"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 июнь, шанба.

ҚАРШИДА ПРОФЕССИОНАЛ БОКС КЕЧАСИ

Спорт
Tipografiya

ҚАРШИДА ПРОФЕССИОНАЛ БОКС КЕЧАСИ

"Геолог" маданият ва спорт-соғломлаштириш марказидаги аренада мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган профессионал бокс кечаси ташкил этилди.

Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси ва вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган кечада жами 9 та жанг ўтказилди, унда юртимиз чарм қўлқоп усталаридан ташқари, Қозоғистон, Грузия ва  Туркманистондан спортчилар рингга кўтарилди.

Тадбир аввалида бокс кечаси иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини ёд этиб, ҳурмат бажо келтирди.

Бокс оқшомини вилоят ҳокими ўринбосари Ғайрат Жовлиев ва Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси раиси биринчи ўринбосари Муҳаммадқодир  Абдуллаев кириш сўзи билан очиб, барча спортчиларга омад тилашди.

Даставвал, 4 раундли 7 та рейтинг жанги ўтказилиб, уларда рингга кўтарилган вилоятимиз вакилларидан Темур Абдуллаев сурхондарёлик Алибек Муродовдан, Улуғбек Холов туркманистонлик Жасур Бердиғофуровдан устун келган бўлса, яна бир қашқадарёлик спортчи Дилшод Зайниев андижонлик     Достон Турдиевга имкониятни бой берди.

- Шуни алоҳида айтишим керакки, сўнгги йилларда Қашқадарё вилоятида спортнинг бокс тури жадаллик билан ривожланиб бормоқда, - дейди Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси бош директори Набижон Исманов. - Буни Қарши шаҳрида профессионал бокс бўйича ўтказилган рейтинг жанглари ҳам кўрсатиб турибди. Ўз навбатида, бугунгидек бокс кечалари    вилоятда унинг янада оммалашишига хизмат қилади.

Шундан сўнг чемпионлик камари учун саккиз раунддан иборат иккита жанг бўлиб ўтди. Уларнинг бирида ҳамюртимиз Жамшид Нажмиддинов рақиби Мансур  Абдумаматовни муддатидан аввал техник нокаут эвазига мағлуб этди. Иккинчи чемпионлик жангида эса қашқадарёлик Феруз Йўлдошев грузиялик Михаил Солононки билан баҳс олиб борди ва катта устунлик билан ғалабани қўлга киритди.

Таъкидлаш жоиз, иккала жанг ҳам ABCA йўналиши бўйича Осиё чемпионлиги камари учун кечди.

Азизбек НОРОВ

Суратларда: бокс кечасидан лавҳалар.