – аҳилликда бўлса керак...

ЖАРЧИ

“Жамоат-жаппа Жовли Туропникига жанозага...”

Саҳар сукунати бағрини тилиб жарчининг ҳайқириғи эшитилади. 

Бекатда турганлар отлиқ жарчидан сўрашади:

– Нима бўпти? Яхши юрувди-ку...

– Э, давленияси чиқиб кетипти, пешинда чиқаришаркан, – жарчи отини қичаб нари кетди.

– Шуникиям бир касб-да, – деди шунча кутган автобусига чиқмасдан жаноза тараддудида ортига қайтаётган бақалоқ киши. – Эрталабдан шақшақадай шақиллайди. Овози одамга ёқмайди...

– Ундай деманг, шунинг борига шукур, – деди ёнида кетаётган дарози. – Ким қилади бўлмаса шу ишни? Сизми, менми? Эсингиздами, ўтган йили Россиядан қишлоққа учта тобут келганида, жанозага чақираётганида бечоранинг оти бир тўқанаб, ўлиб қолувди. От кўтаролмайдиган юкни шу кўтариб юрипти. Эртага сизу бизнинг маъракамизгаям шу ярайди...

Аммо дарознинг маъракасига яраш жарчига насиб қилмади. Ҳафта ўтмай жарчининг ўзи ўтиб қолди.

Энг қизиғи, ҳеч ким чақирмаса-да, жанозага одамлар оқиб келарди...

ТАЙИНЛАШ

– Тўхта, эй Жўрайип, ма, “пластик”ниям обкет. Кодини биласан-а? Агар иккитага етмаса, Чори барга айтгин. Темир даптарга ёзиб қўйсин. Ўзим раччўт қиламан кейин... Ҳа, айтганча, икки дона сигарет ҳам қўшиб ол...

– Закускага колбаса олуврайми, маълим?

Нуриддин ЭГАМОВ