"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 мaй, чоршанба.

МАЗҲАБСИЗЛИК ҚАНДАЙ ХАТОЛАРГА САБАБ БЎЛАДИ?

Маънавият
Tipografiya

Дин ва давр

МАЗҲАБСИЗЛИК ҚАНДАЙ ХАТОЛАРГА САБАБ БЎЛАДИ?

4-мақола

Ўтган аср охирида дунёда исломни ниқоб қилиб олган экстремистик гуруҳлардан ташқари таҳдиднинг яна бир кўриниши пайдо бўлдики, у – мазҳабcизликка чақирувчилар тоифасидир.

Ҳаракат тарафдорларининг даъвосича, исломда фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашиш шарт қилинмаган. Агар мусулмон шахс, бирор шаръий масалада улардан бирининг йўлини тутса, у кўр-кўрона тақлид қилгани учун хатокор мутаассиб ва динидан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашади. Ушбу тоифага кирувчи шахслар исломга амал қилиш асосида фақат Китоб (Қуръон) ва  сунна туриши лозимлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, бу икки манба хатолардан холи. Аммо фиқҳий мазҳабларга  эргашиш эса, китоб ва сунна таълимотидан кўра, кўпроқ шахслар ижтиҳод (фикр)ларига тақлид қилиниши билан тавсифланади. Бу эса хатога йўл қўйиш ва нуқсонлардан холи бўлишни кафолатлай олмайди.

Қолаверса, уларнинг наздида исломдаги фиқҳий мазҳаблар ҳижрий III асрдан сўнг пайдо бўлгани боис бидъат ишлардан саналиб, сунна таълимотига кўра ҳар бир динга киритилган янгилик шубҳасиз залолатга  маҳкумдир. Саҳобаи-киромларнинг барчаси Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳнинг суннатигагина мурожаат қилганлар. Ўзларини ислом динининг фидойилари деб эълон қилаётган бу тоифа тарафдорлари Қуръон ва сунна турганда фиқҳий мазҳабларга эргашиш мусулмонлар ўртасида ихтилофлар пайдо бўлишига замин яратиб, бирлигига рахна туғдираётгани ҳақида жар солмоқда. Аслида-чи?!

Эътироф этилган мазҳабларни инкор этиш (мазҳабсизлик) оқибатида Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифлардан хоҳишга кўра ҳукм олиш келиб чиқади. Бу билан мазҳабни инкор қилувчилар ўзига хос ҳукм олиш йўлини “ихтиро” қилган бўлишади. Бу ҳол, ўз навбатида, янги мазҳабни даъво қилишдир.

Хўш, мазҳабларни инкор этувчи бузғунчи оқимларда кузатилаётган хатарлар қайси жиҳатларда кўринади? Қуйида шулардан айримларини келтирамиз.

Мусулмонни кофир дейиш. Аҳли сунна ва жамоа уламолари наздида бирор-бир мусулмонни кофирга чиқариш мумкин эмас. Мусулмонни кофирга чиқариш (такфир) жуда оғир оқибатларга олиб келади. Ҳазрати Али (розийаллоҳу анҳу) замонларида пайдо бўлган хаворижлар биринчи бўлиб мусулмонларни куфрда айблашлари натижасида бир қанча мусулмонлар, жумладан, Ҳазрати Али ўлдирилган.

Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан улуғ уламо ва фузалоларимиз бундай бузғунчи ғояларнинг диёримизга кириб келишига йўл қўйишмаган. Тўғри йўлдаги мусулмоннинг ақидаси қандай бўлиши лозимлигини ақида китобларида баён этишган.

“Қибла аҳлларидан бирортасини гуноҳ туфайли кофир санамаймиз. Модомики ўшани ҳалол ҳисобламаса” (“Ақидатут Таҳовий” матни). Муаллифнинг: “Қибла аҳлларидан бирортасини гуноҳ туфайли кофир санамаймиз” дегани, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келтирган жами нарсаларга имон келтириб, диннинг асосий рукнларидан бирор нарсани инкор қилмаган одамни катта ё кичик гуноҳ туфайли кофир деб ҳукм чиқармаймиз, деганидир.

Аллоҳ таоло катта гуноҳ қилган одамни мўминлардан ҳисоблаб: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолса, дарҳол уларни яраштиринг” (Ҳужурот, 9), деб, охирида: “...мўминлар оға-инилардир. Оға-иниларингизни келиштириб қўйинглар...” (Ҳужурот, 10) деган.

Аслида ҳар қандай сўз ёки бузуқ иш куфрга далолат қилавермайди. Мусулмон кишини кофир деб ҳукм қилиш учун ниҳоят даражада дақиқ тафтиш ва илм керак. Шунинг учун такфир масаласи фақат муфтий ва қозилар ҳал қиладиган масалалардан ҳисобланади.

Мусулмонларнинг раҳбарларига қарши чиқиш. Мусулмонларнинг раҳбарларига қарши чиқиш боғийликдир. Агар боғийлар ҳақ устидаги раҳбарга қарши чиққан пайтларида ўлдирилса, уларга жаноза ўқимаслик ҳақида фуқаҳолар фатво беришган.

Оятда  “Эй имон келтирганлар!    Аллоҳга итоат этинглар. Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этинглар!” (Нисо сураси, 59-оят).

Имом Таҳовийнинг ақида китобида қуйидагиларни ўқиймиз: “Подшоларимиз ва раҳбарларимизга қарши, гарчи зулм қилсалар ҳам, хуруж қилмаймиз, уларни дуоибад ҳам этмаймиз. Итоатидан бош тортмаймиз. Уларга итоат этишни Аллоҳга итоат этиш жумласидан, яъни, фарз деб биламиз. Гуноҳ ишларга буюрсаларгина итоат этмаймиз. Уларнинг ҳаққига яхши дуолар қилиб турамиз”.

Ноҳақ қон тўкиш. “Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).

Мўмин кишини қасддан ўлдириш қул озод қилиш билан ҳам, хун тўлаш билан ҳам ювиб бўлмайдиган катта жиноят ва гуноҳдир. Мўмин мўминни қасддан ўлдириши бир айбсиз жонга қўшиб, имондек улуғ неъмат туфайли вужудга келган ақида қардошлигини ҳам ўлдиришдир. Шунинг учун ҳам қисқагина бир оятда бу жиноятчига бошқа ҳеч кимга тайин қилинмаган олий жазолар – жаҳаннамда абадий қолиш, Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлиш ва у Зот тайёрлаб қўйган улкан азоб ваъда қилинмоқда. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг бирида: “Бир мусулмоннинг ўлдирилиши Аллоҳнинг ҳузурида дунёнинг тугашидан ҳам оғирроқдир”, деганлар.

Анас (розийаллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч нарса имоннинг аслидандир: “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаймиз; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз; амали туфайли уни исломдан чиқармаймиз”, дедилар (Имом Абу Довуд).

Аслида мазҳабсизлик даъвосини ёйишнинг ўзи ихтилоф манбаи бўлиб, ислом дини, хусусан, мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканига шубҳа йўқ. Улар ўзларини мазҳабсиз деб даъво қиладилару, ўзлари ҳам намоз ва бошқа ибодатларда ўша тўртта машҳур мазҳаб имомларидан бирига эргашади.

Ижтиҳод қилишга ҳар ким ҳам қодир бўла олмайди. Чунки бу ишни қилиш учун шаръий далиллардан ҳукмлар келтиришга етарли даражада ақлий қувват лозим бўлади. Бу малакани Аллоҳ таоло ҳаммага ҳам берган эмас. Лекин бир-икки масалаларда ихтилоф қилиб, “Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида бўлмаган, биз уларга эмас Аллоҳ ва Расулига эргашамиз” дейдилар. Бу гапларни айтаётган кишилар мазҳаб борасида илмлари  йўқлигини билдиради.

Фикримизнинг далили, Аллоҳ таолонинг “Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг” (Наҳл сураси, 43-оят), деган амридир. Уламолар ижмоъ қилганларки, бу оят ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган кишиларни ўша нарсаларни биладиган кишиларга тобе бўлишга буюрмоқда. Дарҳақиқат, барча усул уламолари бу оятни саводсиз одам мужтаҳид олимга тақлид қилиши кераклигига биринчи далил ўлароқ келтирадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мен ва хулафойи рошидинларнинг йўлини маҳкам тутинглар”, деб марҳамат қилганлари мазҳабсизликни даъво қилаётганларнинг гаплари пуч эканига далил бўлади. Чунки, Расулуллоҳ фақат оятга ҳамда ўзларининг сўзларига эргашишга буюрмаяптилар.

Тўрт мазҳабдан бирини маҳкам тутиш вожибдир. Бунга барча мусулмонлар уммати ижмоъ қилган. Мазҳабсизликнинг яна бир хатарли жиҳати, олдинроқ айтиб ўтганимиздек, мазҳабсиз одам фиқҳий масалаларга ўзининг билими етиб ечим топа олмагани боис гоҳ у мазҳабдан, гоҳ бу мазҳабдан далиллар қидиради. Яъни, ўзи инкор этган мазҳабларнинг ҳаммасининг ичида довдираб юради. Лекин аниқ бирини ушламагани боис эътибор қозона олмасдан умрини залолатда ўтказиб қўяди.

Мазҳабсизлик ғояси асрлар давомида ўтган минглаб олимларнинг қилган меҳнатларини бекорга чиқаради. Асрлар давомида барча мусулмонлар амал қилиб келган анъана нотўғри, шунча инсон адашган экан, деган хулоса келиб чиқади. Бундай бўлиши мумкин эмас, буни тилга олишнинг ўзи қийин. Бу Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг суннатига ҳам тўғри келмайди, зеро у киши шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ умматимни бирор залолатга жамламас”.    Бошқа бир ҳадисда “Мусулмонлар яхши деб билган нарса Аллоҳнинг ҳузурида ҳам яхшидир”, дейилган. Бу даъват   мазҳаблар моҳияти ва қийматини умуман билмасликдир.

Мазҳабсизлик жамият ҳаётида ихтилоф ва жанжалларни келтириб чиқаради ва бунинг натижасида турли радикал оқимга мойил кишилар шаклланади. Бирдамлик ва барқарорликка салбий таъсир этади. Шундан келиб чиқиб бугунги кунда мазҳабсизлик олдини олишнинг маънавий, диний ва маърифий асосларига алоҳида аҳамият бериш лозим. 

Раҳматилло УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби