"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 август, чоршанба.

НАБИРА

Маънавият
Tipografiya

Қатралар

НАБИРА

Улуғ бир инсон оламдан ўтди. Ўғли, қизи, яқинлари айрилиққа узоқ пайтгача кўниколмади, кунора унинг қабрини зиёрат қилишди. Суратига термулиб кўз ёшларини тия олишмади.

- Отажон, сизсиз қандай яшаймиз, - деб унсиз фарёд чекди қизи.

- Сизни рози қилолдимми, йўқми, қиблагоҳим, ношудлик қилган бўлсам кечиринг, - деб аламини ичига ютди ўғил.

- Бобожон, чала қолган ишларингизни ўзим битираман, тугалланмай қолган китобингизни давом эттираман, - деди маъюс набира... Набираларимиз орзуларимиз давомчиси...

ҚАЙТГАН КЎЙЛАК

Байрамда кўйлак совға қилган қизидан она сўради:

- Болам, қайнонангга ҳам шунақасидан олдингми?

- У кишига рўмол олдим.

- Чакки қилибсан, - деди она маъюс тортиб.

...Қиз уйга келиб сумкасини очса, кўйлак жойида турибди.

У ўзидан жуда уялиб кетди...

КЎНГИЛ

Икки дугона бир-бирининг меҳрига тўймасди. Ахир охирги кўришувларидан буён ўттиз йил ўтди-я. Ўттиз йил оғизда осон.

- Қанчалик ажойиб иш қилдинг-а, келиб, – дейди мезбон дугона.

- Сени бир кўрай дедим-да, меҳмонхонадан ҳам жой беришган эди,  аммо, сен шу шаҳарда яшайсанку, кўз олдимга келавердинг, - дейди ҳаяжонланган меҳмон дугона. Дастурхон атрофида ярим тунгача суҳбатлашиб ўтиришди, талабалик йилларидаги суратларини томоша қилишди.

- Бир ҳафта шу ерда экансан, келиб тур, - деди мезбон эрталаб меҳмонни кузатар экан.

– Албатта, сен шундоқ ёнимда бўлсанг меҳмонхонада уйқу келадими - дугонасининг кифтидан қучиб турган меҳмон ҳамон ҳаяжонда эди.

Икки кун ҳам шундай бўлди.

Учинчи кун кечки пайт:

- Дарвозани яхши бекитдингми, - деди аёл қизига.

- Бекитдим, ойижон, бекитдим, - деди қиз зорлангандек.

- Чироқниям ўчириб қўй...

Бу гапларни ўзи истамаган ҳолда эшитиб қолган меҳмон секин ортга қайтди.

 

Бўстон РАҲМОНОВА