"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 апрель, сешанба.

ЮЗМА-ЮЗ МУЛОҚОТ - МУАММОГА ЕЧИМ ТОПИШНИНГ САМАРАЛИ УСУЛИ

Расмий
Tipografiya

Сессия

ЮЗМА-ЮЗ МУЛОҚОТ - МУАММОГА ЕЧИМ ТОПИШНИНГ САМАРАЛИ УСУЛИ

 Ҳар бир одам бахтли яшашга ҳақли. Инсон манфаатлари барча нарсадан устун. Муаммо ва камчиликлар эса аҳолининг фаровон турмушига рахна солмаслиги керак. Уларни ўз ўрнида бартараф этиш, енгиллик яратиш халқ олдида масъул бўлган мутасадди шахснинг бурчидир. Бинобарин, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, халқ билан бевосита мулоқот қилиш тизимининг йўлга қўйилгани ҳам   юртдошларимиз учун саодатли ҳаётни, яшашнинг юқори даражасини таъминлашга қаратилган.

Шунга монанд, жорий йилнинг 5-8 июнь кунлари Деҳқонобод туманида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси  депутатлари томонидан ўтказилган ўрганиш ушбу ҳудуддаги реал аҳволга холисона баҳо бериш, бевосита суҳбатлар асносида аҳолини қийнаётган масалаларга ечим топиш имконини берди.

Халқ депутатлари Деҳқонобод тумани Кенгашининг сессиясида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган ишлар, бу борада йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар муҳокама этилди. Сессияда Халқ депутатлари вилоят ва туман кенгашлари депутатлари, вилоят ва туман ҳокимлигининг мутасадди раҳбарлари, ҳудуддаги хўжалик юритувчи субъектлар ва нодавлат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Мазкур йиғилишда тегишли ишчи гуруҳининг ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича ҳисоботи тингланди. Қайд этилишича, бу жараёнда депутатлар тумандаги 670 дан ортиқ хонадонга кириб, аҳоли дардини эшитган ва ижтимоий соҳа объектларининг ҳолати билан яқиндан танишган.

Ушбу танишув ва мулоқотлар давомида 3000 нафарга яқин фуқаро билан суҳбатлашилган ва оддий аҳоли вакиллари 780 дан ортиқ масалани ўртага ташлаган. Ишчи гуруҳга ўрганиш даврида 50 нафарга яқин фуқародан мурожаат келиб тушган.

Тадбирда туман халқ хўжалигининг айрим жабҳаларида салмоқли ўзгаришлар қўлга киритилаётганига қарамай, анча йиллар давомида тўпланиб қолган бир қатор муаммолар мавжудлиги афсус билан тилга олинди.

Мисол учун, ушбу ҳудудда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига қаратилаётган эътиборни қониқарли деб бўлмайди. Зарур кўмак ўз вақтида кўрсатилмагани боис бир қанча тадбиркорлик субъектлари фаолияти тўхтаган.

Шунингдек, туманда мактаб ёшигача бўлган болаларнинг атиги 3,6 фоизи боғчаларга жалб қилинган. Ишлаб турган мактабгача таълим муассасалари ҳам таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Ҳудуддаги мактабларнинг айримларида олий маълумотли мутахассислар етишмайди, моддий-техника базаси етарли даражада мустаҳкамланмаган.

Туманда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш масаласига юзаки қаралаётгани ҳам эътирозларга сабаб бўлди. Шунингдек, тиббиёт соҳаси тизими малакали шифокорларга эҳтиёж сезаяпти. Аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш даражаси замон талабларидан ортда қолмоқда.

Тадбирда Халқ депутатлари туман кенгаши, унинг доимий комиссиялари фаолиятига ҳам танқидий баҳо берилди. Жумладан, сессиялар тизимли ўтказилмаётгани, уларда масалалар жиддий таҳлил қилинмаётгани таъкидланди.

Сессияда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди, аниқланган муаммо ва камчиликларни тез фурсатда ҳал этиш, бу бўйича зарур чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш белгиланди.

М.ШУҲРАТОВ