"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

26 сентябрь, чоршанба.

ШОҲЛАРНИНГ ХУРМАЧА ҚИЛИҚЛАРИ

Маънавият
Tipografiya

ШОҲЛАРНИНГ ХУРМАЧА ҚИЛИҚЛАРИ

ёхуд қалтис ҳазил уларга хосми?

Рус ҳукмдорлари ва собиқ совет мамлакати раҳбарлари ҳазиллашишни хуш кўришган, аммо уларнинг ҳазили  бир-биридан тубдан фарқ қилиб, ўзига хос хусусиятга эга бўлган.

Кулиш, бировларни чув тушириш, алдаш, лақиллатиш азалдан бўлган, аммо империянинг зулмкор ҳукмдорларидан бири – Иван IV баҳорнинг иккинчи ойи биринчи санасини айнан лақиллатиш, аҳмоқ қилиш, масхарабозларга тилига келганини гапиришга рухсат берилган расмий кун сифатида муомалага киритган.

1575 йилнинг 1 апрелида у тахтдан воз кечади ва ўзининг ўрнига Чингизхон авлодидан бўлмиш чўқинтирилган татар шаҳзодаси Симеон Бекбулатовични ўтқазади. Бу масхарабозлик роппа-роса бир йил давом этади. Ҳақиқий шоҳ Иван Грозний сохта шоҳни йил давомида таҳқирлаб, масхаралаб, ҳақоратомуз оҳангда “ҳурматини жойига қўйиб” келади. Масалан, “Бутун Русь ҳукмдори буюк князь Симеон Бекбулатовичга Иван Васильевич фарзандлари Иван ва Фёдорлар билан таъзим бажо келтиради”, деб ҳар тонгда сохта шоҳни безовта қилиб, қалбига ғулғула солиб, қаҳрини сочиб, бечорани ваҳима исканжасида ушлаб турган. Ўша даврларда, яъни XVI асрларда бундай хурмача қилиқлар, балки чиндан ҳам кулгили бўлгандир...

Иван Грознийнинг ҳазиллари жудаям қалтис эди ва шу боисдан ҳам боёнлар ундан ўлгудек қўрқишарди. Бу ҳукмдор ҳазил қила туриб, ўлдириб қўйишдан ҳам тоймасди.

Сарой боёнларидан бўлмиш Голохвастов ҳукмдор ғазабидан қўрқиб, монастирга бориб яширинади. Аммо шоҳ уни тезгина топтириб келади-да, порох тўлдирилган бочкага боғлаб... ўт қўяди. “Бочкада учиш” маросимига йиғилганларга қарата қувноқ кайфиятда, завқ-шавққа тўлиб шундай дейди: “У олам сарварига яқинлашмоқчи эди, мен унга ёрдамлашиб юбордим. Энди у ўз манзилига тезроқ етиб олади”.

Иван Грозний сарой аъёнларини мазах қилишдан ҳузур қиларди. Уларга шароб тўлдирилган қадаҳ узатиб, охиригача ичишларини талаб қиларди. Жонидан умидини узолмаган аъёнлар шоҳ нима деса, сўзсиз итоат этиб, бажаришга мажбур эдилар. Эрта тонгдан эса сарой мирзасидан шоҳнинг “марҳамати”дан баҳраманд бўлган боёнларнинг маст бўлиб, нималар дегани ҳақида ҳисобот талаб қиларди. Хуллас, Грозний даврида сарой аҳли жон ҳовучлаб юрарди. Негаки,   ҳукмдор билан  бўладиган ҳар қандай учрашув ўлим билан тугаши ҳеч гап эмасдида.

Петр I даврида Россияда европача яшаш тарзи жорий қилина бошлагач, халқнинг бунга кўникиши анча қийин кечади. Юртга европача услубни олиб келган ислоҳотчи шоҳ ўз қўл остидагиларни нафақат калтак билан урарди, балки гап билан, ҳазил билан ҳам аямай “саваларди”. Ҳукмдор ажабтовур фармонлар чиқарарди. Уларнинг айримлари бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. Масалан, қуйидаги фармонга эътибор қаратинг: “Жаноб сенаторлар қоғозда ёзилганига қараб эмас, ўз сўзлари билан гапирсин, токи уларнинг аслида ким эканлигини ҳамма билсин”.

Тартиб-интизомни хуш кўрган ва ҳарбий ўйинларнинг ҳақиқий ишқибози бўлган император Павел кунлардан бир кун жанг қилишнинг ўзича бир ноёб усулини қўлламоқчи бўлади. У ўзининг бир гуруҳ қўшини билан қалъага ҳужум қилиши керак бўлади. Қалъа ичида ўрнашиб олган ҳимоячиларга эса соат 12 гача бардош бериб, “душман”ни ичкарига киритмасликни тайинлайди. Белгиланган вақтга бир ярим соат қолганда император қалъага яқинлашади. Шунда тўсатдан кучли ёмғир шариллаб қуйиб беради. Павел комендантга дарвозани очишни буюради, аммо у императорни ичкарига киритишни хаёлига ҳам келтирмайди. Соат роппа-роса 12 бўлгандагина императорни ичкарига киритишади. Ёмғирда қолиб, уст-боши шалаббо бўлган император комендантни тезда топтириб, пўстагини қоқай, деб турганда интизомни хуш кўрувчи комендант унга императорнинг ўзи имзо чеккан фармонни кўрсатади. Императорнинг буйруққа сўзсиз итоат этган матонатли полковникни мақтаб, унга ташаккурнома билдиришдан бошқа чораси қолмаганди. Шу заҳотиёқ унга генерал-майор унвони берилади, аммо у ҳам худди император каби бир муддат ёмғир остида туришга маҳкум этилади.

Ожизалардан бўлмиш Екатерина II нинг ҳам ҳазил-ҳузулга мойиллиги баланд бўлган. Бир сафар унинг қабулига мункиллаган генерал Фёдор Шестаков пенсия масаласида ташриф буюради. Екатерина II уни биринчи марта кўриб турганини, уни танимаслигини айтади. Шунда соддадил генерал ҳам императорни биринчи бор кўриб турганини билдиради.

- Мен-ку, бечора бир бева бўлсам, қаёқдан ҳам танирдингиз. Сиз бўлсангиз, Фёдор Михалич, кимсан, генаралсиз! - деб қарияни хижолат қилиб, довдиратиб қўйган.

Император Николай I композитор Глинкани негадир хушламасди. Жазога лойиқ офицерларининг таъзирини бериб қўйиш учун уларга танлаш имкониятини берганди:  гаупвахта ёки жини суймаган композиторнинг операларини тинглаш.

Фуқароларнинг оилавий муаммоларини ечишда ҳам император ўзига хос йўл тутарди. Масалан, бир офицер ўзи яхши кўрган қизни унинг ота-онасининг норозилигига қарамай олиб қочади ва улар яширинча никоҳдан ўтиб олишади. Бу шов-шувли муаммо императоргача етиб боради. Император бу ишни ўрганиб, қуйидагича фармон беради: “Офицернинг унвони пасайтирилсин, никоҳ бекор ҳисоблансин, қиз ота-онасига қайтарилсин ва у бокира деб ҳисоблансин!”

Император Александр III ҳам ҳазил-мутойибани хуш кўрадиган, уни яхши тушунадиганлардан эди. Киев ҳарбий округининг кекса қўмондони Драгомиров императорнинг туғилган кунини эсидан чиқариб қўяди. Фаромушхотир қўмондон бир мақтанмоқчи бўлиб, императорга унинг туғилган куни муносабати билан, мана уч кундирки, унинг соғлиги учун ичаётганини билдириб, телеграмма жўнатади. Телеграммани олган император эса қисқагина қилиб шундай жавоб ёзган: “Энди ҳаммасига якун ясасангиз ҳам бўлар”. Бу билан ишга ҳам, ичишга ҳам, қарилигини назарда тутиб, яшашга ҳам барҳам бериш вақти етганлигини ҳазил аралаш “қистириб” ўтади.

Кунлардан бир кун истеъфодаги қандайдир бир аскар қовоқхонада роса бўкиб ичиб, ўзини билмайдиган даражада маст ҳолда шу ерда осиғлиқ турган Александр III нинг портрети рўпарасига келиб, шундай дейди: “Мен тупурдим ўша давлатпаноҳ императорга”. Бу ҳукмдорга нисбатан ҳақорат ҳисобланиб, нодон пиёниста аҳмоқона хатти-ҳаракати учун қаттиқ жазога лойиқ эди. Аммо император бу нодонни жазолашга оташин бўлиб турган ҳайбаракаллачи амалдорларини тўхтатиб, пиёниста аҳмоққа императорнинг ўзи унга тупурганини етказишни буюради ва бундан кейин қовоқхоналарда унинг портретини илмасликни тайинлайди.

Ленинни яқиндан билган Горький шундай ёзганди: “Ленин менга ҳазил-мутойибага мойиллиги йўқлигини айтиб, буни очиқчасига тан олганди”. Аммо “пролетариат доҳийси”нинг “сиёсий фоҳиша” ибораси ҳали-ҳануз сиёсий майдонларда кенг ишлатиб келинади.

Сталин коммунистик партиянинг содиқ  яловбардорларига қалтис ҳазил қиларди. Кутилмаганда, тўсатдан “Сизни ҳалиям отишмадими?” деб савол бериб қоларди. Қаршисида турган партия ходими бундай саволдан сўнг ранги оқариб, бўладигани бўларди. Бу гапларнинг ҳазилми-чинлигини ҳам, на кулишни, на қариндош-уруғлари билан видолашишни ҳам билмай, каловланиб қоларди.

Таниқли актриса Любовь Орлова бир гал Сталиннинг қабулида бўлганда, бош котиб ундан эринг хафа қилмаяптими, деб сўрайди ва агар хафа қиладиган бўлса, уни осишади, дейди. Шунда ранги-қути учган Орлова қанақасига осишади, деб сўраганда, ҳозиржавоб Сталин: “Қанақасига бўларди, бўйнига арқон солиб-да”, деб жавоб беради.

Бир чет эллик мухбир Сталиндан нима учун Арманистоннинг гербида Арарат тоғи акс этган, ахир у Туркияда-ку, деб сўраганда, у шундай жавоб беради: “Туркиянинг гербида ярим ой акс этган, лекин у ҳам Туркияда эмас-ку”.

Хрушчевга фарқи йўқ эди. Унинг калласига нима келса, шу заҳотиёқ бетинг-кўзинг демасдан гапираверарди.

Собиқ советлар мамлакатининг биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачёв ўзи ҳақида латифалар айтгани тўғрисида гап-сўзлар юради. Аммо у латифаларни истеъфога чиққандан сўнг айтган. Уларнинг энг севимлиси бир  деҳқоннинг колбаса олиш учун навбатга тургани ҳақида. У узундан-узоқ навбатнинг ҳечам тугамаётганидан дарғазаб бўлиб, мен кетдим, бориб Горбачёвни ўлдириб келаман, деганича шиддат билан навбатни ташлаб чиқиб кетади. Аммо тезда қайтиб келиб, яна навбатига туради ва: “Уни ўлдирмоқчи бўлганларнинг навбати бунисидан ҳам узун экан”, дейди.

Хориж матбуотидан  Мусо МУРОДОВ таржимаси.