"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

ҚОНУН ТАРҒИБОТИ, МУҲОКАМА ВА МОҲИЯТ

Расмий
Tipografiya

Тадбир

ҚОНУН ТАРҒИБОТИ, МУҲОКАМА ВА МОҲИЯТ

Вилоят ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида муҳокама этилган масалалар мазмун-моҳиятига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, депутатлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар масъул ходимлари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг жорий йил 28-29 март кунлари бўлиб ўтган тўққизинчи ялпи мажлисида 21 та масала, жумладан, тўққизта қонун муҳокама этилди. Мазкур қонунларнинг биттаси янгидан ишлаб чиқилган, бешта қонун амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, учтаси эса халқаро ҳужжатни ратификация қилиш тўғрисидадир.

Барчамизга яхши аёнки, жорий йилга Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб ном берилиши негизида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ”, деган олижаноб ғояни рўёбга чиқаришдек эзгу мақсад мужассам. Эътиборли жиҳати, Сенат ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар, қабул қилинган қарорлар ҳам ана шу мақсад ва вазифаларнинг тўлиқ рўёбга чиқарилиши учун хизмат қилади.

Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун суд ҳокимиятининг нуфузини янада оширади, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари суд орқали ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашнинг конституциявий кафолатларини кучайтиради.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 112-моддаларига тегишли ўзгартишлар ва қўшимча киритилди. Ушбу тузатишларга мувофиқ, Олий хўжалик суди ва Олий суд фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иши юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органига – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди. Шунингдек, суд тизимида иқтисодий ва маъмурий судлар тузилмоқда. Суд-ҳуқуқ тизимида янги институт – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши жорий этилди. Бу Кенгаш аввал амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси ўрнини эгаллайди. Судьялар олий кенгашининг конституциявий мақоми 111-модданинг янги таҳрири билан аниқ мустаҳкамлаб қўйилди.

Айни пайтда Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги, “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон   Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар ҳам маъқулланди. Умуман, янги қонун, ўзгартиш ва қўшимчалардан кўзланган мақсад қонунчиликни янада такомиллаштириш ва бунинг натижасида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишдан иборат.

Тадбирда ана шу ҳақда атрофлича сўз юритилди. Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Гавҳар Алимова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Исломиддин Аброров, жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Қучқаровнинг маърузалари тингланди.

Тадбир мунозара, савол-жавоб руҳида ўтди.

Б.ЎКТАМ