"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

25 мaй, жума.

СОХТА СЎФИЙЛИК ҒОЯЛАРИ ҚАЙСИ ЖИҲАТЛАРИ БИЛАН МУҚАДДАС ДИНИМИЗ ТАЪЛИМОТИГА ЗИД?

Маънавият
Tipografiya

Дин ва давр

СОХТА СЎФИЙЛИК ҒОЯЛАРИ ҚАЙСИ ЖИҲАТЛАРИ

БИЛАН МУҚАДДАС ДИНИМИЗ ТАЪЛИМОТИГА ЗИД?

1-мақола

Истиқлол йилларида диний қадриятларни қайта тиклашга эътибор қаратилиши масжидлар, мадрасалар ва бошқа диний ташкилотлар билан бир қаторда тариқат вакилларининг ҳам фаолиятига кескин туртки берди. Натижада Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида тариқатчилар фаолияти жадаллашди. Улардан энг кўзга кўрингани Нақшбандия-Мужаддидия-Ҳусайния тариқати раҳбари бўлган Иброҳим эшон ҳисобланади.

Иброҳим Маматқулов 1937 йили Фарғона вилоятининг Бувайда тумани Оққўрғон қишлоғида туғилган. Мир Араб мадрасасига ўқишга кирган, лекин тугата олмаган. 1950-1970 йилларда Жанубий Қозоғистоннинг Туркистон туманида яшаган шайх халифа Абдулвоҳид Сайрамийдан таҳсил олган. 1967 йили халифа Абдулвоҳид 86 ёшида вафот этгач, тариқатга бошчилик қилиш ҳуқуқи Тошкент шаҳрининг Қўйлиқ даҳаси яқинида истиқомат қилган Абдуллоҳ қорига ўтган. Иброҳим эшон 1976 йилга қадар мазкур шайхга муридлик қилган. Унинг вафотидан сўнг раҳбарлик Иброҳим Эшонга ўтди. У 1984 йилга қадар Абдуллоҳ қорининг манзилида яшаб, тариқатчиларга раҳнамолик қилди. 1985 йилда она қишлоғи Оққўрғонга кўчиб ўтади ва 2009 йили вафот этди.

Иброҳим эшон тарафдорлари Фарғона вилоятининг Бувайда, Ёзёвон, Марғилон, Олтиариқ туманларида кўпчиликни ташкил этарди. Шунингдек, Фарғона водийси, Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари (асосан, Чироқчи, Қарши, Нишон, Китоб, Шаҳрисабз), қўшни Қозоғистоннинг Сайрам вилоятларида ушбу тариқат вакиллари мавжуд.

Иброҳим эшоннинг уйи унинг тарафдорлари учун асосий марказ ҳисобланади. Эшоннинг хизматида доимий тарзда 20-30 нафар мурид турган. Турли вилоятларда Иброҳим эшоннинг ўринбосарлари бор, улар ўз ҳудудларида тариқатчиларга раҳбарлик қиладилар, янги аъзоларни қабул қиладилар.

Иброҳим Маматқулов тариқат раҳбарлигини қўлига олгач, муридлари учун қатор янгиликлар жорий қилган. Ўз навбатида у раҳнамолик қилаётган оқим илк тасаввуф асосчилари таълимотидан анча йироқлашган. Уларнинг хатти-ҳаракатларида юртимизда қарийб 14 аср амал қилиб келинаётган ҳанафий мазҳаби аҳкомлари ва аҳли сунна эътиқодига зид ғоялар тарғиб қилиниши ҳолатлари кузатилмоқда. Айни пайтда расмий имомлар Иброҳим эшон фаолиятидаги шариат бузилишига боғлиқ айрим жиҳатларга эътироз билдирмоқдалар.

Мисол тариқасида қуйидагиларни келтириш мумкин:

кечаси таҳажжуд намозини ўқиш фарз (ёки вожиб)лиги масаласи.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Тунда (ярим кечасида) уйғониб ўзингиз учун таҳажжуд нафл намозини ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса”, (Исро, 79).

Бу оятни тушунтиришда ҳам    муайян келишмовчиликлар мавжуд. Тариқат вакиллари: “Оятда Муҳаммад (с.а.в.)га таҳажжуд намозини ўқиш буйруқ шаклида келтирилган, Қуръонда келган амр, у ким орқали баён этилган бўлишига қарамай, барчага тенг фарз бўлади”, дейдилар.

Ваҳоланки, муфассирлар мазкур оятда таҳажжуд намози зиёда амаллардан эканини айтиб ўтганлар. Имом Табароний ўз тафсирида: “Муҳаммад алайҳиссаломга (бир марталик) фарз қилингани, умматларига эса нафл”, деб таъкидлайди (Тафсири Табароний, 8-жилд, 130-бет). Ибн Касир (3-жилд, 58-бет) эса: “Таҳажжуд Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўзларига хос фарз амал, умматларига фарз эмас”, дейди.

Бундан ташқари, оятнинг ўзида “нафл”, “ўзингиз учун” деган калималар борки, улар бу амр Пайғамбаримиз (с.а.в.)га эканлигидан далолат қилади. 

Шукри вузуъ намозини қайси вақтда бўлса ҳам, яъни макруҳ пайтларда ҳам ўқиб олиш зарур, деган яна бир нотўғри талқин мавжуд.

Баъзи мутаассиб ва шариат илмидан бехабар тариқатчилар шукри вузуъ ўқишим керак, деб ўқилиши мумкин бўлмаган вақтларда ҳам намозга ўтирадилар. Ваҳоланки, Муҳаммад (с.а.в.)дан ворид бўлган саҳиҳ ҳадисларда кун чиқаётган пайт, қуёш тиккага келганидан оғишга қадар, қуёш ботаётган пайтда намоз ўқилиши мумкин эмаслиги очиқ-ойдин баён этилган. Жумладан: Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни уч вақтда: қуёш чиқаётганидан токи кўтарилиб бўлгунча, қиём (қуёш тикка кўтарилган пайт)даги иссиқ вақтда ва қуёш ботишга йўлланиб токи ботиб бўлганига қадар намоз ўқишдан ва ўлганларимизни қабрга қўйишдан қайтарар эдилар”.

Сохта тариқатчилар пирга қўл берганнинг олдинги гуноҳлари кечирилади, қазо бўлган (қолдирилган) намозни ўқимаса ҳам бўлаверади, деб ҳисоблайдилар. Шу билан бирга, муридидан бошқа кишининг тўй-маъракаларига боришмайди.

Фиқҳий китобларнинг деярли барчасида “Қазо намозларни ўқиш фасли” деб номланувчи бўлим бор. Уламолар қолдирилган намозларни ўқиш тартиби, қолдириш сабаблари, ҳукми бўйича жилд-жилд китоблар битганлар. Рўзанинг қазоси хусусида ҳам шундай фикрларни айтиш мумкин.

Расулуллоҳ (с.а.в.)га одамлар намоз вақтида ухлаб қолишларини зикр қилдилар. Шунда у зот: “Ухлаб қолиш камчилик эмас. Камчилик уйғоқликда бўлади. Вақтики, бирортангиз намоздан ухлаб ёки ғофил қолса, бас, уни эслаганда ўқиб олсин”, дедилар (Кифоя, 1-жилд).

Аҳмад Сирҳиндий ал-Форуқий ар-Раббоний (1564-1624)нинг “Мактубот” номли китоби 29-мактуби айнан шу масалага бағишланади. Бу мактуб Шайх Низомиддин ат-Таҳонисрийга йўлланган бўлиб, “Фарзларни адо этиш, суннат ва одобга риоя қилиш, фарзлар турганда нафл амалларга ортиқча эътибор бермаслик, хуфтон намозини туннинг охирида ўқишдан қайтариш, таҳорат учун ишлатилган сувни ичишдан қайтариш ва муридларнинг ўз пирлари ёки бошқага сажда қилишларидан қайтариш”, деб номланган.

Кўриниб турибдики, Имом Раббоний ўзининг издошларидан чиқиши мумкин масалаларни аввалдан билганидек уларнинг ҳаммасини бирма-бир санаб ўтадики, бугунги кунда бизнинг диёримизда мавжуд тариқатчиларда ҳам айнан шу камчиликлар учрайди:

- расмий имомларнинг амру маъруфларини менсимаслик.

Бундан ташқари, айрим муридлар томонидан ҳам мутаассибона хатти-ҳаракатлар намоён бўлаётгани маълум. Жумладан:

- Иброҳим эшоннинг таҳоратидан қолган сувни табаррук деб истеъмол қилишган;

- пирнинг уйига оёқ узатиш қиблага оёқ узатишдек гуноҳ бўлади, деб ҳисоблашади;

- доимий катта салла, узун оқ кўйлак ва махси-ковушда гуруҳ-гуруҳ бўлиб юриш.

Эътирозга сабаб бўлаётган масалаларнинг яна бири – тариқатга кирган кишига илмнинг шарт эмаслиги ва ҳатто илмни тарк қилиш афзаллиги ҳақидадир.

Тариқатчилар бунга ушбуларни далил қилиб келтирадилар: аввало, илмнинг моҳияти ибодатга восита бўлишдир. У орқали инсон Роббини танийди ва унга бандалик қилишга ҳаракат қилади. Модомики, инсон  Аллоҳга ибодат қилиш йўлига ўтган экан, унга илмнинг кераги йўқ.

Аслида тасаввуф намояндалари ҳеч қачон илмга қарши бўлмаганлар, балки илмсизлик билан тариқат уйғун бўла олмаслигини уқтириб келганлар. Исломда илм олиш эркак ва аёлга фарз қилингандир (ҳадисдан).

Айрим мутаассиб муридлар томонидан пирнинг таҳоратидан қолган сувнинг истеъмол қилиниши ҳолатлари учрайди.

Ҳозирда ўзларини тариқатчимиз деб даъво қилаётганлар, аввало анъанавий тариқат асосларини қўпол тарзда бузаётганлари, қолаверса шариат кўрсатмаларига ҳам амал қилмаётганлари намоён бўлмоқда. Жумладан, пирнинг таҳоратидан қолган сувни табаррук қилиб ичиш масаласида улар қўпол хатога йўл қўймоқдалар. Биринчидан, бизлар XXI асрда яшамоқдамиз ва “тоза сув”, “ифлосланган сув”, “микроб”, “юқумли касаллик” деган тушунчалар барчага маълум. Одам ювинганда ёки таҳорат қилганда сувга унинг юз-қўлидан турли зарарли микроблар тушиши ва уни ичишнинг оқибати оғир касаллик билан тугаши мумкин. Иккинчидан, “Мактубот” асарида Имом Раббоний: “Таҳоратни ният қилиб ишлатилган сувни ичиш мумкин эмас. Имом Аъзам наздида бу сув нажосат билан аралашган бўлади. Фақиҳлар уни ичишни ман этганлар”, дейди.

Шунингдек, пирга байъат қилмоқчи бўлганлар ёши, жинси, диний билим савияси, ақлий қобилиятидан қатъи назар, муридликка қабул қилинади. Бундай муридлар орасида балоғатга етмаган ёшлар бор ва улар талайгина. Бу эса “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг бир неча моддаларига зиддир. Жумладан, қонуннинг 3-моддасида “Вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб этиш, шунингдек, уларнинг ихтиёрига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига зид тарзда динга ўқитишга йўл қўйилмайди”, деб белгилаб қўйилган.

Кўриб турганингиздек, сохта сўфийлик ғоялари муқаддас динимиз таълимотига мутлақо мос келмайди. Улар яна қайси масалаларда адашгани хусусида келгуси мақолада сўз юритамиз.

Раҳматилло УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби