"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 июнь, пайшанба.

“АНА, РИСОЛАТНИНГ ЭРИ...”

Маънавият
Tipografiya

Ҳаёт сабоқлари

“АНА, РИСОЛАТНИНГ ЭРИ...”

Беш йил аввал...

“Дадаси, ана, чопиққа чиқма, дейсиз, кеча Жума фермер уч юз минг сўм берди. Шу пулга иккита қўзи олиб боқмоқчиман. Кузда сотсам, пулини шифернинг пулига қўшиб қўяман. Яна қирқта жўжа ҳам очирдим. Бу ёқда сигиримиз туғади яқинда... Бу йил худо хоҳласа, томни ёпиб олармиз. Чакканинг тагида қишламаймиз энди... Худога минг шукур. Кимдан камимиз бор? Ана, Рисолатнинг эри...”

Уч йил аввал...

“Олий маълумотлиман, домулламан, деб кўкрак кериб юраверсангиз, биров бир сўм берадими? Бир миллион сўм ойлигингизга рўзғор ўтмайдию, орттириб бўларканми?  Ана,  Рисолатнинг эри у ёқда икки йил ишлаб, участкасини қаср қилиб олди. Эртадан кейин қайнингиз Питерга кетаяпти. “Поччамниям менга қўшиб юборинг, йўл пули мендан”, – дейди. Ҳатто жигарингиз ҳам бундай яхшилик қилолмайди. Гап шу! Кетасиз, дедимми, кетасиз! Менинг ҳам қанчадан-қанча орзу-ҳавасим бор...”

Бир йил аввал...

“Алло! Қанча жўнатдингиз? Беш юз доллар ҳам пулми? Ана, Рисолатнинг эри... Э-э-э, мен билмайман, йиғиштиринг баҳонани... Ўтган ойнинг пулими? Ҳа, тилла “тросс” олдим.  Жума фермернинг хотинидан кам жойим борми?”

Олти ой аввал...

“Нима, мен далага, чопиққа чиқаманми? Мен-а? Ковушимнинг пулини берадими? Нима, қайтаяпсиз? Шундай ишни ташлаб-а? Бу ёқда нима бор? Яна юрасиз-да фермернинг ерида судралиб... Нима, мазам бўлмаяпти? Бу ёқда қизингизнинг тўйи бўлай деб турипти... Шунинг учун уйга чопиб келиш шартми? Ўша ерда даволанаверинг...Ана, Рисолатнинг эри...”

Кеча...

“Ука, нималар деяпсан? Нима бўлди поччангга? Қандай тушиб кетади? Алло, алло... Иккинчи қаватдан?! Синди? Оёқми? Кўзларингга қарасанглар бўлмайдими? Э-э-э, эркак кишиям шундай латта бўладими? Тузукмилар?! Иш жойидан товон пули беришарканми? Нимага энди... ана, Рисолатнинг эри...”

ГИНА

Чўккан, ўт босган қабр. Ёзувлари ўчаёзган мармартош...

Дўппили эркак тиловат қилаяпти.

Нарироқда бир аёл тараддудланиб туриб қолди. Сўнг секингина келиб, эркак ўтирган қабр ёнига чўкди. Қўллари билан қабрдаги ўтларни юлган бўлди...

“Отамизнинг руҳи покларига бағишладим. Охиратлари обод бўлсин... Оллоҳу акбар!”

Икковлон юзларига фотиҳа тортишди.

Эркак ортига ўгирилиб қаради.

Кўзлар тўқнашди.

Аммо... тиллар... саломга-да айланмади...

Улар етти йилдан бери гина-кудуратли эдилар. Ака синглисининг қизини ўғлига сўровди. Сингил... қариндошга қиз бермайдиган бўлувди...

“Кечиринг, ака”, – де... моқчи бўлди сингил.

“Болаларинг тузукми?”, – де...яолмади ака.

Икковлон икки томон кетишди.

Ўртада қабр... яна мунғайиб қолди...

ҲОШИЯНИНГ БУ ТОМОНИ...

Бир чала ижодкор хом-хатала қораламаларини келтириб, муҳаррирга деди:

– Машҳур адибимизнинг “Дафтар ҳошиясидан ташқарида” китобини севиб ўқийман. Мен ҳам “Ҳошиядан ташқаридаги битиклар” ёзувдим. Кўриб берасизми?

– Сиз айтган ёзувчининг “дафтар”и тўлиб қолгани учун ҳошиядан ташқарига ёзишга мажбур бўлган, – деди муҳаррир пешонаси тиришиб. – Сиз бемалол ҳошиянинг бу томонига ёзаверинг, шундоқ ҳам бўм-бўш турибди-ку...

ОТА

Отага хабар келтиришди: “Ўғлингиз ичиб олиб, авария қилибди”.

 Унинг жони ҳалқумига келаёзди.

Хабаркаш жияни таскин берди: “Қўрқманг, Жавлоннинг ўзи омон, у ер-бу ери шилинибди. Мен уйимга яширдим. Келинингиз қараяпти.  Фақат ёнидаги оғайниси ўзини билмай ётибди...”

Ота ўғлини кўргач, шифохонага югурди. Ўғлининг оғайниси комада экан. Нима қиларини билмасдан бошини чангаллади. Шифохона даҳлизида “формали”лар айланишиб қолганида ҳуши ўзига келди.

– Машина қаерда? – сўради жиянидан.

– Ўша авария бўлган қишлоқда, – жиян оҳиста шивирлади. – Ўғлингизнинг бир таниши ғўзапоя ғарамининг тагига яширган... Нимадир қилиш керак, тоға. Жавлон эндигина нозик жойга ишга кирди. Қамалса, каръераси ҳам тамом...

– Бўлди қил, – жиянининг сўзини кесди. – Авария бўлган жойни аниқ биласанми?

– Ҳа, – деди жиян унинг ҳаракатларидан хавотирланиб.

– “Мелиса”га билдирмасдан менга кўрсатасан...

– Нима қилмоқчисиз? – жияннинг хавотири яна ортди.

– Ишинг бўлмасин! Сен айтганни қил...

Ота ташқарига чиқди. Шифохона чеккасидаги қурилиш томон юрди. Пайпасланиб, ердан ярим ғишт олди. Сўнг қоронғулик қаърига сингиб кетди...

... Бир соатлардан сўнг ички ишлар ходимлари юз-кўзлари моматалоқ, оппоқ соқолига қон ёпишиб қолган қариянинг иқрорини қоғозга туширишди:

– Рулда мен эдим...

“СЕН ҲАММАДАН ЧИРОЙЛИСАН...”

– Чора кўрамиз... Ота-онасини чақиртирамиз... Ҳайдатамиз мактабдан...

Ўқитувчилар хонасида можаро авж олди.

Шоди қассоб стол муштлаб, ёқавайрон  ёш муаллимга дағдаға қиларди:

          Сенми синф раҳбари? Топиб берасанлар ўша буқачани. Ичагини суғуриб ташлайман…

Хонада жам бўлганларнинг ҳаммаси эркак муаллимлар эди. Бироқ ҳамма, ҳатто бўйинбоғи қийшайиб кетган “булбулигўё” “завуч” ҳам жиккаккина қассобнинг олдида елка қисиб қолишди.

– Нима гап? – журнал алмаштиргани кирган Жовли муаллим “завуч”га юзланди. У секингина шивирлади:

– Ўнинчи “б”даги Рустам бу кишининг қизига SMS ёзибди...

– Анави чемпион болами? Нима бўпти шунга?

– Нима бўларди? – “завуч” стол устидаги қопқоғига пул боғлайдиган резина қистирилган пачоқ телефонни олиб, Жовли муаллимга узатди.

– Ўқинг, ҳа, ўқиб кўринг, – Шоди қассоб овозини яна бир парда баландлатди. – Ёшингиз улуғ, ўзингиз баҳо беринг. Мана, домулла, кимларни тарбиялаб чиқараяпсизлар... Нима бўпти эмиш...

Жовли муаллим кўзойнагини тақиб, SMSни ўқиди: “Сен ҳаммадан чиройлисан, Жамила!”.

Жовли муаллим яна қассобга юзланди:

– Хўш, нима бўпти шунга?

 “Завуч” унинг “боқибеғам”лигидан ажабланиб қолди. Қассоб яна жазавага шайланган эди, Жовли муаллимнинг кескир гапидан чўчиб тушди:   

– Гап бундай, Шодивой, аввало маълимлардан узр сўрайсан. Кейин... бундан буён қизингнинг қўлига телефон бермайсан. Вассалом! Рустам билан ўзимиз гаплашиб оламиз. Унинг уйига бориб, безовта қилиб юрма. Отаси ўтган йили қазо қилган... Энди тинчгина уйингга жўна. Агар кўнмайдиган бўлсанг... – муаллим тин олди. – Ҳозир ўзинг саккизинчида синфдошингга ёзган хатингни обчиқиб, ўқиб бераман... Ҳа, эсингдами? Эсдалик учун сақлаб қўйганман.  Ўша пайтлар шу ғазалхон бола қассоб бўлади, деса ҳеч ким ишонмасди...

Хонага оғир сукунат чўкди. Қассоб шалвираб тушди. Сўнг бир нарсалар дея минғирладию, стол устидан телефонини олиб, хонадан сирғалиб чиқиб кетди...

–Бор экансиз-ку, домла, – ниҳоят ёш муаллим ҳам тилга кирди. – бу “майиз емаган” қассоб ўлдириб қўяй деди-ку... Рустам – яхши бола, билмадим, нима жин урди? Ўзи буларнинг ёшида хат ёзмаган одам бўладими?

– Энди... “ўн саккизга кирмаган ким бор?”,  – дейдилар-ку, – дадилланди “завуч” ҳам. – Биз ҳам бир пайтлар ёзиб эдик... Рўзи тегирмончи қулоғимизнинг тагида шавла қайнатган...

– Э, бизда ундан ҳам қизиғи бўлган...

Бирин-кетин қолганлар ҳам ширин хотираларга берилди...

Нуриддин ЭГАМОВ