"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТЛАРИГА ҚАБУЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Таълим
Tipografiya

Таълим

ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТЛАРИГА ҚАБУЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Маълумки, айни кунларда республикамиздаги барча олий ўқув юртларига 2017-2018 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш жараёнлари бошланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар МаҳкамасинингОлий таълим муассасаларига кириш тест синовларига тайёргарлик жараёни оптималлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарорига кўра, жорий йилда бу борада айрим янгиликлар бўлди.

Бу ўзгаришларнинг биринчиси шуки, энди олий таълим муассасаларига ҳужжат қабул қилиш доимгидек 20 июндан эмас, балки 15 июндан бошланиши белгиланди ва қабул жараёнлари то 15 июлга қадар давом этади. Яна бир ўзгариш ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган абитуриентлар учун бериладиган имтиёз билан боғлиқ. Яъни эндиликда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган фуқаролар барча йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича олий таълим муассасаларига киришда тест синовлари натижаларига кўра, тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўладилар.

Янги ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул ҳам жорий этилди. Президентимизнинг “2017-2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги қарорига кўра, тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабулни амалга ошириш учун квота миқдори таълим муассасасининг мавжуд имкониятлари ва таълим йўналишларидан келиб чиққан ҳолда Давлат комиссияси томонидан белгиланади. Бундай қўшимча қабул ўтиш баллини тўплай олмаган абитуриентларга тўплаган баллига мувофиқ (68 баллдан кам бўлмаган) кетма-кетлик тартиби қатъий сақланган ҳолда, уларнинг оширилган тўлов-контракт пулини тўлай олиш имкониятидан келиб чиқиб амалга оширилади.

Шунингдек, Президентимизнинг жорий йил 5 майда қабул қилинган қарорига кўра, республикамиздаги нуфузли олий ўқув юртларига ҳудудлар кесимида қабул ўринлари ҳам белгиланди. Унга кўра, Тошкент тиббиёт академиясида 20 та, Тошкент педиатрия тиббиёт институтида 30 та, Бухоро давлат тиббиёт институтида 10 та, Самарқанд давлат тиббиёт институтида 56 та, Тошкент давлат стоматология институтида 6 та ўринни вилоятимиз ёшлари банд қилади.

Вилоятимизда фаолият юритаётган олий ўқув юртларига 2017-2018 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш жараёни ҳам 15 июндан бошланди.

- Қарши давлат университетининг бакалаврлик йўналишларига жорий ўқув йили учун жами 1400 нафар талаба ўқишга қабул қилиниши кўзда тутилган, - дейди университет қабул комиссияси масъул котиби Шаҳобиддин Нуриддинов. – Шундан 390 нафари давлат гранти, 1010 нафари эса тўлов-контракт асосида таълим олади. Магистратура босқичига эса жами 52 нафар талаба ўқишга қабул қилинади. Уларнинг 15 нафари давлат гранти, 37 нафари эса тўлов-контракт асосида ўқийди.

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида эса жорий ўқув йилида бакалавр босқичининг 25 йўналишида жами 1800 нафар абитуриент талаба номига сазовор бўлади. Улардан 580 нафари давлат гранти, 1220 нафари эса тўлов-контракт асосида таҳсил олиши кўзда тутилган.

- Жорий ўқув йилида институтимизда 10 та таълим йўналиши бўйича 51 нафар магистр ҳам ўқишга қабул қилинади, - дейди мазкур таълим масканининг қабул комиссияси масъул котиби Ёқуб Каримов. – Уларнинг 21 нафарини давлат гранти, 30 нафарини эса тўлов-контракт бўйича ўқийдиганлар ташкил этади.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалида 2017-2018 ўқув йилида ўқишга қабул қилинадиган бакалаврлар сони 270 нафарни ташкил қилади. Бу талабаларнинг 75 нафари давлат гранти асосида таълим олса, 195 йигит-қиз тўлов-контракт асосида ўқиши белгиланган.

Х.ҚИЛИЧЕВА

 

Собир НАРЗИЕВ олган сурат