"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

17 июль, сешанба.

НОНИ ҚАТТИҚ КАСБ

Маънавият
Tipografiya

НОНИ ҚАТТИҚ КАСБ

(Эссе)

1.

Кечки пайт. Эндигина ишдан қайтиб, набираларим билан дастурхон атрофидан жой олганимда қўл телефоним чўзиб жиринглади.

Одатим шунақа, телефон гўшагини бирдан кўтармайман, ким қўнғироқ қилаётгани билан қизиқаман. Қарадим. Нотаниш рақам. Негадир шу қўнғироққа жавоб бергим келди. Тугмачани босдим. Нариги томондан:

-Абдунаби ака, бу сизмисиз, рақамингизни излаб-излаб, аранг топдим,-деган ҳаяжонли овоз эшитилди.

Овоз соҳибини дафъатан танидим, марҳум журналист Мусо Каромовнинг ўғли, ўзи ҳам қалам тебратиб туради, бинойигина ашъорлар битади.

- Илҳомжон, Сизмисиз! - дедим.

- Ҳа, устоз,- дейди Илҳомжон. - Отам ҳақида хотира китоби чиқараётгандик, шунга бирон нарса ёзиб бермайсизми?

- Албатта, укажон, шундай хайрли ишдан четда қолиб бўладими...

2.

Ҳали-ҳамон эслайман, унутолмайман...

Ўтган асрнинг долғали етмишинчи йиллари. Болалигимиз, орзу-интилишларимиз эгатларга сочилган йиллар, биз учун тун-кун ўз мазмун-моҳиятини йўқотган, пахта йиғим-терими якунланишини кутишдан ўзга чорамиз қолмаган даврлар эди.

Эгатларда "йилт" этган оқлик кўринмай бошласа, "шир" этиб ёмғир ёғса, дилимиз қувончга тўларди:

- Энди албатта жавоб беришади.

Қаерда!

Московдан ташриф буюрган "бош котиб" Тошкентда дабдабали йиғилиш ўтказар, "ўзбекнинг "оқ олтинни яратувчи олтин қўллари" шаънига ҳамду санолар ўқир, пировард натижада "ҳаммамиз учун ҳурматли фалончи ...чиевич ташрифи муносабати билан ялпи хирмон салмоғини фалон миллион тоннага етказамиз", деган яланғоч шиор ўртага ташланарди.

Қарабсизки:

- Ассалом қишнинг қорли-қировли кунлари!

Шундай кунларнинг бирида шийпонда қолган синфдошимиз бизни янги хабар билан кутиб олди:

-Тезроқ нонушта қилиб олинглар, "Ёш Ленинчи" (ҳозирги "Туркистон") газетаси мухбири билан учрашув бўлармиш.

3.

Мен "тирик ижодкор" билан учрашишни эҳтимол эсимни таниганимдан буён орзу қилгандирман.

Ахир газета, газетачилик деган тушунчаллар мен учун бегона эмасди. Қишлоғимизда Малла Қурбон деган фронтовик почтальон бўларди. Мактабимиз ўқитувчиларига обуна бўлган газета-журналларини тарқатиш учун келганида чуғурлаб атрофини ўраган биз болаларга:

- Мулло бўлинг, конверт олинг, - деб мурожаат этар, кўпроқ конверт харид қилганимизга бир-икки газета, ҳотамтойлиги тутса, журнал совға қиларди.

Ким неча бор онамнинг ширинлик олиб ейиш учун сочбоғи учидан чиқариб берган тангаларини газета-журнал билан сийланиш умидида конвертга сарфлаганимда янгиликларга ўчлик ачинишимга йўл бермаганди.

Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган акам бирдан иккини уриб қоладиган ҳамқишлоқ дўкончини "Муштум"га ёзгач, у шикоят қилиб уйимизга келганида, отам арзгўйнинг юзидан ўтолмай, бўйи тенги боласини хивич олиб қувлаганида матбуотнинг ҳақ сўзи таъсир кучини илк бор ҳис қилгандим.

Шу боис катта мухбир билан учрашув хабари нурсиз кунларимга завқ-шавқ бағишлаганди.

Қисиқ кўзлари бутун вужудингни меҳр билан чўлғаб оладиган киши экан Мусо Каромов деганлари. Гарчи ўқитувчиларимиз олдиндан "сен бу саволни берасан", "сен фалон нарсани сўра", деб айримларимизни пишитган бўлса-да, ҳар қандай расмийликдан холи ўтганди ўша учрашув.

Кейин анча вақтгача шу учрашув таассуротларини эслаб, чарчоғимиздан ариб юрганлигимиз рост.

Ўша куниёқ ёшлигимнинг қўнимсиз орзулари бир тўхтамга келганди:

- Мен албатта мухбир бўламан!

4.

Саккизинчи синфдами ўқирдим.

Уч-тўрт тенгқур, ой ботмаган ойдин кечалар қишлоғимиз шимолидаги Қоратепанинг майин майсага бурканган ёнбағрига ястаниб, тонготар адабий баҳсларга киришардик. Ай-й, болалик-да, дунёда сендан кўра ақлли, сенданда мулоҳазакор кимса йўқ:

- Фалончи қаҳрамон ундоғ, писмадончи қаҳрамон бундоғ...

Гўёки биздан ўтадиган адабиёт билимдони топилмайдигандек ёзувчиларга баҳо беришдан ҳам тортинмасдик:

- Мен бундоғ ёзган бўлардим, мен ундоғ якунлаган бўлардим...

Ҳафсала билан қалам ушласак, мўъжиза асарлар яратишга қодир чоғлардик ўзимизни, биримиз саҳифаларига безак бериб, бошқамиз шеър, ҳикоя, ҳатто қисса қоралаб (бадият бормиди ўша битикларимизда?) қўлёзма журнал ҳам чиқаргандик. Менинг, тўққизинчида таҳсил оладиган Оғамаматнинг чалама-чатти бир-икки мақолаларимиз (аслида биз битган битикдан бир-икки сўзи, нари борса гапи қолар, асосан таҳририят ходимлари томонидан қайта ёзиларди) туман газетаси саҳифаларида эълон ҳам қилинганди. Аммо битирувчи синфда ўқийдиган жўрабошимиз - Асад Сафарнинг қалами анча-мунча равонлашиб қолганди.

- Нега мактабимизда стадион йўқ, шуни фельетон қилмоқчиман, - деди у бирда - Қоратепа гурунгида.

- Йўғ-эй, - деди кимдир, қўрқувдан кўзлари ола-кула бўлиб, - ўзимиз ўқиб турган мактабни-я?..

Бу гурунг аксаримизнинг ёдимиздан кўтарилганди ҳам, қайсидир кун синф раҳбарим мени ўрнимдан турғазиб:

- Нима гуноҳ қилиб қўйдинг, сени мактаб директори чақиртирган, юрчи, - деб қолди.

Қанча уринмай гуноҳ иш қилганимни эслай олмадим.

Директор хонасига ўша - китобхўр дўстларимнинг ҳаммаси чақиртирилган экан.

- Бу нима, - қўлидаги газетани тутоқиб столга урди директор. - Менинг хонамнинг ойнасини копток тешиб кирганини ким кўрган?

- Ғирт уйдирма гаплар, - директорни тезлади адабиёт фани ўқитувчиси. - Бугина баччаларнинг кўзини очиб қўйиш керак...

Ёшлар етакчиси "Ёш ленинчи" газетасининг орқа бетини очиб ўқий бошлади: "Зарб билан тепилган тўп мактаб директорининг деразаси ойнасини чил-чил синдириб, стол устига тушди. Директор қўрқувдан сесканиб кетди..."

Газетанинг тўртинчи бетидан жой олган "Мактабда стадион йўқ" сарлавҳаси остида чиққан мақоланинг муаллифи сифатида ўткир қора ҳарфлар билан Асад Сафаров номи қайд этилганди.

- Бунику нима қилишимни ўзим биламан, - деди директор Асадга муштини пешлаб, кейин асабий тарзда стол муштлаб давом этди. - Қолганларинг ҳам ана шу иғвони исботлаб бермагунларингча  дарсга кирмайсан, керак бўлса педкенгаш қарорини чиқариб, ҳаммангни мактабдан ҳайдайман.

Шу-шу биз учун беҳаловат кунлар бошланди.

Бошда уйдагилардан сир тутиб юрдик, аммо "касални яширганимиз билан иситмаси ошкор қилди", эртаси куни ҳаммамиз қишлоқда ҳукми зўр хўжалик директори ҳузурига етаклаб борилдик, ҳатто янги қурилаётган хўжалик идораси хоналаридан бирига қамаб қўйилдик.

Можаро газетанинг вилоятдаги мухбири Мусо Каромов қишлоққа ташриф буюрганидан сўнггина ечимини топди.

- Шу ҳам гап бўлдими, - деди Мусо ака хўжалик директори хонасида ҳамма тўпланганидан кейин. - Наҳот олий маълумотли ўқитувчилар, тағин адабиёт фани ўқитувчиси бўлатуриб, "бадиий тўқима" деган нарсани тушунмаса. Бу мақола ўқишли чиқиши учун ишлатиладиган услуб, муҳими, мактабда стадион йўқ эканлиги ёки шу ҳақиқатдан ҳам кўз юммоқчимисизлар? Болалар айбдор эмас, улар ҳам бошқа мактаблардаги тенгқурлари каби замонавий стадионда машғулот ўтилишини исташади, шунга "ота гўри қозихона" қилиб юрмасдан, тезроқ мактаб учун ўйингоҳ қуриш чора-тадбирларини белгилаш керак. Хўжалигингиз анча бақувват-ку, директор бобо, шу болаларнинг орзусини рўёбга чиқаринг...

Мусо ака мактаб раҳбарларини мулзам қилиб, хўжалик директори ваъдасини олиб, бизга янада фаол бўлишни, газета саҳифалари хабар ва мақолаларимизга мунтазир эканлигини тушунтириб, хайрлашди.

Кўп ўтмай ҳашар йўли билан мактаб ўйингоҳи қурилиб,  ишга туширилди...

5

...Илҳомжоннинг қўнғироғи баҳона ана шундай олис ва яқин хотиралар уйғонди, аммо дафъатан уларни қоғозга туширолмадим, гоҳида "турмуш - тўрт мушт"нинг икир-чикирлари панд берса, гоҳ ҳафсаласизлик ўзини бор бўйи билан намоён этди. Орада жон қадар азиз шогирдим Илҳомжон ҳам бандаликни бажо келтирди. Энди менинг унга берган ваъдам қиёматга қоладиган қарздек тинимсиз таъқиб этарди. Бўлмаса бутун онгли ҳаётим давомида унда ўзига хос ўрин тутган инсон билан кейинчалик ҳам кўп бор йўлларимиз дуч келди.

Мусо ака узоқ умр кўрмади. Лекин газетачиликни турмуш тарзига айлантирмоқ истагида ёнган бизнинг авлод вакиллари юрагига чўғ ташлаган кишилар тўғрисида сўз кетганда биринчилардан бўлиб у эсланарди. Гўё у киши ҳар зум, ҳар онда:

- Газетачиликнинг нони қаттиқ, уни татиб бойиб ҳам кетмайсан, назардан ҳам қолмайсан, муҳими, ҳақгўй ва покдомон бўлиш, - деяётгандек...

Абдунаби АБДИЕВ, "Олтин қалам" халқаро миллий мукофоти совриндори