"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

17 август, жума.

МУНДИАЛЬ ТАРИХИДАГИ ЭНГ МАШҲУР ВОҚЕАЛАР

Спорт
Tipografiya

Футбол

МУНДИАЛЬ ТАРИХИДАГИ ЭНГ МАШҲУР ВОҚЕАЛАР

Футбол бўйича Россия яшил майдонларида  ўтадиган навбатдаги жаҳон чемпионатига ҳам саноқли кунлар қолди. Бутун дунёдаги миллионлар ўйини ишқибозлари орзиқиб кутаётган турнир олдидан мундиаль тарихида юз берган энг қизиқарли ҳолатлар ҳақида маълумотлар тўпладик.

Қизил ва сариҚ карточкалар ихтироси

Футбол ўйинидаги қизил ва сариқ карточкалар 1966 йилда Англияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидан сўнг ихтиро қилинган. Мазкур чемпионат чорак финалида Англия - Аргентина жамоалари "Уэмбли" стадионида тўқнаш келади. 

Ярим финал йўлланмаси учун кечган баҳс ҳар иккала жамоа учун жуда муҳим эди. Вазиятлардан бирида аргентиналиклар сардори Антонио Раттин бош ҳакамга ташланади. Сўнг бу ҳолат яна бир неча бор такрорланади. У бунгача ҳакам томонидан огоҳлантирилганди. Навбатдаги огоҳлантиришдан сўнг учрашув ҳаками Рудольф Крейтлин Раттинни ўйиндан четлатади ва майдонни тарк этишини талаб қилади. Аргентиналик футболчи эса ўзини ҳакамнинг гапини тушунмаётгандек кўрсатиб, ўйинни давом эттираверади.

Шу пайт майдонга трибунада ўтирган англиялик, испан тилини биладиган Эштон фамилияли ҳакам чиқиб келади ва Раттинга унинг четлатилганини айтиб, майдонни тарк этиши лозимлигини тушунтиради.

Ўша ҳакам ўйин тугагач, ўз машинасида уйга қайтаётганида светофордаги сариқ ва қизил чироқларни кўриб, миясига ажойиб фикр келади. Футболдаги сариқ ва қизил карточкалар айнан шундан кейин пайдо бўлади!

Шайхнинг Ҳакамга босими

Мундиаль тарихидаги энг ҳайратомуз воқеалардан яна бири 1982 йил Испания майдонларида, Қувайт ва Франция термалари иштирокидаги учрашувда содир бўлган.

Ўйин якунига етишига 15 дақиқа қолганида Қувайт шундоқ ҳам 1:3 ҳисобида ютқазаётганди. Ана шундай вазиятда франциялик футболчи Ален Жиресс шеригидан тўпни қабул қилиб, тезликда жарима майдончасига ёриб киради ва жамоасининг тўртинчи голини уради. Собиқ иттифоқдан бўлган ҳакам Мирослав Ступар эса ишонч билан майдон марказини кўрсатади. Шунда араб футболчилари норозилик билдиришиб, Жиресс тўпни қабул қилган пайтда ўйиндан ташқари ҳолат юз бергани ва ҳакам ҳуштагини эшитган ҳимоячилар тўхтаб қолишганини таъкидлашади. Қайсар Ступарни эса футболчиларнинг далиллари қониқтирмас ва у майдон марказини кўрсатишда давом этарди.

Шу вақт трибунадан Қувайт шайхи Фахид ал-Аҳмад ас-Сабоҳ майдонга тушиб келиб, ҳакамга ультиматум қўйди: ё у голни бекор қилади, ёки футболчилар майдонни ташлаб чиқиб кетишади.

Вазият чигаллашиб кетишидан чўчиган ҳакам бир муддат боши гангигандан сўнг голни бекор қилади. Кўп ўтмай французлар барибир яна битта гол киритди ва ўйин - 1:4 ҳисоби билан якунланди.

Ступарнинг хатоси эса қимматга тушди. ФИФА уни халқаро ўйинлардан четлаштирди. Кейинчалик унинг айтишича, Жиресс тўпни қабул қилган пайтда ҳақиқатан ҳам трибунадан кимдир ҳуштак чалган ва Қувайт футболчилари бир муддат тўхтаб қолишган. Ступар эса ўйин давом этади, деб бақирган, бироқ, кеч эди. Кейин у ҳакамлиги учун жазоланган бўлса-да, ўзининг тўғри иш қилганига ишонишини таъкидлаган.

Марадонанинг машҲур голи

1986 йилда Мексика яшил майдонларида бўлиб ўтган жаҳон чемпионати ўзининг бир қатор жиҳатлари билан қизиқарли воқеаларга бой бўлди.  Мазкур чемпионат аслида Колумбияда ўтказилиши лозим эди. Бироқ бу мамлакатда юзага келган иқтисодий инқироз туфайли 1983 йил мезбон номи ўзгартирилди. 1970 йилги мундиалга мезбонлик қилган Мексика яна бир бор шундай имкониятни қўлга киритди. Ушбу чемпионат Марадонанинг футбол оламида порлаши ва ҳакамларнинг бир қатор хатолари билан ёдда қолди.

Чорак финалда Аргентина - Англия жуфтлиги ўзаро рўбарў келди. Фолькленд ороллари можароси туфайли бир-бири билан юзкўрмас бўлган икки давлат вакиллари яшил майдонда ҳақиқий жангга киришди.

Таблода 0:0 ҳисоби турган бир пайтда "кичкинтой аргентиналик" қўли билан дарвозага тўп киритди. Вазиятни кўрмай қолган ҳакам голни инобатга олди ва майдон марказини кўрсатди.

Футбол тарихидаги энг айёрона голдан сўнг тўрт дақиқа ўтиб, яна ўша Марадона Англия термасининг ярмини алдаб ўтиб, энг чиройли голини ҳам урди. Унинг ушбу тўплари Аргентинага 2:1 ҳисобида ғалаба келтирди, жамоа "яшил майдондаги уруш"ни ютди.

Хатоси туфайли вафот этган футболчи

Футбол тарихидаги аянчли фожиалардан бири 1994 йилги жаҳон чемпионатида Колумбия термаси  АҚШга мағлуб бўлганидан сўнг юз берган.

22 июнь куни Лос-Анжелес шаҳридаги улкан стадионда АҚШ - Колумбия учрашуви бўлиб ўтади. Стадионга ташриф буюрган 93 минг томошабиннинг аксарияти Колумбия термасининг мухлислари эди.

Вазиятлардан бирида Колумбия жамоаси ҳимоячиси Андрес Эскобар тўсатдан ўз дарвозасини нишонга олди. Бу ўша йилги жаҳон чемпионатидаги биринчи ва ягона автоголь эди. Танаффусдан сўнг америкаликлар яна бир бор рақиб дарвозасини ишғол этишди ва шу тариқа ғалаба қозонди.

Чемпионат якунланмасданоқ Андерс жамоадошлари билан ўз юртига қайтиб борган эди. Бу ерда эса Умберто Кастро исмли шахс унга суиқасд қилади. Жиноятчи Эскобарнинг юрагига ўндан ошиқ ўқ узган.

Аслида жамоанинг мағлубиятига ёлғиз Андерс айбдор эмасди. У йўл қўйган хато ҳар қандай футболчи билан содир бўлиши мумкин. Шу боис аввалига Андерсдан нолиётган мухлислар унинг ўлими ҳақида эшитиб, энди қайғуга ботишди. Футболчининг дафн маросимини ҳукумат ўтказиб берди. Андерс билан хайрлашув маросимида 120 мингдан зиёд киши қатнашди. Полиция бошқа футболчиларнинг ҳимоясини кучайтирди ва қотилни қўлга олди. Текширувлардан сўнг жиноят сабаби аниқланади. Қотил ноқонуний гаровга катта пул тикиб, футболчининг айби билан ютқазиб қўйган эди.

Зиданнинг "калла"си

Франция тирик афсонаси - Зинедин Зидан Германияда бўлиб ўтган 2006 йилги жаҳон чемпионатининг финал баҳсида Италия терма жамоаси ўйинчиси Марко Матераццига қўполлик ишлатгани учун майдондан четлатилади. Шундан сўнг у катта футболдаги фаолиятига ҳам якун ясади.

Зидан ўша мундиалда Францияни финалга олиб чиқди ва пенальтидан Буффонга гол киритди.

Бу жаҳон чемпионатларида пенальтидан урилган энг ғаройиб гол номини олди. Ўйин дуранг билан давом этаётган эди. Қўшимча таймда французлар сардори италиялик Марко Матераццининг провокациясига учиб, унга боши билан зарба берди ва қизил карточка олиб майдонни тарк этди.

Зидансиз французлар пенальтилар сериясида мағлуб бўлди.

Кейинчалик Зиданнинг таъкидлашича, ўша вақтда Матерацци унга ҳақоратомуз гап айтган ва футбол юлдузи бунга чидаб туролмаган.

Суареснинг алам ва севинч кЎз ёшлари

2010 йилда Жанубий Африка республикаси яшил майдонларида бўлиб ўтган мундиалда Уругвай терма жамоаси ҳужумчиси Луис Суарес ҳам антиқаҳрамон, ҳам қаҳрамонга айланди.

Ўшанда Уругвай ва Гана терма жамоалари ярим финалга чиқиш учун кураш олиб бораётганди. Дастлабки икки таймда кучлар тенг келгач, қўшимча таймлар белгиланди. Овертаймнинг энг сўнгига келиб "қора қитъа" вакиллари олдинга ташланишди.

Ошириб берилган бурчак тўпидан сўнг тўп Уругвай жарима майдони ичида "типирчилаб қолди" - зарба кетидан зарба ёғилаверди.

Вазиятлардан бирида ҳимояга ёрдам бераётган Суарес тўпни дарвоза чизиғидан тиззаси билан чиқариб юборди, бироқ тўп яна ганалик футболчига келиб тушди. Яна зарба... Бу сафар тўпнинг дарвозага кириши аниқ бўлган бир вазиятда Суарес уни очиқчасига қўллари билан қайтариб қолди.

Ўйин тўхтатилди. Суареснинг боши узра қизил карточка порлади. Уругвай дарвозаси томон пенальти белгиланди.

Ўйиндан четлатилган Суарес кўз ёшларини тўхтата олмас, бошини футболкаси ичига тиқиб олганича майдондан чиқиб борар, қулоқлари эса ганалик футбол мухлисларининг ҳайқириғидан ларзага келарди. У жамоасини муқаррар мағлубиятдан қутқарди, лекин пенальти… Уругвайда жавоб голи уришга вақт ҳам қолмаган эди.

Луис кийиниш хонасига етмасидан туриб стадион бир муддат сукутга чўмди. Сўнгра бирданига атрофни уругвайлик футбол мухлисларининг овози тутиб кетди.  Бу вақтда чемпионатдаги барча пенальтиларни бехато амалга оширган Асaмоа зарбасидан кейин тўп дарвоза тўсинига теккан ва ганалик мухлислар умидсизлик гирдобига шўнғиб кетишган эди. Хаёлан чемпионатни тарк этиб улгурган уругвайликлар ўйинда қолди, боягина йиғлаб ўйингоҳни тарк этаётган Суареснинг кўзларидан эса энди севинч ёшлари ёғиларди.

Омад ўша кеча тўла-тўкис жанубий америкаликлар тарафида бўлдики, улар пенальтилар сериясида ҳам ғалаба қозонди.

ЖАҲОНГИР тайёрлади.