"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 август, чоршанба.

НОМУС

Маънавият
Tipografiya

Ҳаётий ҳикоя

НОМУС

Эсон ҳолвачи қирчанғи отида соқоли селкиллаб бораркан, олдидан чиққан ҳар ўткинчи билан тўхтаб узоқ ҳол-аҳволлашар, шундан кейингина ўта эҳтиёткорлик билан Чори чавандоз ҳақида сўрарди. Улардан ҳам кампирининг гаплари ҳақиқат эканини, яъни Чори чавандознинг оғир ётганини эшитгач эса на суюнишини, на куюнишини билмасдан бош чайқаб йўлида давом этарди. Шунча йил бўйнини эгмай келди. "Бориб нима десам экан? Ёшликдаги жўрам касал бўпти, деб ичим ачиб келаяпман, десамми? Ё, рангинг кетиб қопти-ку, ошна, сен кетгач бачаларингга биздан нима ёрдам, деб бир эзсамми? Шундай десаму, "шилқ" этиб ўлиб қолса нима бўлади. Гунайига қолмайманми, анакай?"...

* * *

Эсон ҳолвачи билан Чори чавандознинг орасига оламушук оралаганига анча йиллар бўлган...

Ўша йиллари олти овулни жой қилган Чимсаройликлар Саттор Элбегидан кейин ҳаммага таниқли бўлган учта одамни билишар, булардан бири карвонсаройнинг эгаси Холмирза оқсоқол бўлса, қолган иккиси Қамай овулидаги Эсон ҳолвачи ва ўртачимлик Чори чавандоз эди. Айтишларича, Эсон ҳолвачи билан Чори чавандоз ўсмирлигида қалин дўст бўлишган. Ҳар иккисининг ўша пайтларда бутун Чимсаройдаги энг сулув қиз - Жонгулга ишқи тушгач, ёвлашиб қолишган экан. Рост, Жонгул икковиниям танламади, ҳадеб жиққамуш бўлаверган икки жўра билан учакишгандай самарқандлик савдогарга тегди-да, кетди. Бунда Эсон ҳолвачи Чори чавандозни айблади, Чори чавандоз эса Эсонни, хуллас ҳалигача иккаловининг адовати гоҳ ҳазил, гоҳ чин тарзда давом этиб келар, ташқаридан қараган одамга сезилмаса-да, фурсат топди дегунча бир-биридан қасдини олиб, паст қилиш иштиёқида бўларди...

* * *

Эсон ҳолвачи Чори чавандознинг дарвозасига етганда шовқин овозини эшитиб тўхтаб қолди: "Нимабало, Чори бахши-қушноч чақириб ўзини боқтираяптими?". Минг иккиланишлар билан секингина дарвозадан кирувди ҳамки, чавандознинг ўғли югуриб келиб, отининг жиловидан тутди:

-Келинг, Эсон бова, келинг, хуш кепсиз!

-Бу нима шовқин, улим?

-Буми?! Отам касалдан турди, шуни байрам қилаяппиз-да, бова!

-А? Қи... Қачон?- дудуқланиб қолди Эсон ҳолвачи. Бу вақтда Чори чавандоз ҳам уйидан чиқиб, илжайганча шу томонга кела бошлади.

-Тиловқобил, меҳмонга келган одамни уйга киритмай гурунг бериб турганинг нимаси? - ўғлини койиди у.

- Эсон ошна, кел, кел! Тўрт кун белим оғриганига одамлар мени касалга чиқариб қўйипти, ошна деган шундай кунда сўрайди-да!..

Мутлақо кутилмаган вазиятга дуч келган Эсон ҳолвачи гарангсиброқ отдан тушди. Сир бой бермасликка уриниб чавандозга қўл бераркан, сўрашган киши бўлиб минғирлади.

-Ҳий-йи... Ўларман эмиш, дейишаётувди... Умринг узоқ бўларкан-да.

-Хе-хе-хе, - олдингидан анча озганидан янада бўйчан кўринаётган гавдасини кериб кулди Чори чавандоз. - Шундай дейишаяптими ҳали?! Хотинлардан эшитгандирсан-да, а?! Ай, жувонмарглар-а, жувонмарглар...

Чори чавандоз ҳовлида изғишиб юрган қизларига бақириб-чақириб юмуш буюрди. Жўрасини ҳозиргина тузатилгани сезилиб турган дастурхон ёзиғлиқ уйга етаклади.

Ниҳоят уйга кириб дастурхон атрофига чўкканларида ҳам Эсон ҳолвачи фикрини жамлаб ола билмас, хатти-ҳаракатларида вужудга келаётган ғайриихтиёрий ёлтоқиликдан эса баттар асабийлашарди.

- Хў-ўш... Мана, кўриб турибсан, биз отдай! Ўзингда нима гаплар, Эсон ошна? - буни сезиб атайлабдан жўрасининг кўзларига қаттиқ тикилда чавандоз.

-Биз-ам яхши... - сўнарибгина ғулдиради, гапнинг борар ерини фаҳмлаган ҳолвачи. - Журиппиз, қимир-қимир...

-Хе-хе-хе, жуда соз-да, жуда соз!.. Хотинлар-чи, жўра? Хотинлар менинг ўларманлигимдан бошқа яна нималар деяпти?!

Чавандознинг писандаларини ортиқ ҳазм қила олмаган ҳолвачи сапчиб ўрнидан туриб кетди. Чопағон билан ади-бади айтишишга юзи чидамай, уйдан чиқа солиб ҳовлидаги симёғочда боғлоғлиқ турган отига ёпишди...

Тушга довур ҳам бугунги изза бўлганининг алами босилмаган Эсон ҳолвачи шифтга боқиб ётган эди, хотини шошиб кириб қолди:

-Худоё тувба, бова... Чори чавандоз ўтиб қопти!

-Тур-а, энағар! - ҳолвачи ётган жойида маҳсисини ечиб хотинига улоқтириб юборди. - Эртаминан ҳам ўладиган эмиш, девдинг... Бориб кўрдим, Чори алптай бўб дурсиллаб журипти-ку!

-Нимага маҳси отасиз, - бўш келмай шанғиллади хотини ҳам. - Ҳамма айтганларим ҳақ рост! Ана, от миниб "Чори чавандозникига жаназаға..." деб чақириб ўтди. Чимсаройда яна нечта Чори чавандоз бор?!

Кўчада юрганлардан хотини янглиш эшитмаганини сўраб билган ҳолвачи аста юзига фотиҳа тортди. Сўнг ҳовлисига қайтиб кирар-кирмас алам билан ўкириб юборди:

- Во уккор жўрам, зўр келиб зўр кетди-я! Демак ҳали кўрганимда худо раҳматини оёқларимас, полвон ори кўтариб турганакан-да!!!

Байрам АЛИ