"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 август, чоршанба.

МИЛЛАТ ИШОНЧИ ВА ҲИМОЯСИ КАФОЛАТИ

Сиёсат
Tipografiya

Тадбир

МИЛЛАТ ИШОНЧИ ВА ҲИМОЯСИ КАФОЛАТИ

Муллатўйчи Тошмуҳаммедов номли вилоят мусиқали драма театрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган "Конституция - буюк келажагимиз пойдевори" деб номланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

 

Байрам тантанасини вилоят ҳокими Зафар Рўзиев кириш сўзи билан очди. Асосий қонунимизнинг бахтимиз кафолати, истиқболимиз пойдевори, халқимиз фаровонлигининг муҳим таянчи эканлиги ҳақида гапирди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси садолари билан бошланди.

Тадбирда вилоят прокурори Салом Самадовнинг маърузаси тингланди.

- Бугунги байрам ҳар йилгидек юқори кайфиятда, шодлигу қувончларга бой тарзда ўтишига мамлакатимизда 4 декабрь куни очиқлик, тенглик ва демократик тамойилларга тўла мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг муваффақиятли ўтказилгани ҳам яна бир муҳим сабаб бўлмоқда, - деди вилоят прокурори. - Халқимиз, бутун жамоатчилик, айниқса, ёшларимиз ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб, фаровон келажак ва мамлакатнинг барқарор тараққиёти учун овоз беришди. Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинишини барчамиз катта хурсандчилик билан қабул қилдик.

Юртимизда сайлов тизимини такомиллаштиришда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси муҳим ўрин тутганини, сайлов юқори даражада ўтганини халқаро кузатувчилар ҳам эътироф этишди. Демократик тамойилларга тўла мос тарзда ўтган мазкур сайлов фуқароларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий савияси юксак эканлигини яна бир бор кўрсатиб берди.

- Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси моҳияти жиҳатидан демократик-ҳуқуқий давлатга хос барча институтларни ўзида қамраб олган, жаҳон цивилизациясининг энг сўнгги ютуқларига асосланган, миллий давлатчилигимиз хусусиятларини мужассам этган қомусдир, - дея сўзида давом этди вилоят прокурори. - Конституциямиз ва унинг асосида қабул қилинган қонунлар давлат бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига фақатгина халқ манфаатини кўзлаб фаолият юритиш ваколатини беради.

Хусусан, Конституциямизнинг 2-моддасида "Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар" дея белгилаб қўйилгани юртимизда инсон манфаатининг устунлигини қонуний равишда мустаҳкамлаб, кафолатланганидан далолат беради.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Конституциямизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиб, ушбу меъёрга нечоғлик амал қилиниши жамоатчилик назорати, халқ диққат-эътиборида туради.

Албатта, қонунларимиз қанчалик адолатли,  мукаммал бўлса, жамиятда ижтимоий муносабатлар муаммосиз тартибга солинади. Бу ўз навбатида, мамлакат тараққиётига, тинчлигига ўзининг бевосита таъсирини ўтказади. Конституциямизнинг биз учун муқаддаслиги шундаки, унда ҳар қандай тараққиёт гарови бўлган тинч-тотув, осойишта ҳаётимизнинг асослари белгилаб берилган.

Мамлакатимизда Бош қомус асосида фуқаролар ва миллатлараро тотувлик таъминланди, турмуш фаровонлиги йилдан-йилга юксалиб, ижтимоий-маданий ривожланиш, таълим, илм-фан, спорт соҳаларида салмоқли муваффақиятларга эришилмоқда.

Хусусан, вилоятимиз спортчилари 2016 йилнинг ўтган даврида жаҳон, Осиё ва мамлакат миқёсидаги мусобақаларда 233 та олтин, 207 та кумуш, 238 та бронза, жами 678 та медални қўлга киритгани ҳам юртимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши учун яратилган имкониятлар самарасидир. Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган паралимпия ўйинларида вилоятимиз спортчилари юртимиз байроғини юксакларга кўтаришди. Айниқса, енгил атлетикачимиз Александр Свечников найза улоқтириш бўйича жаҳон рекордини ўрнатгани, сузиш бўйича Фотима Амилова бир йўла олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритгани дунё минбарларида эътироф этилди.

Шунингдек, шу йил қўл жанги бўйича жаҳон чемпионатида Қарши туманилик Олим Нормуродов барча рақибларини енгиб, Ўзбекистон байроғини баланд кўтаргани барчамизга ғурур-ифтихор бағишлайди. Қувонарлиси, ёшларимизнинг бундай ютуқларини санаб адоғига етиб бўлмайди.

Бугун қайси марраларни эгаллаган, қандай ютуқларга эришган бўлсак, буларнинг барчаси Конституциямиз белгилаб берган йўл-йўриқларни оғишмай амалга ошираётганимиз натижасидир.

Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, ўтган йили Конституциямиз қабул қилинганининг 23 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали байрамда Биринчи Президентимиз томонидан 2016 йил Соғлом она ва бола йили деб эълон қилинганди. Вилоят бўйича Давлат дастурида назарда тутилган тадбирлар ижросига 800 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Тиббиёт муассасалари, шу жумладан, оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари, болалар тиббиёт шифохоналари, перинатал ва скрининг марказларининг моддий-техник базасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг замирида келажагимиз давомчиларига бўлган яна бир эътибор, рағбат ифодасини кўриш мумкин. Бу эзгу ишлар бундан кейин ҳам кенг кўламда давом этади.

Мухтасар қилиб айтганда, қонун устуворлигисиз ҳуқуқий давлатни тасаввур этиб бўлмайди. Ҳуқуқий давлатнинг қуроли ҳам, ҳимояси ҳам, кўзи ҳам, сўзи ҳам қонундир. Шу маънода юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро, Биринчи Президентимиз таъбири билан айтганда, жамият ҳаётининг мезони бўлган Конституцияни чуқур ва ҳар томонлама ўрганиши, унинг маъносига етиб бориб, "ким эдигу ким бўлдик" деган саволга жавоб топиб, ҳаётининг доимий қўлланмасига айлантириши даркор.

Вилоят прокурорининг маърузасидан сўнг  байрам чорлов мусиқаси янгради.

Тантанали йиғилиш вилоятимиз санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг катта байрам концерти билан якунланди.

Б.ЎКТАМ

* * *

Суратларда: байрам тадбиридан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.