"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 сентябрь, жума.

ЁШ КАРТИНГЧИЛАР БЕЛЛАШДИ

Спорт
Tipografiya

Мусобақа

ЁШ КАРТИНГЧИЛАР БЕЛЛАШДИ

Китоб туманида Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти вилоят бўлими томонидан картинг спорт тури бўйича вилоят биринчилиги мусобақаси ўтказилди.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, сўнгги йилларда мамлакатимизда ушбу спорт тури ҳам жадал ривожланиб бормоқда. Хусусан, "Ватанпарвар" ташкилоти ҳудудий бўлимлари тасарруфидаги ўқув-спорт техника клубларида кўплаб ёшлар картинг билан мунтазам шуғулланаяпти. Ушбу йўналишда ташкил этилаётган турли мусобақалар эса спортчилар ўз имкониятларини синовдан ўтказиши, мураббийларнинг терма жамоаларга муносиб номзодларни саралашида муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Бу галги мусобақа учта ёш тоифаси бўйича - 9-13, 14-17 ҳамда 18 ва ундан катта ёшдагилар ўртасида ташкил этилди.

Қизғин ва муросасиз кечган баҳслардан сўнг 9-13 ёшгача бўлган болалар ўртасида 1-ўрин Муборак тумани вакили Азизбек Қувончевга насиб этди. 14-17 ёшли спортчилар ўртасида эса касбилик Жавоҳир Жононов шоҳсупага кўтарилди. Катта ёшдаги спортчилар ўртасида мубораклик Фарруҳ Муродовга тенг келадиган рақиб топилмади.

Шунингдек, мусобақада жамоавий ғолиблар ҳам аниқланди. Бу борада Китоб тумани ўқув-спорт техника клуби 1-ўрини қўлга киритган бўлса, Касби тумани ёш спортчилари 2-ўриндан жой олди. Учинчи ўрин эса Муборак тумани ўқув-спорт техника клубига насиб этди.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ж.ҚИЛИЧЕВ

Суратда: мусобақадан лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.