"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 август, чоршанба.

АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ ВА ОСОЙИШТАЛИГИНИ МУҲОФАЗАЛАШ – ДОЛЗАРБ ВАЗИФА

Расмий
Tipografiya

Вилоят ҳокимлигида

АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ ВА ОСОЙИШТАЛИГИНИ МУҲОФАЗАЛАШ – ДОЛЗАРБ ВАЗИФА

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Уни вилоят ҳокими Зафар Рўзиев бошқариб борди.

Депутатлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, соғлиқни сақлаш, таълим тизими масъул ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича ҳудудий комиссияни ташкил этиш ҳамда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ этишга кўмаклашиш, шунингдек, соҳада депутатлар ва жамоатчилик назоратини самарали олиб бориш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Сессияда таъкидланганидек, қачон одамларнинг бугунидан кўнгли тўқ, эртанги кунга ишончи баланд бўлади? Албатта, тинч-осойишта, хотиржам ҳаёт кечирса ва сиҳат-саломатлиги жойида бўлса. Шунга мувофиқ, мамлакатимизда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, шу билан бирга тиббий хизмат сифатини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини янада такомиллаштириш борасида аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича ҳудудий комиссияси ички ишлар органлари фаолиятини жойларга чиқиб ўрганиш ва унинг натижаларини депутатлар иштирокида муҳокама қилиш, жиноятларнинг олдини олиш ҳамда соҳани ривожлантиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш каби вазифаларни қамраб олади. Шу асосда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ҳисоботини йилнинг ҳар чорагида, туман ва шаҳарлар ички ишлар бўлимлари (бошқарма) бошлиқлари ҳисоботини ҳар ойда халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида эшитиб бориш амалиёти йўлга қўйилди.

Шунингдек, жойларда ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатдики, барча шароитлар муҳайё этилишига қарамасдан аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати талаб даражасида эмас, шунингдек, тиббий кўриклар сифати, қишлоқ врачлик пунктлари, тиббиёт муассасаларининг дори воситалари ва тиббий буюмлар билан етарли таъминланмаганидан аҳоли норози. Бундай ҳолат тизим фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқишни, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишни тақозо этади. Шундан келиб чиқиб тиббий хизмат сифатини яхшилаш бўйича халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузурида махсус комиссия ташкил этилди ва комиссия таркиби тасдиқланди. Соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, қишлоқ врачлик пунктлари ва поликлиникалар раҳбарларининг ҳисоботларини маҳаллий кенгашлар сессиялари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузурида эшитиб бориш белгиланди.

Муҳокамалар давомида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Дилшод Турсунбоев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўлқин Расуловнинг ахборотлари тингланди.

Сессияда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Б.ЎКТАМ