"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 июль, душанба.

ЁШ ФУТБОЛЧИЛАР КУЧ СИНАШДИ

Спорт
Tipografiya

Мусобақа

ЁШ ФУТБОЛЧИЛАР КУЧ СИНАШДИ

1-4 май кунлари Қарши шаҳридаги “Геолог” спорт мажмуасида умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида футбол бўйича «Чарм тўп» мусобақасининг минтақавий босқичи бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур мусобақа Ўзбекистон футбол ассоциацияси ташаббуси билан жорий этилган бўлиб, унда мактаб ўқувчилари 5-6, 7-8 ва 9-10-синф тоифаларида иштирок этиши белгиланган. Тақвим режасига кўра, мусобақа туман (шаҳар), вилоят, минтақавий ва республика миқёсида ўтказилади. Шунга мувофиқ, Қарши шаҳрида ўтказилган минтақавий босқичда Навоий, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ўқувчилари иштирок этди.

- Турнирга Навоий вилоятидан фақат 5-6 синф ўқувчиларидан иборат битта жамоа келган бўлса, Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларидан белгиланган барча синф тоифаларидаги учтадан жамоа қатнашди, - дейди вилоят футбол федерацияси мутахассиси Асрор Хўжаев. – Баҳслар жуда қизиқарли ва курашларга бой бўлди. Мураббийлар, мутахассислар янги иқтидорларни кузатиб боришди.

5-6-синфлар ўртасидаги баҳсларда қашқадарёлик ўқувчилар навоийлик ёшларни, сурхондарёликлар эса самарқандлик тенгдошларини ишончли мағлуб этиб, финалга чиқишди. Ҳал қилувчи баҳсда эса сурхондарёлик ўқувчилар 1-3 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақанинг республика босқичи йўлланмасини қўлга киритди.

7-8-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган мусобақаларда ҳам финалга ушбу икки вилоят жамоалари чиқишди. Ниҳоятда қизиқарли кечган ўйинда ғолиб номи пеналтилар сериясида аниқ бўлди. Ўзига хос футбол лотереясида вилоятимиз вакиллари ғалаба қозонди ва мусобақанинг республика босқичида иштирок этадиган бўлди.

Қашқадарё ва Самарқанд вилояти ўқувчилари рўбарў келган 9-10-синфлар ўртасидаги финал ҳам пеналтилар сериясига қадар етиб борди. Бу баҳсда самарқандлик ёшлар ғалаба қозониб, кейинги босқичда иштирок этадиган бўлишди.

Маълумотларга кўра, мусобақанинг республика босқичи 15-18 май кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Унда Қарши, Жиззах, Фарғона ҳамда Урганч шаҳарларида ўтказилган ҳудудий босқич ғолиблари майдонга тушади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратда: мусобақадан лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.