"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

17 июль, сешанба.

ЧЕККА ҲУДУДДА АЁЛЛАР УЧУН ФИТНЕС КЛУБИ

Спорт
Tipografiya

Спорт – саломатлик гарови

ЧЕККА ҲУДУДДА АЁЛЛАР УЧУН ФИТНЕС КЛУБИ

Бугун чекка ҳудудларда ҳам замонавий спорт мажмуалари, спорт-соғломлаштириш марказлари сони кўпайиб  бормоқда. Бу аҳоли, шу билан биргаликда хотин-қизларнинг ҳам спорт билан шуғулланиб, ўз саломатликларини мустаҳкамлаб боришлари учун етарли шарт-шароитни юзага келтираяпти. Эътиборли томони, мана шундай мажмуаларнинг кўпчилиги тадбиркорлар томонидан барпо этилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

Яқинда Яккабоғ туманининг Янгиобод маҳалласида ҳам якка тартибдаги тадбиркор Гуландом Қурбонованинг саъй-ҳаракатлари самарасида фақат аёллар учун мўлжалланган замонавий фитнес клуби фаолият бошлади.

- Ёшлигимдан спортга қизиқаман, - дейди тадбиркор. – Лекин ўша вақтларда ҳудудимизда хотин-қизлар учун алоҳида спорт заллари йўқ эди. Кейинчалик Тошкент шаҳрида олийгоҳда ўқидим, ўқиш билан биргаликда фитнес клубга ҳам қатнаб, спорт билан шуғулланардим. Ўқишни тамомлаб, туманимиздаги касб-ҳунар коллежларидан бирида инглиз тили ўқитувчиси бўлиб иш бошладим. Шу билан биргаликда, ҳудудимизда замонавий аёллар фитнес клубини ташкил этишни ҳам мақсад қилгандим. Бу фикримни оилам, яқинларим ҳам қўллаб-қувватлашди ва уларнинг ёрдами билан мана шу клубни ишга туширдик. Тошкент шаҳридаги фитнес марказларидан бирининг мутахассисларини таклиф этиб, ҳамкорликда аёлларнинг қоматини тиклашга, саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган махсус машқ дастурларини ишлаб чиқдик.

Марказда айни вақтда 20 дан ошиқ хотин-қизлар спорт билан шуғулланмоқда. Улар орасида ўқувчи қизлардан тортиб, нафақадаги аёллар ҳам бор.

Ж.ҚИЛИЧЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.