"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 август, чоршанба.

БАҒРИКЕНГЛИК, МЕҲР-ОҚИБАТ АЙЁМИ

Маънавият
Tipografiya

БАҒРИКЕНГЛИК, МЕҲР-ОҚИБАТ АЙЁМИ

Рамазон ойи Юртимиз мусулмонлари учун ўзгача бир тароватда ўтди. Аллоҳга шукур, Ватанимиз тинч, осуда. Халқимиз муборак ибодатларни бемалол адо этдилар.

Ҳайит байрами арафасида турибмиз. Ислом дини билан мушарраф бўлган бу кунда барча мўминлар катта жамоа бўлиб ийд намозини ўқишади. Намоздан сўнг бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш, фақиру камбағалларга моддий ёрдам кўрсатиш, болаларга ҳайитлик совғалари улашиш амаллари эса бизда анъанага айланган. 

Ҳайит – Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига зиёфат куни, Қуръони каримда бундай марҳамат этилади:  “Албатта, мана шу (жаннат неъматлари) улкан ютуқнинг ўзидир. Бас, айнан мана шундай ютуқ учун амал қилувчилар амал қилсинлар!” (Соффот сураси, 60-61-оятлар).

Рамазон рўзасидан олган тарбиямизнинг яна бир жиҳати шу бўлдики, бу ой бизларга бир-биримиз билан янада аҳил, тотув бўлиб яшашни, бағрикенг бўлишни, фақат ўзимиз учун эмас, ўзгалар учун ҳам камарбаста, фидойи бўлишни ўргатди.  Чунки   юртимизда  тинчлик ва осойишталик бардавом бўлишида, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги  юксалишида бу инсоний фазилатларнинг ўрни беқиёсдир. 

Рамазон ойини қандай ихлос, ғайрат ва сабр билан ўтказган бўлсак, ҳайит байрамини ҳам ўшандай файзли қилиб  ўтказишимиз керак бўлади. Ҳайитдан мақсад, кўнгилларга хушнудлик, нафсларга севинч, жисмга роҳат бағишлаш, дўстлар, яқинлар ўртасида муҳаббат, қариндошлар, қардошлар орасида меҳр ришталарини янгилаш, кишиларни бир-бирларига  ёрдам ва саховат кўрсатишга чорлашдир. 

Ҳайит мусулмонларнинг азиз байрами бўлгани учун бу айём шоду хуррамлик, хурсандчилик қилинадиган, кексалар, ота-она, қариндошлар зиёрат этиладиган, беморлар ҳолидан хабар олинадиган, кўплаб хайр-эҳсон улашиладиган кундир.

Ҳайит кунлари оила ичида ҳам байрам кайфиятини тиклаш керак. Уйга сарфланадиган харажатларни одатдагидан яхшироқ қилиш даркор. Иложи бўлса, уларга совға ва махсус ҳадялар улашилса, янада яхши бўлади. Ҳайит кунларида беморларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳам ҳайитни нишонлашларига кўмаклашиш айни савоб ишдир. Ушбу кунлар силаи раҳм қилиш, қариндош-уруғ, қуда-андаларни зиёрат қилиш ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ таъкидланган бўлиб, савоби кўпроқ бўлади. 

Узоқлашиб кетган қариндошлар, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим. Зеро, силаи раҳмни узган ёки инсонларга гина қилган кишиларга фазилатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор. Шу боис, бу эзгу амалларга жиддий қараш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ҳайит куни бирга кетишаётган эди. Мадина кўчаларида ўйнаб юрган болалар Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ҳайитлик сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

– Эй Умар, мени бу болалардан сотиб олмайсизми? – дедилар.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу югуриб кетдилар ва болаларга гўшт, бир оз хурмо ва мевалар келтириб бердилар. Мамнун бўлган Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг муборак юзларига табассум ёйилди. (“Тарихул Анбиё”). Шу каби болаларга муносиб ҳадя ва совғалар улашилса, айни мақсадга мувофиқ ишдир.

Ҳайит арафасида қўни-қўшниларга меҳр-мурувват кўрсатиш билан бирга моддий ёрдамга муҳтож кишилар, яъни кам таъминланган оилаларга хайр-эҳсон қилинса, уларнинг хонадонларига ҳам байрам шукуҳи кириб келган бўлади.

Ҳайит кунлари дуолар қабул қилинадиган кундир. Бу кунда баъзи жойларда одамлар урф қилиб, тўп-тўп бўлиб қабристонга, азадор хонадонларга бориши, йиғи-сиғи қилиши шаръан дуруст эмасдир. Бундай ношаръий амаллардан қайтайлик, ўзимизни ортиқча бидъат амаллардан сақлайлик. Бунинг ўрнига Аллоҳнинг тинчлик, хотиржамлик каби неъматларига шукр қилиб, эрта тонгдан ҳайит намозини адо этиб, кўпчилик билан қўлларимизни дуога очсак, қалбимиздаги истакларимизни Яратгандан сўрасак, иншааллоҳ, бунинг савоби ўзимизга ҳам, биздан умидвор бўлиб ётганларга ҳам етиб боради.

Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ҳайитини муборак қилсин! Кейинги йил Ҳайит байрамларига ҳам соғлик-саломатлик, хурсандчиликда етишлигимизни Яратган барчаларимизга насиб этсин! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Раҳматилло УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби