"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 июль, душанба.

ҚАРШИДА ИСПАНИЯЛИК МУТАХАССИС ИШ БОШЛАШИ МУМКИН

Спорт
Tipografiya

Футбол

ҚАРШИДА ИСПАНИЯЛИК МУТАХАССИС ИШ БОШЛАШИ МУМКИН

Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбарияти мамлакатимизда футболни ривожлантириш борасида бир қанча ишларни амалга оширмоқда. Бу борада энг асосий эътибор юртимизда болалар футболини юксалтиришга қаратилган. Хусусан, ЎФФ томонидан илгари сурилаётган янги лойиҳага кўра,  болалар билан машғулотларни янги услубда, Европа андазаларига мос равишда ўтказиш ва шу йўл орқали юқори савияли футболчиларни тайёрлаш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳа доирасида вилоятлар тўрт ҳудудга бўлинади.

Унга кўра, биринчи ҳудуддан қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятлари жой олади. Марказ – Нукус шаҳри. Иккинчи ҳудуддан эса Навоий, Самарқанд, Сурхондарё ва қашқадарё вилоятлари ўрин эгаллайди. Марказ - Қарши шаҳри. Шунингдек, маркази Марғилон бўлган учинчи гуруҳдан водийнинг уч вилояти жой олган бўлса, Сирдарё, Жиззах, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри тўртинчи гуруҳга бириктирилган. Бу ҳудуднинг маркази Тошкент шаҳри бўлади. 

Ушбу ҳудудларнинг ҳар бирига бир нафардан хорижлик мутахассис жалб этилади. Улар ҳудудларда болалар футболи мураббийлари ва селекционерлар билан иш олиб боради.  Испаниялик мутахассис Кико Зунига эса маркази қарши шаҳри бўлган иккинчи ҳудудда болалар футболини ривожлантиришга масъул бўлади.

Вилоят футбол федерациясида юртимизга куни кеча етиб келган мазкур мутахассис Кико Зунига билан учрашув бўлиб ўтди. Унда турли таълим муассасаларида фаолият юритаётган футбол мураббийлари, Ўзбекистон футбол федерацияси мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Учрашувда Кико иштирокчилар билан Европада болалар футболи, у ердаги ёш истеъдодлар билан ишлаш тизими, шунингдек, ўзининг иш дастури, режалари хусусида суҳбатқурди.

Ўзбекистон футбол федерацияси техник директори Шавкат Имомовнинг маълумот беришича, ҳали мутахассис шунчаки бу ердаги мавжуд шарт-шароитлар, футбол мактабларининг инфратузилмаси, мураббийларнинг иш услублари ва шу каби жиҳатлар билан яқиндан танишиши учун таклиф этилган. Қачонки биздаги шарт-шароитларни ўзи кўриб, бу ерда болалар футболини сезиларли даражада ривожлантиришга ёрдам бера олишига ишончи комил бўлса, шунингдек, унинг ЎФФга тақдим этган иш дастури ўрганиб чиқилиб, маъқул топилсагина Кико билан лойиҳа доирасида шартнома имзоланади. Йўқса яна бошқа мутахассис танланиши мумкин.

Маълумот ўрнида келтириб ўтамиз, Кико Зунига 1962 йил Испанияда таваллуд топган. Футболчи сифатида “Реал Сосьедад” клуби сафида тўп суриб, “Copa del Rey” совринини қўлга киритган. Мураббийлик фаолияти давомида эса Мадриднинг “Атлетико” жамоасининг U-13 ва U-14 жамоаларини бошқарган. Шунингдек, Кико Зунига “Реал Мадрид” жамоасининг Хитойда жойлашган академиясида ҳам фаолият юритган.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратда: Кико Зунига

 

Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган сурат.