"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

25 мaй, жума.

ИСПАН МУТАХАССИСИ ҚАРШИДА ИШ БОШЛАДИ

Спорт
Tipografiya

Футбол

ИСПАН МУТАХАССИСИ ҚАРШИДА ИШ БОШЛАДИ

Испаниялик таниқли футбол мутахассиси Кико Зунига вилоятимизда ишлаш учун номзод сифатида таклиф этилгани, у тақдим этган дастур Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти томонидан кўриб чиқилаётганлиги ҳақида аввал хабар бергандик. Музокаралар томонларнинг келишувга эришиши билан якунланди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси расмий сайти маълум қилмоқда.

Эндиликда Кико Қашқадарё билан бир қаторда, Сурхондарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги футбол мактаблари фаолиятини ривожлантириш,  машғулотлар олиб бориш, мураббийлар малакасини ошириш каби ишлар билан шуғулланади. Бундан ташқари, ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларининг бош мураббийларига ҳудуддаги селекционер мураббий сифатида ҳам ўз ёрдамини беради ва ЎФА томонидан ўтказиладиган ўқув семинарларида ўз дастурлари билан чиқиш қилиб боради.

- Мен аввало ҳудудларни ўрганиб чиқишим керак, - дейди мутахассис. - Болаларнинг футболга талпинаётганликларини кўриб турибман. Ўзбекистонга шунчаки ишлагани келмадим. Агар терма жамоангиз Қатарда бўлиб ўтадиган мундиал йўлланмасини қўлга киритса, мен ҳам шу лойиҳада иштирок этган киши сифатида ишимдан қаноат ҳосил қилган бўламан. Акс ҳолда ўз ишимни қониқарсиз баҳолайман. Воҳада ишга киришдим. Бироз вақт ўтгач ўз дастуримни амалга оширишни бошлайман.

Кико Зунига 1962 йил Испанияда таваллуд топган. Футболчи сифатида "Реал Сосьедад" клуби сафида тўп суриб, "Copa del Rey" совринини қўлга киритган. Мураббийлик фаолияти давомида эса Мадриднинг "Атлетико" клуби U-13 ва U-14 жамоаларини бошқарган. Шунингдек, Кико Зунига Мадриднинг "Реал" жамоаси қошидаги Хитой академиясида ҳам фаолият юритган.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ