"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

20 январь, шанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

УСТУВОР ВАЗИФАЛАР ИЖРОСИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Расмий
Tipografiya

Фаоллар йиғилиши

УСТУВОР ВАЗИФАЛАР ИЖРОСИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Вилоят ҳокимлигида 2016 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2017 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари амалга оширилишини сўзсиз таъминлаш чора-тадбирларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.

Селектор тартибида ўтказилган мазкур тадбирда марказий ва жойлардаги студиялар орқали шаҳар ва туманлар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, вилоят ташкилотлари ва йирик саноат корхоналари раҳбарлари, турли идора ва муассасалар мутасаддилари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев бошқарган йиғилишда 2016 йилда вилоят иқтисодиётини юксалтириш борасида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси асосида белгилаб берилган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, иқтисодиётнинг  барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминловчи амалдаги стратегиянинг изчил давом эттирилаётгани туфайли вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2016 йилда 14 триллион 897 миллиард сўмни ташкил этиб, бу борадаги кўрсаткич 2015 йилга нисбатан 5,9 фоиз ўсди.

Технологик жараёнларни модернизация қилиш ва янгилаш, корхоналарнинг молиявий барқарорлигини ошириш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришда реал сектор корхоналарини рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида 2016 йилда вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 9 триллион 640 миллиард сўмдан ошиб, аввалги йил билан таққослаганда 4,2  фоиз ўсишга эришилди. Шунингдек, вилоятда истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 12,6 фоизга, пудрат ишлари ҳажми 9,6 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,5 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажми 14,6 фоизга ортди. Барқарорликни таъминлаш мақсадида вилоят иқтисодиётига 6 триллион 330 миллиард сўмдан зиёд инвестициялар жалб этилди. Инвестицияларнинг 54,4 фоизи бевосита ишлаб чиқаришга йўналтирилди.

Маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ 2016 йилда жами 10 та лойиҳа асосида 115 миллиард сўмликка яқин ҳажмда маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Натижада 33,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги эркин айирбошланадиган валюта иқтисод қилинди.

Кичик бизнесни ривожлантириш борасида қабул қилинган бир қатор муҳим ҳужжатлар асосида яратилган имконият ва имтиёзлар тегишли ҳисобот даврида 1743 та янги кичик бизнес субъекти ташкил этилишига туртки бўлди ва уларнинг сони 15 минг 180 тага етди. Натижада ўтган йили кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 57,1 фоизга тенг бўлди. Кичик бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2016 йилда тижорат банклари томонидан соҳа вакилларига 916,7 миллиард сўм ёки олдинги йилга нисбатан 214,7 миллиард сўм кўп кредит маблағлари ажратилди.

Шунингдек, йиғилишда ўтган йилги иқтисодий  дастурнинг айрим вазифаларини бажаришда юзакилик ва совуққонликка йўл қўйилгани, баъзи тармоқлар бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичлари бажарилмай қолгани таъкидланди. Ўтказилган таҳлиллар асосида сўнгги вақтда мамлакатимиз миқёсида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва хизматлар ҳажмида вилоятнинг улуши камайиб бораяпти. Бунга ишлаб чиқаришни тубдан модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлаш ҳудудий дастурларини амалга ошириш, ҳудуд иқтисодиётига хорижий инвестицияларни, энг аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кўпайтирган ҳолда импортни оптималлаштириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш бўйича етарли даражада иш ташкил қилинмагани сабаб экани қайд этилди.

Асосий таянч соҳалардан бири саналган ҳудудий саноатни ривожлантириш борасидаги ишларни ҳам қониқарли, деб бўлмайди. Мисол учун, 2016 йилда вилоятда янгидан ташкил этилган саноат корхоналари салмоғи илгариги йилга нисбатан 20 тага камайган. Тегишли даврда Нишон ва Миришкор туманларида атиги иккитадан янги саноат корхонаси фаолияти йўлга қўйилган. Турли сабабларга кўра вилоятимиздаги 85 та саноат корхонаси ишлаб чиқариш жараёнида умуман иштирок этмаяпти, жойлардаги мутасаддилар уларнинг фаолиятини қайта тиклашга етарли даражада эътибор қаратмаган, муаммосини ўрганмаган. Фаолият юритмаётган субъектларнинг асосий қисми Қарши шаҳри (36 та) ва Китоб тумани (16 та) ҳиссасига тўғри келган.

Вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни кўзда тутувчи лойиҳаларни тайёрлаш ва ҳаётга татбиқ этиш борасида ҳам сусткашлик кўзга ташланмоқда. Бинобарин, ҳудудда хар йили ўртача 127 минг тонна пахта толаси, 694 минг тонна мева-сабзавот, 196 минг тонна гўшт, 766 минг тонна сут маҳсулотлари етиштирилади. Пахта толасининг 15,7 фоизи, мева-сабзавотнинг 35,8 фоизи, узумнинг 28,9 фоизи, полиз маҳсулотларининг 4,4 фоизи, сутнинг 16,3 фоизи ва гўштнинг 20,6 фоизи ҳудуднинг ўзида қайта ишланаяпти, холос. Йиғилишда масъул шахсларга бу борада зарур чора-тадбирларни амалга ошириш, хусусан, маҳсулот етиштиришда ҳар бир туманнинг ўзига хослигини инобатга олиб, жойларда қайта ишлашга ихтисослашган қувватларни барпо этиш юзасидан таклифлар киритиш вазифаси топширилди.

Бундан ташқари, тадбирда ҳудуднинг экспорт салоҳиятини тубдан ошириш, мавжуд имконият ва ресурслардан самарали фойдаланиш зарурлиги билдирилди. Бу борадаги ишлар тизимли олиб борилмаётганлиги туфайли  самарадорлик паст эканлиги қайд этилди. 2016 йилда айрим ҳудудларда экспорт бўйича белгиланган прогнозлар бажарилмагани бунинг тасдиғидир. Ташқи иқтисодий фаолиятда қатнашиши кўзда тутилган 17 та корхона томонидан умуман экспорт амалга оширилмаган. Жорий йилда бу каби ҳолатларга асло йўл қўйиб бўлмаслиги айтиб ўтилди. Жаҳон бозорида харидоргир бўлган ҳамда вилоят шароитида ишлаб чиқариш ёки етиштириш мумкин бўлган маҳсулотларни аниқлаш, шу асосда экспорт қилинажак сифатли товарлар ва хизматлар турини кўпайтириш, экспорт географиясини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Бу бўйича масъуллар олдига аниқ таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Маълумки, сўнгги вақтда вилоятимизда кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Аммо қурилишни сифатли ташкил этиш ва объектларни ўз муддатида фойдаланишга топшириш масаласида айрим пудрат ташкилотлари томонидан хато ва камчиликларга йўл қўйилаётганига кўз юмиб бўлмайди. Мисол учун, Қарши тумани "Боғобод" массивидаги 7 та ва Муборак тумани "Қарлиқ" массивида 6 та уй-жойни қуриш учун танланган пудратчи корхоналар томонидан ишлар сифатсиз бажарилган, натижада объектларни фойдаланишга топшириш белгиланган графикдан ортда қолган. Ўтган йилда қуриб битказилган 1526 та намунавий уй-жойнинг 196 тасига уй эгаларининг кўчиб кириши таъминланмаган. Фаоллар йиғилишида ана шу масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Бундан ташқари йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳудудлар иқтисодиётига хорижий инвестициялар жалб этишни жадаллаштириш, одамларда тадбиркорлик кўникмаси шаклланишига кўмаклашиш, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича мутасаддиларга жавобгарлик юклаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда мавжуд камчиликларни бартараф этиш, 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурда белгилаб берилган энг муҳим вазифаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди ва мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ