"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 июнь, пайшанба.

МУНДИАЛ ТАРИХИДАГИ ЁРҚИН ҚАЙДЛАР

Спорт
Tipografiya

Футбол

МУНДИАЛ ТАРИХИДАГИ ЁРҚИН ҚАЙДЛАР

Яна саноқли кунлардан сўнг, аниқроғи 14 июндан  футбол бўйича навбатдаги (XXI) Жаҳон чемпионати бошланади. Бир ой давомида Россия яшил майдонларида бўлиб ўтадиган мусобақада янги-янги номлар порлаши, иқтидорлар кашф этилиши, қайсидир рекордлар янгиланиши мумкин. Бунга қадар эса мундиал тарихига битилган энг ёрқин рекордларни ёдга оламиз.

ЭНГ КЎП ЎЙИН БОШҚАРГАН ҲАКАМ

Бежизга ҳакамлардан бошламадик. Чунки, айни вақтда футбол бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатлари тарихида энг кўп ўйин бошқарган ҳакам бизнинг юртдошимиз - Равшан Эрматов ҳисобланади ва бу ҳар биримизга юксак ғурур бағишлайди.

У 2010 йилда Жанубий Африка республикаси мезбонлик қилган  жаҳон чемпионатидаги иштироки  билан дунёга танилган эди. Қатъий позицияга эга, ўйинни олдиндан ўқий биладиган ва учта тилда мукаммал сўзлаша оладиган Равшан Эрматовга ушбу  мундиалда энг кўп - 5 та ўйин бош ҳакамлиги ишониб топширилганди. 

2014 йилда Бразилияда ўтган Жаҳон чемпионатига Равшан Эрматов тажрибали ҳакам сифатида ташриф буюрди. Ундаги гуруҳ баҳсларида Швейцария - Эквадор, Хорватия - Мексика, АҚШ - Германия учрашувларини юқори даражада бошқарган ҳакамимизга чорак финалда Голландия ҳамда Коста-Рика терма жамоалари ўртасида кечган учрашув бош ҳакамлиги ҳам топширилди. Ушбу ўйин Равшан Эрматовнинг жаҳон чемпионатларида бошқарган тўққизинчи баҳси  бўлди ва бу борада у мутлақ рекорд ўрнатди. Чунки шу вақтга қадар ҳеч бир ҳакам мундиаллар доирасидаги 8 тадан кўп ўйинни  бошқармаган эди. 

Қувонарли томони, Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар  бригадаси бу йилги мундиалга ҳам таклиф этилган ва улар айни вақтда Россияда бўлиб туришибди. Демак, рекордни янада  мустаҳкамлаш учун унда имконият катта.

ЭНГ КЎП ИШТИРОК ЭТГАН ЖАМОА

Жаҳон чемпионатларида энг кўп иштирок этган жамоа  - Бразилия термаси ҳисобланади. Пентакампеонлар  1930 йилдан буён ўтказиб келинаётган барча мундиаллар иштирокчиси бўлган. Шунингдек, мамлакат икки маротаба ушбу халқаро мусобақага мезбонлик қилган: 1950 ҳамда 2014 йилларда чемпионат айнан шу юртда бўлиб ўтганди. Қизиғи, "сариқ-яшил"лар ўзлари мезбонлик қилган иккита мундиалда ҳам зафар қуча олишмаган.

ЭНГ КЎП ИШТИРОК ЭТГАН ФУТБОЛЧИ

Мундиалда энг кўп иштирок этиш бўйича рекорд икки нафар футболчига тегишли:  немис футболи афсонаси Лотар Маттеус ҳамда мексикалик Антонио Карбахал бешта жаҳон чемпионатида тўп сурган.

Лотар Маттеус 1982, 1986, 1990, 1994, 1998 йилларда бўлиб ўтган тўрт йилликнинг энг муҳим турнирида иштирок этган бўлса, Антонио Карбахал 1950, 1954, 1958, 1962 ҳамда 1966 йиллардаги мундиалларда Мексика терма жамоаси дарвозасини қўриқлаган.

ЭНГ СОВРИНДОР ЖАМОА

Жаҳон чемпионатлари тарихида энг кўп соврин ютиш  бўйича рекорд ҳам шак-шубҳасиз Бразилия терма жамоасига тегишли. Улар  1958, 1962, 1970, 1994 ҳамда 2002 йилларда жаҳон кубогини боши узра баланд кўтаришган. Шунингдек, яна икки маротабадан кумуш ва бронза медалларига эга чиқишган.

Бош совринлар борасида иккинчи ўрин Германия терма жамоасига тегишли. "Немис машинаси" шу вақтга қадар 4 маротаба жаҳон чемпионати олтин медалларига эга чиққан. Совринларнинг умумий сонига кўра эса улар Бразилияни ҳам ортда қолдиради. Чунки немисларда мундиалнинг 4 та кумуш ва 4 та бронза медаллари ҳам бор.

ЭНГ СОВРИНДОР ФУТБОЛЧИ

Жаҳон чемпионати кубогини ёлғиз бир футболчи - Пелегина уч маротаба қўлга киритган. У 1958, 1962, 1970 йилларда Бразилия терма жамоаси сафида чемпион бўлган.

Бундан ташқари, жаҳон чемпионати кубогини қўлга киритган энг ёш футболчи мақоми ҳам Пелега тегишли. У 1958 йилда Швеция яшил майдонларида бўлиб ўтган мундиалда бош совринни қўлга киритганида ҳали 17 ёшда эди.

ЭНГ КЎП ГОЛ УРГАН ФУТБОЛЧИ

Жаҳон чемпионатларида энг кўп гол урган футболчи Германия терма жамоаси аъзоси Мирослав Клозе бўлади. Айтиш жоизки, ушбу немис фуқароси 20 ёшида ҳам қурилишда ғишт терувчи бўлиб ишларди. 21 ёшида эса профессионал футболга қизиқиб, Бундеслиганинг бешинчи дивизионидаги "Кайзерслаутерн"нинг иккинчи жамоасига бориб қўшилган. Ўша вақтларда у устачилик билан спортдаги фаолиятини бирваракайига олиб борарди. Шунга қарамай, бир мавсумда 11 гол киритишнинг уддасидан чиққан. Ушбу ҳужумчи учун рақиб дарвозасига тўп киритиш худди ғишт теришдек осон юмуш эди гўё. Буни қарангки, вақт ўтиб Клозе жаҳон чемпионати финал босқичларининг энг яхши  тўпурарига ҳам айланди. У 2002, 2006, 2010, 2014 йилларда бўлиб ўтган мундиалларда 24 маротаба майдонга тушиб, 16 та гол уришга эришган.

Шунингдек, Клозе Жаҳон чемпионатининг биттадан олтин ва кумуш ҳамда иккита бронза медалларини раcмийлаштириб қўйишга ҳам улгурган.

Тўпурарлик борасида иккинчи ўрин эса ҳозирча  Бразилиялик Роналдога тегишли бўлиб турибди. У учта Жаҳон чемпионатида 19 маротаба майдонга тушиб, 15 та голни ўз номига ёзиб қўйдиришга эришган.

ЭНГ ЧИРОЙЛИ ГОЛ

Жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг чиройли гол борасида футбол мухлислари, мутахассислар ва журналистлар ўртасида жуда кўп мунозаралар юради. Бу мақомга лойиқ бўлган голлар ҳам талайгина.

Бироқ яқинда бутун дунё футбол ишқибозлари орасида ўтказилган сўровномада 1986 йилда Мексика яшил майдонларида ўтган жаҳон чемпионатида мезбонлар терма жамоаси яримҳимоячиси Мануэл Негретенинг Болгария терма жамоаси дарвозасига урган голи барча мундиалларнинг энг чиройли голи деб топилди.

Мануэл ўша вақтда рақиб жарима майдони ичида, ҳимоячилар қуршовида турган бўлишига қарамай, жамоадошлари узатган тўпни ажойиб акробатик ҳаракат билан дарвозага тўғри йўллаган эди.

Сўровнома натижаларига кўра, бразилиялик Эдернинг ЖЧ-1982 да СССР термаси дарвозасига узоқ масофадан урган голи иккинчи ўринни эгаллади.

ЭНГ ТЕЗКОР ГОЛ

Мундиал тарихидаги энг тезкор гол 2002 йилги мусобақада киритилган. Ўшанда Туркия термаси ҳужумчиси Ҳоқон Шукур Жанубий Корея терма жамоаси дарвозасини 11 сониядаёқ ишғол этган эди.

Бу ҳақда батафсилроқ тўхталсак, Япония билан биргаликда турнирга мезбонлик қилаётган Жанубий Корея футболчилари 3-ўрин учун  баҳсда мундиални юқори кайфиятда ўтказаётган Туркия термасига рўбарў келади. Қизиқарли ўйин бошланиши биланоқ Ҳоқон Шукур корейслар дарвозасига тўп киритиб, стадионни сукутга чўмдириб қўяди (мухлисларнинг асосий қисми Корея жамоаси мухлислари эди).

Якунда ҳам Туркия футболчилари 2:3 ҳисобида ғалаба қозониб мундиалда       3-ўринни эгаллайди. Жанубий Корея эса 4-ўринда қолади. Бу ҳанузга қадар ҳар икки терма жамоа ўз тарихида қўлга киритган энг яхши натижа бўлиб турибди.

ҲАМ ФУТБОЛЧИ, ҲАМ МУРАББИЙ СИФАТИДАГИ ЧЕМПИОНЛАР

Икки нафар шахс ҳам футболчи сифатида, ҳам мураббий сифатида жаҳон чемпионлигини қўлга киритиб, бу борада ўзига хос рекорд ўрнатган. Улардан бири германиялик Франц Беккенбауер бўлса, иккинчиси бразилиялик Марио Загаллодир.

Франц Беккенбауер Германия терма жамоаси сафида футболчи сифатида 1966 йилда жаҳон чемпионатининг кумуш, 1970 йилда бронза, 1974 йилда эса олтин медалини қўлга киритган бўлса, 1990 йилда Италия мезбонлик қилган мундиалда ўз мамлакати терма жамоасини бош мураббий сифатида майдонга бошлаб тушиб, якунда кубокни олиб қайтган.

Бразилиялик Марио Загалло эса 1958 ва 1962 йилги  мундиалларда терма жамоаси сафида футболчи сифатида зафар қучган. 1970 йилда эса Бразилия футболчилари айнан унинг қўли остида учинчи маротаба сайёрамизда тенгсиз эканликларини исботлашганди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ тайёрлади.