"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 апрель, сешанба.

“ҚАШҚАДАРЁДА КЎРИШГУНЧА!”

Спорт
Tipografiya

Спорт

“ҚАШҚАДАРЁДА КЎРИШГУНЧА!”

«Баркамол авлод - 2017» спорт мусобақаси иштирокчилари шундай хайрлашишди

Қарши темир йўл вокзалида Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган "Баркамол авлод - 2017" спорт ўйинларида иштирок этган вилоятимиз делегацияси аъзолари тантанали кутиб олинди. Маросимда вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчи ёшларнинг ота-оналари иштирок этди.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, ёш авлодни соғлом ва баркамол қилиб вояга етказиш, мамлакатимиз довруғини дунёга танитишда спортнинг ўрни жуда муҳим. Шу боис мустақилликнинг илк йиллариданоқ юртимизда спортни оммалаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан жорий этилган, дунёда ўхшаши йўқ уч босқичли тизим - "Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод" ҳамда Универсиада спорт ўйинлари ёшларимиз ўртасида спортга бўлган қизиқишни янада оширди. Анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган бу мусобақалар ўз нуфузи, аҳамияти ва миқёсига кўра, "Кичик Олимпиада" дея эътироф этилаётгани ҳам бекорга эмас. Зеро, мазкур анъанавий ўйинлар халқаро Олимпиада талабларига қатъий амал қилган ҳолда ҳамда холислик, ҳалоллик, адолат, тотувлик каби мезонлар асосида ўтказилиши билан ажралиб туради.

25-27 май кунлари Жиззах шаҳрида ушбу уч босқичли мусобақаларнинг ўрта бўғини - "Баркамол авлод" спорт ўйинлари доирасида мамлакатимиз академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 898 ўқувчиси спортнинг 17 тури бўйича беллашувларда иштирок этди. Улар 193 та олтин, 193 та кумуш ва 214 та бронза медали учун баҳс олиб боришди. Мусобақаларда вилоятимиз вакиллари ҳам кўпгина спорт турлари бўйича муносиб кураш олиб боришди. Жумладан, футбол бўйича терма жамоамиз аъзолари ярим финал баҳсларида хоразмлик тенгдошларига ҳеч қандай имконият қолдирмаган бўлса, финалда Фарғона вилояти вакиллари устидан иродали ғалабага эришиб, биринчи ўринни қўлга киритди.

-  Айниқса, фарғоналиклар билан бўлган ўйин жуда ҳаяжонли кечди, - дейди терма жамоамиз аъзоси, Қарши олимпия захиралари коллежи ўқувчиси Мирзабек Жонимқулов. - Сабаби, финалнинг масъулияти жуда катта бўлади. Асосий вақтда 1:1 ҳисоби қайд этилиб, кураш пенальтилар сериясига қадар етиб борди. 11 метрдан тўп тепиш беллашувида эса омад биз томонда бўлди ва 4:3 ҳисобида ғалаба қозониб, олтин медалларни қўлга киритдик.

Шунингдек, гандбол бўйича қизлар терма жамоаси 3-ўринни эгаллаган бўлса, сузиш бўйича умумжамоа ҳисобида худди шундай ўрин қўлга киритилди. Енгил атлетикачиларимиз эса 8-ўринни эгаллади. Шунга қарамай, яккалик баҳсларида олтин медаллар ҳам бор. Хусусан, Касби туманидаги Денов қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи 1-босқич ўқувчиси Малика Воҳидова 800 метр масофага югуриш баҳсларида ажойиб натижа қайд этиб, анча номдор рақибларини ҳам ортда қолдирди.

- Бу йил спортдаги фаолиятим ютуқларга бой бўлмоқда, - дейди у. - Май ойи бошида Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида 1500 метрга югуриш баҳсларида 1-ўринни, 800 метрга югуришда эса 3-ўринни эгаллаган эдим. "Баркамол авлод" мусобақасига ҳам қаттиқ тайёргарлик кўрдим. Интилишим ўз натижасини берди.

Мусобақалар натижасига кўра, энг кўп медаль жамғариб, биринчи ўринни эгаллаган Тошкент шаҳри жамоаси бош мукофот - Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Баркамол авлод - 2017" спорт ўйинлари қатнашчиларига йўллаган табригининг асл нусхаси ва Президент совғаси - "Damas" автомобили билан тақдирланди.

Умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллаган Андижон вилояти ва учинчи поғонадан жой олган Самарқанд вилояти жамоаларига Президент совғаси - "Damas" автомобиллари топширилди. Вилоятимиз вакиллари эса 138 очко жамғариб, 11-ўрин билан чекланишди.

Маълумот ўрнида келтириб ўтамиз, "Баркамол авлод" спорт мусобақалари бошланган 2001 йилдан буён вилоятимиз жамоаси қайд этган энг яхши кўрсаткич 8-ўрин бўлиб қолмоқда. Бу натижага 2005 йилда эришилган. Қолган мусобақаларда эса 10-ўриндан юқорига ўтилгани йўқ. Хусусан, 2001 ва 2008 йилги баҳсларда 14 та жамоа ичида энг охирги ўрин эгалланган бўлса, 2011 йилда 11-, 2014 йилда 10- ва 2017 йилда яна 11-ўрин қўлга киритилмоқда. Бу ушбу мусобақаларга тайёргарлик жараёнига ҳам жиддий эътибор қаратиш, селекция ишларини тўғри йўлга қўйиш ва малакали мураббийларни жалб этиш лозимлигини кўрсатади.

Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган мусобақанинг ёпилиш маросимида иштирокчилар "Қашқадарёда кўришгунча!" дея хайрлашишди. Дарҳақиқат, 2020 йилда бўлиб ўтадиган "Баркамол авлод" спорт мусобақаларининг финал босқичига вилоятимиз мезбонлик қилади. Умид қиламизки, ўз уйимиздаги мусобақага спортчиларимиз, мураббийларимиз қаттиқроқ тайёргарлик кўришади ва совринли ўринлардан бирини қўлга киритамиз.

 Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар