"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 август, чоршанба.

«ВАТАНИМ РАВНАҚИГА МЕНИНГ ҲИССАМ»

Расмий
Tipografiya

Ёшларга оид давлат сиёсати - амалда

«ВАТАНИМ РАВНАҚИГА МЕНИНГ ҲИССАМ»

Шу шиор остида вилоят Ёшлар марказида воҳамизда фаолият кўрсатиб, бугунги кунда ўз соҳасида юқори натижаларга эришаётган 50 нафарга яқин ёш тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Ушбу тадбир Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, вилоят фермер-деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда бошқа бир қатор мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилди.

Кўргазманинг очилишида таъкидланганидек, ҳукуматимиз томонидан ёшлар тадбиркорлиги, уларнинг илғор ташаббуслари ва лойиҳалари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Ёшларни ишбилармонликка ўргатиш, улар илгари сурган бизнес-ғояларни ҳаётга самарали татбиқ этишга кўмаклашиш бўйича аниқ белгиланган чора-тадбирлар амалга оширилаяпти.

- Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад ёшларда Ватан тараққиётига, юрт ободлигига дахлдорлик ҳиссини кучайтиришдан иборат, - дейди Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси сектор мудири Ҳуснора Жумаева. - Ушбу кўргазма ёш ишбилармонларни мамлакатимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлида бирлаштиришга хизмат қилади. Бу ерда намойиш этилган кенг турдаги саноат маҳсулотлари, миллий ҳунармандчилик буюмлари, қишлоқ хўжалиги ноз-неъматлари - буларнинг бари ёшлар бугун ўзларига берилган кенг имкониятлардан унумли фойдаланаётганининг амалий исботидир.

Тадбирнинг иккинчи қисмида эса ёшлар учун семинар-тренинг ташкил этилди. Унга 150 нафарга яқин ёш жалб этилди. Уларнинг кўпчилиги тадбиркорликни бошлашга аҳд қилган, коллежни тамомлайдиган ёшлардир. Семинар-тренингда иштирокчиларга мутахассислар томонидан муваффақиятли бизнес сирлари, ушбу соҳада ёшлар учун яратиб берилган шарт-шароитлар, кредит олиш тартиби ҳақида маълумот берилди.

Кўргазма якунида "Энг яхши ёш тадбиркор", "Энг яхши ёш ҳунарманд", "Энг яхши ёш фермер" ҳамда "Энг яхши инновацион лойиҳа соҳиби" каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Улар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбиркорлик соҳасида кўп йиллик тажрибага эга бўлган вилоятимиз ишбилармонлари томонидан тақдим этилган маҳсулотлар намойиши ҳам барчага манзур бўлди.

М.ЖЎРАЕВ

Суратда: кўргазма фаолиятидан    лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.