"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 апрель, сешанба.

ХАТОЛАРДАН ТЎҒРИ ХУЛОСА ЧИҚАРИШ

Расмий
Tipografiya

Маҳаллий Кенгашларда

ХАТОЛАРДАН ТЎҒРИ ХУЛОСА ЧИҚАРИШ

уларни бартараф этишни тезлаштиради

Халқ депутатлари Қамаши туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари масъул ходимлари ва бошқалар иштирок этди.

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан сенаторлар ва депутатлар   бевосита ҳудудларга бориб, аҳолини ўйлантираётган масалаларни чуқур ўрганиши, таҳлил қилиши ҳамда тегишли хулосалар чиқариши зарурлиги ҳақидаги таклифни илгари сурган эди. Ушбу муҳим вазифалардан келиб чиқиб, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, фуқароларнинг турмуш шароитларини ўрганиш, жойларда мавжуд муаммоларни аниқлаш ва кечиктирмасдан ҳал этиш, бу борада парламент назоратини самарали тарзда амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари 3-9 апрель кунлари  Қамаши туманида бўлиб, фуқаролар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказишди. Ушбу жараёнда ўртага ташлаган муаммолар жойида ҳал қилиниб, ҳудудда ечимини кутаётган масалалар атрофлича ўрганилди.

Сессияда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, ишчи гуруҳ раҳбари Ўткир Бўтаев депутатлар томонидан ҳудудни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш юзасидан олиб борилган ўрганиш натижаларига тўхталди.

Таъкидланганидек, ишчи гуруҳ аъзолари бир ҳафта давомида 623 та хонадонга киришиб, 1800 нафардан ортиқ фуқаро билан бевосита мулоқот ўтказди. Натижада ўз ечимини кутаётган кўплаб масалалар, аҳолини қийнаётган муаммолар аниқланди. Хусусан, электр энергияси таъминоти, суюлтирилган газ баллонларининг етказиб берилишидан аҳоли норози, аксарият савдо шохобчаларида тўлов банк пластик карточкалари орқали қабул қилинмаяпти, марказлашган ичимлик суви тизими йўлга қўйилмаган.

Шунингдек, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш  талаб даражасида эмас, мактабгача таълим муассасаларининг фаолияти қониқарсиз аҳволга келиб  қолган. Масалан, туманда мавжуд 14 та мактабгача таълим муассасасининг 11 таси таъмирга муҳтож. Жорий йилда эса уларнинг атиги иккитаси таъмирланиши манзилий инвестиция дастурига киритилган, холос. Ушбу муассасаларда фаолият юритаётган мутахассисларнинг 87 фоизи олий маълумотга эга эмас. Натижада мактабгача таълим муассасаларига нисбатан ота-оналарнинг ишончи йўқолган. 14 та муассасанинг ўнтасида қувватига нисбатан тарбияланувчилар сонининг пастлиги ҳам буни кўрсатиб турибди. Ёки тумандаги 89 та мактабнинг 24 тасида спорт заллари йўқ, борлари ҳам талабга жавоб бермайди. Ҳатто 11 та мактабда компьютер синфларининг мавжуд эмаслиги, ўқув адабиётларининг етишмаслиги, касб-ҳунар коллежларида давомат тўла таъминланмаётгани, айрим ўқувчиларнинг 20-25 чақирим узоқликдан қатнаб ўқиши, транспорт тизими йўлга қўйилмагани сабаб дарсларга ўз вақтида қатнаша олмаётгани ва бошқа қатор муаммолар кўтарилди.

Қолаверса, туманда иқтисодий ўсиш суръатлари жуда паст. 2017 йилда туман маҳаллий бюджети даромадлари таркибида субвенциялар миқдори 47,1 фоизни ташкил этади. Бу ҳали-ҳамон туманнинг  боқимандаликдан чиқиб кета олмагани, мавжуд  имкониятлардан самарали фойдаланилмаётгани,    саноат, ишлаб чиқариш ва экспортни ривожлантириш  борасидаги ишларнинг самарали йўлга қўйилмагани натижаси эканлиги қайд этилди.

Ўрганиш якунлари атрофлича муҳокама қилиниб, мутасаддиларнинг муносабати эшитилди. Ушбу камчиликлардан тўғри хулоса чиқариб, туманнинг  ижтимоий-иқтисодий ўсиш суръатларини юксалтириш, аҳолининг муносиб турмуш тарзи ва фаровон ҳаётини таъминлаш барчанинг олдида турган     долзарб вазифа эканлиги таъкидланди. 

Сессияда кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Наримон Умаров сўзга чиқди.

Ж.БОЙМУРОДОВ