"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 апрель, сешанба.

“НАСАФ” УЧУН ҚУЛАЙ ТУР

Спорт
Tipografiya

Футбол

“НАСАФ” УЧУН ҚУЛАЙ ТУР

Бугун ва эртага Ўзбекистон миллий чемпионати – Олий лига ўйинларининг 22-тур учрашувлари давом эттирилади. Тур доирасида вилоятимиз жамоалари ҳам ўз ўйинларини ўтказади.

Жумладан, бугун Ғузорнинг “Шўртан” клуби Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасини ўз майдонида қабул қилса, эртага “Машъал” “Бухоро” футболчилари билан Муборакда куч синашади. “Насаф” эса Тошкентга сафар уюштиради. “Аждарлар”нинг бу галги рақиби мусобақа аутсайдери  -  пойтахтнинг “Обод” жамоаси.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, “Насаф” ўтган турда мусобақа пешқадами – Тошкентнинг “Локомотив” жамоасини ўз майдонида қабул қилиб, 2:0 ҳисобида зафар қучган эди. Бу ғалабадан сўнг жамоа турнир жадвалида 3-ўринга кўтарилиб олди. Шунингдек, “Насаф”нинг бир поғона юқорилашига “Машъал”нинг Қўқондан ғалаба билан қайтиши ҳам ёрдам берганди. Аҳамиятли томони, бу сафар ҳам муборакликлар “Насаф” учун худди шу кўринишда ўзига хос ёрдам тақдим этиши мумкин. Яъни, 35 очко билан турнир жадвалида иккинчи ўринда бораётган “Бухоро” Муборакдан очкосиз қайтса, шу билан бирга “Насаф”нинг ўзи Тошкентда ғалаба қайд этса, жамоа иккинчи ўринга кўтарилиб олади. Яна бир муҳим томони, “аждарлар”ни кетма-кет таъқиб этиб келаётган жамоаларни бу сафар осон бўлмаган ўйинлар кутиб турибди. Масалан, “Пахтакор” клуби “Локомотив” билан куч синашса,  “Бунёдкор” Самарқандда  “Динамо” меҳмони бўлади. “Қўқон-1912” жамоаси эса “Металлург” майдонида тўп суриши керак.

Демакки, 22-тур “Насаф” учун ҳар томонлама қулай тақвимни туҳфа этмоқда. Бундан унумли фойдаланиб, чемпионлик учун курашда имкониятини янада ошириб олиш эртага футболчиларимиз кўрсатадиган ўйинга  боғлиқ.

Ж.ҚИЛИЧЕВ