"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

17 август, жума.

ҚУРЪОН МУСОБАҚАСИ ҒОЛИБЛАРИ ОРАСИДА ВИЛОЯТИМИЗ ВАКИЛИ ҲАМ БОР

Маънавият
Tipografiya

Дин ва давр

ҚУРЪОН МУСОБАҚАСИ ҒОЛИБЛАРИ ОРАСИДА ВИЛОЯТИМИЗ ВАКИЛИ ҲАМ БОР

Қуръон ўқиган, ўрганган кишининг қалби покланади, ахлоқи гўзаллашади, ўқиган жойига барака ёғилади, дейишади. Шу мақсад йўлида Президентимиз ташаббуси билан юртимиз тарихида илк марта ўтказилган Ўзбекистон Қуръон мусобақаси республика босқичи ғолиблари аниқланди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари 2017 йил 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом мажмуасига ташриф буюрганида, юртимизда Қуръон мусобақасини ўтказиш таклифини билдирган, шунга кўра, жорий йилнинг январь-февраль-март ойларида мусобақанинг туман (шаҳар) ва вилоят босқичлари ўтказилганди.

Республика босқичида Қуръонни тинглаш, мусобақани бевосита томоша қилиш мақсадида юртимизнинг барча ҳудудларидан борган мухлислар 3 кун давомида оятларни ихлос ва қалбда титроқ билан тингладилар. Айни пайтда тадбирни онлайн кузатиб бориш имконияти ҳам яратилди.

Мусобақанинг олий мукофоти соҳиби сифатида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси Йўлдошали Нуриддинов эътироф этилиб, унга Ўзбекистон  Республикаси Президенти совғаси – юртимизда ишлаб чиқарилган “Жентра” автомобили топширилди. Шунингдек, йўналишлар бўйича биринчи ўринларни олган қориларга уч кишилик (ота-онаси билан бирга) Умра зиёрати йўлланмаси ҳам тақдим этилди.

Эътиборлиси, мазкур мусобақада тиловат йўналиши бўйича вилоятимиздан қатнашган Қарши шаҳрилик, 1998 йилда туғилган Ҳасан қори Комилов 18-25 ёшлилар орасида фахрли 2-ўринни қўлга киритди.

- Қуръони карим инсонларни тўғри йўлга бошлайди, тафаккур қилишга, ҳидоятга чорлайди, - дейди Ҳасан Комилов. - Инсон Қуръони карим оятларини ёд олгани ёки эшитгани сари руҳи енгиллашиб, тўғри йўлдан оғишмай боради. Шундай экан, мамлакатимизда бу борада эзгу ташаббус қанот ёяётганидан кўпчилик қаторида хурсандмиз.

Маълумот учун, мусобақанинг аёллар ўртасидаги республика босқичи ғолиблари бугун аниқ бўлади.

Н.ХЎЖАЕВ