"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 апрель, сешанба.

“ҲАММАНИНГ НАРХИ БОР, ФАҚАТ ЯШИН БЕБАҲО”

Спорт
Tipografiya

Футбол юлдузлари

“ҲАММАНИНГ НАРХИ БОР, ФАҚАТ ЯШИН БЕБАҲО”

Одатда футболда ҳужумчилар, дарвозага тўп киритадиган ўйинчилар кўпроқ машҳурликка эришади. Омма эътиборида асосан улар бўлади. Бироқ шундай дарвозабонлар ҳам борки, айнан улар жамоанинг асосий фигураси саналади. Ўзининг ишончли ҳаракатлари билан шерикларини олдинга боришга чорлай олади. Ҳар жиҳатдан жамоа ўйинини қовуштириб, ҳимоячиларни тартибли ҳаракатланишга чорлаб туради. Ана шундай буюк давозабонлардан бири собиқ иттифоқ терма жамоаси ва Москванинг “Динамо” клуби шарафини ҳимоя қилган афсонавий посбон Лев Яшиндир.

БОЛАЛИК

Лев Яшин 1929 йилнинг 22 октябрь санасида Москванинг Богородское туманида истиқомат қилувчи оддий ишчилар - Иван Петрович ва Анна Петровна оиласида таваллуд топади. Унинг ёшлик йиллари Иккинчи  жаҳон уруши даврига тўғри келди ва минглаб оилалар бошига тушган мусибатдан Левнинг оиласи ҳам четда қолмади. 1941 йилда уларнинг оиласи эвакуация қилинади. Лев 5-синфни тамомлагач, слесарга шогирд тушади ва заводда ишлай бошлайди. 12 ёшли бола соат бешда турар, кун бўйи меҳнат қилар, ишдан чарчаб қайтганига қарамай, кечқурун тенгдош болалар билан футбол ўйнарди. Чунки футболни яхши кўрар ва барча чарчоқларини футбол майдонида чиқарарди. Футболга бўлган ана шу муҳаббат унинг келажакда етук дарвозабон бўлиб етишиши учун замин ҳозирлаган бўлса, не ажаб.

ОМАД ОСОНЛИК БИЛАН КЕЛМАЙДИ

Унинг биринчи мураббийи Аркадий Чернишев бўлади ва айнан у Яшинни дарвозабон бўлишга кўндиради. Аммо Яшин дарвозабон сифатида ўзининг буюк муваффақиятларига осонлик билан эришмади. Бир неча маротаба ҳаммасига қўл силтаб, футболни тарк этган вақтлари ҳам бўлди. Шармандали хатога йўл қўйиб, йиллаб ўзини кечиролмай юрган даврларни ҳам бошидан ўтказди.

Масалан, Левнинг илк ўйини жуда қизиқ кечганди. Ўшанда “Динамо” (Москва) назорат учрашувларининг бирини Сталинграднинг “Трактор” жамоасига қарши ўтказади. “Трактор” дарвозабони қаттиқ зарба билан тўпни ўйинга киритади ва ўша куни динамочилар дарвозасини қўриқлаган Яшин уни ушлайман, деб ҳимоячи билан тўқнашиб кетади, тўп эса тўғри дарвозага бориб киради!!!

Тасаввур қилинг, Левнинг дарвозасини рақиб жамоанинг дарвозабони ишғол этаяпти…

Орадан бир йил ўтиб муҳим учрашувда Яшин Хомичнинг ўрнига иккинчи бўлимда майдонга тушади. Ҳаяжондан оёқлари қалтирай бошлаган дарвозабон яна ҳимоячи билан тўқнашиб кетади ва “Спартак” (Москва) ҳужумчиси Паршин ҳисобни тенглаштиради.

Уч йилдан сўнг, ҳали ҳам захирада ўтирган Яшин Тбилисининг “Динамо”сига қарши учрашувда майдонга тушади. У ўйинга тушаётганда ҳисоб 4:1 эди ва москваликлар ғалаба қозонаётганди. Буни қарангки, Левнинг тушиши билан ҳисоб қисқа вақт мобайнида 4:4 га айланади.

Муваффақиятсизликлардан зериккан Лев футболни тарк этади ва хоккей ўйнай бошлайди. Ҳатто хоккей жамоаси сафида собиқ иттифоқ кубогини қўлга киритади.

Лекин барибир футболдан бир умрга воз кечиб кета олмайди.  Футболга қайтади ва ўз устида тинимсиз тер тўкади.  Бора-бора бу меҳнатлар ўз самарасини кўрсатди. Лев Яшин 50-йилларнинг энг яхши дарвозабонига айланди. Унинг ажойиб ва ишончли ҳаракатлари эвазига 1956 йилги Олимпиада ва 1960 йилги Европа чемпионати олтин медаллари қўлга киритилди. Аммо 1962 йилда Чилида ўтган жаҳон чемпионатидан сўнг у яна  футболни тарк этди. Аниқроғи, кўпчилик ундан кетишни талаб қила бошлади. Бунинг сабаби ўша жаҳон чемпионатида журналистларнинг мағлубиятлар бош сабабчиси сифатида айнан Яшинни тилга олишлари эди.

ЮЛДУЗ БАРИБИР ПОРЛАЙДИ

1963 йилнинг кузида Левни Англия ва жаҳон терма жамоаси ўртасидаги учрашувга таклиф қиладилар. У пайтларда бундай ўйинлар жуда кам ташкил қилинар, аммо ниҳоятда жиддий ўтарди. Пушкаш, Копа, Эйсебио каби юлдузлар билан бир қаторда майдонга тушган Яшин “Уэмбли”да ўзининг қандай кучга эга эканлигини яққол намоён этади. Инглизлар Яшин дарвозасининг қайси бурчагини нишонга олмасин, тўпга фақат Яшин эга чиқади. 

Ўша учрашувдан кейин инглизларнинг ечиниш хонасига кирган журналистларнинг ёзишича, ўзининг босиқлиги ва салобати билан ном қозонган Англия терма жамоаси ҳужумчиси Жимми Гривз ҳам ўзини тута олмай мураббийга:

- Бу қанақаси? Уларнинг дарвозасида гўёки иблис турганга ўхшайди, унга гол уришнинг умуман иложи йўқ, - деб тутақиб кетганди.

Ўша ўйиндан сўнг Яшин яна футболга қайтди. Тўғрироғи, унинг “Уэмбли”даги ўйинидан сўнг “Динамо” ҳам, мамлакат терма жамоаси ҳам Яшинни қучоқ очиб кутиб олишга тайёр эдилар. Ана шундан сўнг Яшиннинг юлдузлик онлари бошланди.

 У “Динамо” таркибида мамлакат чемпиони бўлди ва яна иккита жаҳон чемпионатида қатнашди. У ўзининг “қуруқ ўйинлари” сонини юзтага етказган мамлакатдаги дастлабки дарвозабон бўлди. Бу борада у умумий кўрсаткичини 207 тага етказди ва фақат Ринат Дасаевгина 80-йиллар охирида бу рекордни янгилашга муваффақ бўлди (237 ўйин).

“ОЛТИН ТЎП”ЛИ ДАРВОЗАБОН

1963 йилда Лев “Олтин тўп” соҳиби бўлди ва у ҳамон дарвозабонлар ичида ягона “Олтин тўп” соҳибилигича қолмоқда. Ушбу соврин таъсисчиси “Франс футбол” журнали бош муҳаррири М.Юрбини у ҳақида шундай деганди:

- Мен жуда кўп ажойиб дарвозабонларни кўрдим. Аммо Яшин уларнинг барчасини ортда қолдирди ва қолдиришда давом этаяпти. Мен уни айнан дарвозабоннинг идеал қиёфасини чизиб бериш учун дунёга келгандек тасаввур қиламан. У - афсона. У қўлқоп остидаги сеҳрли қўл. Унинг борлиги дўстларга ишонч бағишлайди ва душманларни издан чиқаради.

Ўша даврларда Яшиннинг ўйинларини кузатган футбол мутахассисларидан бири шундай деган эди: “Футболда фақат битта дарвозабон бор, у ҳам бўлса Яшиндир. Қолганлар эса дарвоза қўриқчилари холос”. Жанубий Америкада нашр этиладиган яна бир журнал эса собиқ иттифоқ терма жамоасининг барча ўйинчиларини нархлаб чиқади. Унинг охирги сатрларида шундай сўзлар бор эди: “…Месхи - 50 миллион песо, Метревели - 50 миллион песо, Яшин – бебаҳо”.

Ҳа, Яшин ўз даврининг бебаҳо дарвозабонига айланди. Кўпчилик унинг тенгсиз қобилияти ҳақида гапирарди. Аммо унинг муваффақиятлари асосида фақат ва фақат меҳнат, тинимсиз машғулотлар ётарди.

ПЕЛЕНИНГ ЭЪТИРОФИ

Лев Яшин ўз фаолиятининг юксак чўққисига чиққан паллаларда шундай ҳаракат қилардики, рақиб ҳужумчилари унинг дарвозасига тўпни осонлик билан киритиш мумкинлигига умуман ишонишмасди. Шу боис ҳам кўпинча Левнинг “ҳудуди”га яқинлашгач, хато қилмаслик учун пайт пойлар ва оқибатда тўпни йўқотишарди. Бу ҳақда Пеле ўзининг китобида шундай хотирлайди: “Гарринча, Загало, Диди каби техник футболчиларга қарши ҳаракат қилган рус футболчилари анча довдираб қолгандилар. Ҳимояда бўшлиқлар юзага кела бошлади. Аммо буларнинг барчасини дарвозабон ёпганди. У доим ҳаракатда бўлар, дам ўнгга, дам чапга, баъзида эса олдинга югурарди, тўпни эгаллаб оларди. Хуллас, бурчак тўпи амалга ошириладиган худуддан то нариги тарафгача ҳамма зонани у назорат қилар ва рақиб дарвозасига уюштирмоқчи бўлган барча ҳаракатларимизни чилпарчин қиларди”. Футбол қироли ўзининг яна бир эътирофида эса Яшинга шундай таъриф беради: “Замонасининг энг ёрқин дарвозабони бўлган Яшиннинг маҳоратини ниҳоятда қадрлайман. У футбол тарихида нафақат буюк  ижрочи, балки ўта қийин бўлган дарвозабонлик соҳасига жуда кўп янгиликлар кирита олган ижодкор сифатида из қолдирган”.

ФУТБОЛ БИЛАН ХАЙРЛАШУВ

1972 йилда Лев катта футбол билан хайрлашди. Унинг хайрлашув матчи “Динамо” (Москва) ва жаҳон терма жамоаси ўртасида кечди. Ҳатто ўша куни - унинг барча хатолари кечириладиган оқшомда ҳам у Яшинлигича қолди. Қанчалик ҳаракат қилмасин, Мексикадаги жаҳон чемпионати қаҳрамонларидан бири Герд Мюллер ҳам уни доғда қолдира олмади.

- Наҳотки, Яшин футболдан кетса? - ҳаяжонини яширмаганди Мюллер, - бу бўлиши мумкин эмас. Бунга ишонишим қийин, чунки у ҳали ҳам ажойиб!

Лев Яшин футболни тарк этгач, яна 18 йил ҳаёт кечирди ва 1990 йилнинг 20 март куни вафот этди.

Манбалар асосида ҲУМОЮН тайёрлади.